Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
Россия Давлат думаси депутати, «Справедливая Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги фуқароларни Россия армиясида хизмат қилмасликка чақиргани сабабли Ўзбекистон билан виза режимини жорий қилиш лозимлигини айтди.
«Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларини Россия армияси сафларига қўшилмасликка чақирди. Нега улар сизни оналик учун суюнчи пулини олмасликка ундамади? Бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкин, лекин сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин эмас. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай «фуқаролар» бизга керак эмас», деб ёзган Миронов Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Ўзбекистон жамоатчилиги россиялик депутатнинг охирги сўзларига муносабат билдирди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров унга жавобида «ўзбеклар ҳаққини одам ўлдириб эмас, меҳнат қилиб топиши»ни таъкидлаган.
«Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари ва неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам Ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардагидек муқаддас бурч ҳисоблайдилар», деган Алишер Қодиров.
Олий Мажлис депутати, «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов консуллик фуқароларни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилишини табиий ва адолатли, деб атади ва бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини қайд этди.
«Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир», дейди Бобур Бекмуродов.
Депутат Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартноманинг 7-моддасида «...бир томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўрадилар», деб ёзилганини эслатди.
«Бизда қонунлар ишлайди. Сизларда ҳам шундай бўлиши керак, ўртоқ Миронов», деди Бобур Бекмуродов.
Ҳолатга экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ҳам муносабат билдирган.
«Ўзбекистон дипломатик идораси Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган нормаларни ўз фуқароларига эслатгани учун Россиядан виза режими жорий этиш таҳдиди янграётгани, Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзларига қарам давлат сифатида кўришини англатмоқда.
Афсуски, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда», деди у.
«Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлаётган рус фуқароларини Ўзбекистон манфаати учун қаергадир урушга жўнатганида Россия дипломатик ваколатхоналари индамай туришармиди?» дея савол қўяди Кушербаев.
Шунингдек, у Ўзбекистонда ҳам қарши томонга нисбатан худди шундай виза режими жорий этиш имконияти борлигини унутмаслик кераклигини қайд этган.
«Менимча, Ўзбекистон учун номақбул шахслар рўйхатига Захаровадан сўнг ким киритилиши кераклиги кўпчиликка тушунарли бўлган бўлса керак», дея қўшимча қилди Кушербаев.
- Бундан олдинроқ, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси фуқароликдан чиқаришга доир президент фармони қабул қилингунга қадар, ўзбекистонликларнинг хорижий давлат фуқаролиги эътироф этилмаслигини билдирганди. Дипломатик ваколатхона юртдошларни уруш тарғиботларига берилмасликка чақириб, Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган барча фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирганди.
- Сергей Миронов аввалроқ Марказий Осиёдан келган мигрантларга Россия фуқаролигини беришга вақтинчалик мораторий киритишни таклиф қилгани ҳам шов-шув бўлганди. У бу орқали Россия миллий хавфсизлик соҳасидаги ўз манфаатларини ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
17:01 / 15.12.2024
Барча коммунал хизматлар бир пакетга бирлаштирилиши мумкин
16:10 / 03.12.2024
Қайси депутат қандай овоз бергани очиқ бўлиши керак — Бобур Бекмуродов
21:04 / 02.12.2024
“Суверенитетга таҳдид бўлса, бу рўйхатни албатта ишлатамиз” — Бобур Бекмуродов номақбул шахслар ҳақида
18:21 / 11.11.2024