Бир гуруҳ физика фани ўқитувчилари 31 октябрда ўтказилган аттестация имтиҳонида тушган саволлардан норози бўлиб, Kun.uz'га мурожаат қилди. Турли ҳудудлардан таҳририятга ёзган педагоглар бу йилги саволлар жуда мураккаб бўлганини, кўрсатилган адабиётлардан тузилмаганини айтмоқда.

31 октабр куни ҳамма вилоятларда физика фанидан аттестация имтиҳони бўлиб ўтди. Республика физика гурухлар каналида деярли ҳамма физика фан ўкитувчилари Мактаб вазирлигидан норози. Бизга кўрсатилган адабиётлардан саволлар тузиб, аттестация жарайонини кайта ўтказиб берилишини сўраймиз”,– дейди шахсини очиқлашни истамаган ўқитувчилардан бири.

Навоий вилояти Хатирчи туманидан мурожаат қилган яна бир ўқитувчи имтиҳондан 80 балл олганини, берилган масалаларда илдиздан чиқариб бўлмайдиган иррационал сонлар тушганини айтмоқда.

Биз шунча нарсани ўқиганимиз учун қийналиб олган бўлсак, оддий ўқитувчилар қандай олишсин? Қани адабиётлар рўйхатидан фойдаланилгани, қани мактаб дарсликлари типидаги масалалар, қани Ўлмасова, қани Ғаниев китоблари типидаги масалалар?

Масалаларни ҳисоблашга анча вақт кетиб қолди. Устига-устак ноқулай, илдиздан чиқмайдиган иррационал сонлар. Кейин жуда кўп масалада илдиздан чиқмайдиган сонлар танланган. Экранда турган калкуляторда эса илдиз чиқариш функцияси йўқ. Илдиз чиқариш қоидаси ҳам бор. Аммо бу усул анча вақт олиб қўяди.

Мен очиғи бугунги аттестация саволларидан қониқмадим, баҳорда топширганимда бугунгидек қийналмаган эдим. Кейин саволлар нега чиқиб кетган? Нега коррупция урчиган? Нега устозларнинг устидан кулишяпти? Нега уларни йиқитиб мазах қилишяпти? Уларни айби нима? Нега уларни фанидан совутяпсизлар?

Ахир, улар тестдан ўтолмаса раҳбарияти, ўқувчиларининг олдида қанчалик мулзам бўлишини, қўли ишга бормаслигини ўйлаб кўрдингларми?” – деди у.

Ўқитувчнинг қўшимча қилишича, педагоглар бундай ҳолат юзасидан аввал ҳам аттестация саволларини тузувчиларга сўров юборишган, аммо жавоб хати келмаган.

Фарғона вилояти Бешариқ туманидан ёзган яна бир физика, математика ўқитувчиси эса аттестация саволлари Эрон адабиётларидан тўғридан-тўғри таржима қилинганини билдирди.

Манба сифатида Эрон адабиётларидан фойдаланилган ва илмий хатолар қилинган. Бу нафақат мени, балки бутун физика фани ўқитувчиларининг муоммоси. Шундай манбалардан савол тузилар экан, нима учун бизга шу адабиётлар рўйхати берилмади? Ностандарт саволлар тузилган. Спецификацияда бундай адабиётлар рўйхати мавжуд эмас. Биз қаерга мурожаат қилишни билмай қолдик. Ишонч рақамларига боғлансак, бошқа рақам беришяпти. У рақамга богланиб бўлмаяпти. Сизлардан шу бўйича бизга аттестация жараёнини қайта олинишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”