Иқтисодиёт | 09:55 / 11.12.2024
2425
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ички бозорда 300 минг тоннагача мисни қайта ишлашни мўлжалламоқда

Ўзбекистон ички бозорда йилига 300 минг тоннагача мисни қайта ишлашни режалаштирмоқда. 

Ўзбекистон ички бозорда 300 минг тоннагача мисни қайта ишлашни режалаштирмоқда, шу мақсадда ушбу металлдан маҳсулот ишлаб чиқарувчи кластерлар, технопарклар ва қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон ва Марказий Осиё тоғ-кон саноати» халқаро конгрессида тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов маълум қилди.

Вазир ўринбосари ана шундай лойиҳалардан бири Тошкент вилоятидаги Оҳангарон мис кластери эканини айтди. Унинг негизида яримўтказгичлар, микроэлектрон қисмлар ва юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотларни босқичма-босқич ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳа учун хомашё Олмалиқ кон-металлургия комбинатидан (ОКМК) етказиб бериладиган мис ҳисобланади.

Июнда ОКМК 2031 йилга келиб мис ишлаб чиқаришни сўнгги йиллардаги қарийб 150 минг тоннага нисбатан 500 минг тоннагача ошириш ниятида эканини эълон қилганди. Ушбу даврда корхонани ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар 15 миллиард долларни ташкил этади.

Биринчи босқичда (2021−2025) «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш натижасида катодли мис ишлаб чиқариш 300 минг тоннага кўпайиши кутилмоқда, иккинчи босқичда (2024−2028) — 400 минг тоннагача, учинчи босқичда (2026−2030) — 500 минг тоннагача.

Мавзуга оид