Жамият | 19:00 / 25.12.2024
6650
5 дақиқада ўқилади

“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер

Саноқли ойлар ичида, қамал қилинган ҳудудда яшовчи болаларнинг 17 мингдан ортиғи ўлдирилди... “Демократия ва инсон ҳуқуқлари қўрғони” бўлмиш Ғарбнинг қўллови ва қуроли билан.

Иккинчи жаҳон урушидан олинган шок “инсон ҳуқуқлари”, “адолат ва тенглик” шиорлари юзага келишига омил бўлганди. Бироқ бу шиорлар миллионлаб оддий одамлар томонидан самимий қабул қилинган бўлса-да, дунё сиёсий элитаси учун улар чиройли парда бўлганини, ортида бошқа ниятлар яширинганини билиб қолдик.

Биз – уруш кўрмаган ўрта ва ёш авлод бирмунча адолатли, тартибли, низомларга бўйсўнадиган дунё моделини онгимизга сингдирган эканмиз. Бироқ бу дунё модели сароб эканини, бизни “ухлатиб”, ўша – “адолатли дунё”ни “тушимизда” кўрсатишаётганини, “Матрица” киносидаги каби воқеликда яшаётганимизни пайқаб қолдик.

Файласуфлар инсонлар цивилизацияси ўсмирлик давридан ўтди, улғайди деб тушунтирган эди бизга, шуни эшитиб катта бўлдик. “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди, энди инсон қадрини эъзоз этган ҳолда яшаймиз” шиорлари Иккинчи жаҳон урушидан олинган шокдан кейин пайдо бўлган маънавий бўшлиқни тўлдирган эди.

Ҳа, шундан кейин ҳам урушлар бўлди, қонлар тўкилди, бироқ буларнинг ҳаммаси қаердадир узоқда юз бераётган майда ишлар бўлиб кўринар эди, барибир низомлар-у қоидалар ишлаб турибди-ку деган ҳис ғолиб эди.

Бироқ мана бир йилдирки, юз бериб турган ишлар ҳаммасини остин-устин қилиб юборди. Бутун дунё кўз ўнгида саноқли ойларда 14 минг ёш бола ўлдирилгани ва бу – дунё кучлиларининг – ўша, “биз энди инсонни азиз қилиб яшаймиз” деганларнинг қўллови, қуроли билан қилинаётгани – дунё ҳақида билганларимизнинг ҳаммаси ёлғон эканини кўрсатиб қўйди!

Бедодлик кўлами инсонийлигини йўқотмаган ҳар кимнинг дунё тузилиши ҳақидаги тасаввурини ўзгартириб юборди.

Матрица” бузилди!..

Энди аниқ бўляптики, Иккинчи жаҳон урушида ғолиб келганлар дунёни бўлиб олгандан кейин айтган – “инсон ҳуқуқлари, адолат, тенглик” деган шиорлари шунчаки инсониятни тинчлантириш учун айтилган... ёлғон бўлган.

Ҳа, бу шиорлар инсониятга кўплаб фойда келтирди, оддий одамлар орасида эзгу туйғуларни уйғотди, дунё бўйлаб минглаб яхшиликка хизмат қилувчи катта-ю кичик ташкилотлар, инсонларнинг бирлашмалари тузилди.

Бироқ ушбу дунё низомини қўлида ушлаб турганлар учун бу шиорлар заррача қадрга эга эмаслиги аён бўлиб қолди. Бўлмаса, шунча ёш бола уларнинг қуроли ва раҳнамолиги билан ўлдирилармиди?

Биз билган дунё сароб эканини, тушимизда бизга кўрсатилиб келинган... ёлғон эканини тушуниб қолдик. Бу ёлғон бизни бўйсўндириш, рамкалар ичида тутиб туриш, осон бошқариш учун тўқилган эди.

Энди нима бўлади?

Ўзига хос матрица ичида яшаётганимиз маълум бўлди. Миллионлаб руҳи соғлом одамларнинг кўзи очила бошлади.

Бўлаётган ишлардан ҳайратга тушган одамлар, ҳар ким ўз жойида норозилигини билдира бошлади. Ўнлаб халқаро ташкилотлар, ҳуқуқий бирлашмалар ҳолатни ўрганиб, Ғазо секторида геноцид – қатлиом юз бераётганини билдиришди.

Тарихда бўлмаган иш содир бўлди – Халқаро жиноят суди дунёнинг энг катта куч маркази бўлмиш АҚШнинг қўллови остида бўлиб келган Исроил бош вазирини ҳибс этиш учун... ордер берди!

Ялта-Подстам тизими демонтаж бўлиш арафасида, Европа энди ўз йўлини ўзи белгилайдиган дунё бўсағасида турибмиз, бу эса умуман бошқа манзара.

Дунё энди аввалги эмас...

Эскиси сароб экан – янгисини яратиш керак бўляпти. Ёлғончилар одамлар маънавий устунларсиз яшай олмаслигини билиб, шиорларни ўртага ташлашган эди. Ўша шиорлар устига ўз салтанатини қуришган эди. Энди у салтанат қулаяпти, зеро ўзлари у шиорларга ишонишмас эди.

Янги дунёни қуриш – ёш авлоднинг вазифаси. Матрицадан чиқиб кетиб, ҳақиқий, маънавий устунларга суянган дунё биносини айнан янги авлод қуради.

Шокир Шарипов,
журналист

Мавзуга оид