Жаҳон | 12:37 / 08.11.2024
4450
2 дақиқада ўқилади

Пуэрто-Рико аҳолиси яна бир бор АҚШ таркибига қўшилиш учун овоз берди

Орол аҳолисининг аксарият қисми Америка фуқаролигига эга, аммо улар президент сайловларида иштирок эта олмайди.

Фото: Global Look Press

Пуэрто-Рико оролининг мақоми бўйича ўтказилган референдумда аҳолининг кўпчилиги АҚШга 51-штат сифатида қўшилишни ёқлаб овоз берди. Бу ҳақда маҳаллий Nuevo Dia газетаси хабар қилди.

Хабарга кўра, овозларнинг 91,35 фоизи саналгандан сўнг, овоз берганларнинг 56,82 фоизи Америкага қўшилишни, 30,85 фоизи орол мустақиллигини, 12,33 фоизи эса кенгайтирилган мухтор бошқарувни қўллаб-қувватлагани маълум бўлди.

1898 йилдан бери эркин ассоциацияланган давлат бўлиб келаётган Пуэрто-Рико АҚШ бошқаруви остида, аҳолисининг аксарият қисми Америка фуқаролигига эга. Шунга қарамай, пуэрто-риколиклар президент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

АҚШ оролнинг мақоми бўйича референдум натижаларини инобатга олишга мажбур эмас. Оролнинг АҚШ таркибига кириши масаласини конгресс ҳал қилади.

Аввал ҳам Пуэрто-Рикода оролнинг мақоми масаласи бир неча маротаба кўтарилган. 2012 йил ноябрда ўтказилган референдумда 65 фоиз аҳоли АҚШ таркибига қўшилишни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, АҚШ конгресси бу қарорни маъқулламаган. Ушбу масала бўйича 2017 йилги референдумда овоз берувчиларнинг 97 фоизи, 2020 йилда ўтказилган референдумда эса 52 фоизи оролнинг АҚШга қўшилишини қўллаб-қувватлаган.

Мавзуга оид