Ўзбекистон | 20:43 / 09.11.2024
10327
6 дақиқада ўқилади

Информатика фани ўқитувчилари ҳам аттестация имтиҳонидан норози

Kun.uz’га мурожаат қилган бир гуруҳ ўқитувчилар онлайн имтиҳон кеч бошлангани, тизимда қотишлар юзага келгани ва саволлар ўта мураккаб тузилганини айтмоқда. «Вақт тўхтаб турибди, дейишди, лекин орқа томонимизда вақт ўтиб борарди. Шу даражада стрессга тушдимки, ҳатто саволларни ўқишга улгурмай белгиладим», – дейди педагоглардан бири. Аввалроқ физика фани ўқитувчилари билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. 

Фото: Pexels

Бу йил 29 октябр куни янги тартиб асосида информатика фанидан ўтказилган аттестация имтиҳонларидан қатор ўқитувчилар норози бўлиб мурожаат қилишмоқда. Хусусан, Kun.uzʼга Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё вилоятларидан бир қанча эътироз хатлари келиб тушди. 

Қайд этилишича, жойларда бўлиб ўтган тест синовларида тизимларда қотишлар, саволларда мураккабликлар юзага келган. Таҳририят қуйида педагоглардан юборилган мурожаатларни келтиради. 

“Ҳаммасини батафсил ёзмоқчиман, шунда аҳволимизни тушунасизлар. 29 октябр куни эрта тонгдан тест бўладиган бинога етиб келдик, минг ҳаяжон билан назоратлардан ўтиб, компютер ёнига ўтирдик. Лекин назоратчилар “ЖШШР рақамларингизни термай туринглар”, деди. 30 дақиқалардан кейин нафасим қисилишни бошлади.

Яна 30 дақиқадан кейин чидай олмадим, хонада на бир устозлар учун сув бор, на бир ташқарига чиққани қўйишади. Охири мазам бўлмаганини кўриб рухсат беришди, лекин тестдан ҳалиям дарак йўқ эди. Тоза ҳавога чиқиб келдик, соат 11 ларга яқинлашди, “тест ишлаб кетди” деган хабар келди, яна кирдик, тест очилди. 3 та саволни ишладимми ёки йўқ, экранда“четлаштирилдингиз” деган ёзув пайдо бўлди, бу миямизни яна бир босимга туширди, сўнгра назоратчилар 15 дақиқалардан кейин очиб беришди. [Бу ҳолат] яна такрорланди, яна экран блокланди. Битта менда эмас, бутун хонадаги ўқитувчиларда бўлди”, – дейди ўқитувчи. 

“Вақт тўхтаб турибди” дейишди, лекин орқа томонимизда вақт ўтиб борарди. Шу даражада стрессга тушдимки, ҳатто саволларни ўқишга улгурмай белгиладим. Шунча тайёргарлик кўриб, меҳнат қилганимиз йўққа чиқди. 1-тоифага топширгандим, 66 балл билан йиқилдим. Бундай вазиятга 1-марта тушдим, 1-марта устоз бўлганимдан жуда афсусландим, бу қадар қадримиз паст бўлмаса. Уйга келсам қон босимим 150, ёшим 30 да. Менда умуман қон босими йўқ эди. Мана аҳвол, ҳақиқатан ҳам бу туришда ўқитувчиларни мажруҳ қилиб қўйишаркан”, – дейди яна бир педагог. 

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги мактабларнинг биридан ёзган яна бир ўқитувчи ҳам тест саволлари вақт нисбати билан мослаб тузилмаганини таъкидлаган. 

“Бизга соат 8:00 да дейилганди, соат 11:00 да бошланди. [Кейин] “тизим ишлади” деб киритишди. Ишлашни бошлагандим, битта ечаман, тизим қотиб қолди, бу ҳолат бир неча марта такрорланди. Бизга имкон беришсин, Қайта тест топширайлик, вақтини узайтириб беринглар”, – дейди яна бир педагог.

“Имтиҳон жараёнида техник носозликлар кузатилди. Саволлар ичида Россиянинг EГЭ сайтидан олинган тест саволлари ҳам берилган экан. Аммо фойдаланилган адабиётлар рўйхатида бу кўрсатилмаганди. Деярли кўпчилик имтиҳондан салбий натижага эришди. Кўпчилик саволларда мужмалликлар бор эди. Мисолларни ечиш учун ҳам вақт етмади. Калкулятордан фойдаланиш имкони бўлса ҳам натижа чиққунча ҳисоб-китобга улгуриш қийин бўлган мисоллар анчагина эди. Аттестация синови материалларини қайта кўриб чиқиш керак ва ўқитувчини руҳан синдиришдан узоқлашиш чораларини кўришсин”, – дейди мурожаат қилганлардан бири. 

Навоий шаҳридан ёзган яна бир мактаб ходими ҳам худди шу эътирозни билдирган. 

“Бўлиб ўтган аттестация жараёнидан норозиман, тестлар жуда мураккаб тузилган, вақтга тўғри келмайди, саволлар рус адабиётидаги EГЭ деб номланган китобдан олинган. Тест вақтида компютерим қотиб қолди, кузатувчи келиб очиб бергунча вақтим кетди, илтимос,информатика фанидан аттестациянинг қайта олинишига ёрдам беришингизни сўрайман, саволларни берилган адабиётлардан олишсин”, – дейди у.

Имтиҳонларнинг кеч бошлангани юзасидан 4 ноябр куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг матбуот котиби Дилфуза Собирова ўзининг телеграм каналида расмий муносабат билдирган. Унга кўра, тест жараёнига ўқитувчиларнинг ўзлари кечикиб келиши кузатилган. 

“Аммо баъзи иштирокчиларнинг белгиланган вақтда эмас, балки жараёнлар бошланишидан бир неча соат аввал тест ўтказиладиган жойга келишаётгани кузатилмоқда. Бу эса педагогларнинг маълум вақт кутиб қолишига ёки кутиш хоналаридаги жойларнинг етишмовчилигига сабаб бўлмоқда”, – дейилади хабарда. 

Изоҳда саволларнинг мураккаб экани, уни ишлашда вақт инобатга олинмагани ҳақидаги шикоятлар борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz физика фани ўқитувчилари билан ҳам шундай муаммо юзага келгани ҳақида ёзганди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эътирозларига раддия билдириб, ҳар бир ўқитувчининг масаласи индивидуал ҳал қилинишини айтганди. 

Аммо ҳозирча бу борада айнан нималар қилингани, педагоглар билан учрашилдими ёки йўқ, номаълум.

Маълумот учун, 2023 йилнинг декабрида Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагогларига малака тоифалари беришнинг янги тартиби белгиланиб, 2024 йилнинг 1 январидан жорий қилинганди. 

Унга кўра, малака тоифасини олиш бўйича синовлар бир йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. 

Маълумотларга кўра, аттестацияда тушадиган саволлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан тузилган.

Ўқитувчиларнинг маошини белгилашда мана шу малака тоифалари ҳам муҳим рол ўйнайди, шунга қараб уларнинг ойлиги кўпроқ ёки камроқ чиқарилади.

Мавзуга оид