Ўзбекистон | 08:14
2816
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида кўчмас мулк бозорида фаоллик ошди

Ноябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида кўчмас мулк бозорида фаоллик ошиб, бозор яна ўз мавқейини тикламоқда, ҳудудларда сезиларли ўсиш кузатилди. Иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўзгариш йиллик ўсиш 6 фоизга етишини таъминлади, натижада бозорда ижобий тенденция кузатилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига кўра, ноябрда кўчмас мулк бозори ижобий тенденция қайд этди. Олди-сотди шартномалари сони 21,9 мингтани ташкил этиб, октябрга нисбатан 2,5 фоизга ошди.

Шунингдек, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8 фоизга ўсди.

Ноябр ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларида ўсиш Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6 фоиз ва 8,4 фоизга қайд этилди.

Тошкент пойтахт сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини эгаллади, фаоллик 9,3 фоизга ошди.

Бир ой ичида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,3 фоизга ўсиш), ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга ўсиш қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Сурхондарё (18,1 фоиз), Бухоро (11,9 фоиз) ва Қашқадарё (10,2 фоиз) вилоятларида кўтарилган.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилиб, квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида 0,2 фоизга ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди.

Пойтахтнинг Бектемир (4,4 фоиз), Яшнобод (2,4 фоиз) ва Шайхонтоҳур (2,2 фоиз) туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.

Республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2 фоизга ошган бўлса, Тошкент шаҳрида 1,5 фоиз пасайиш кузатилди.

Ноябр ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида турғунлик қайд этилди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июн ойи кўрсаткичига мос келади.

Ноябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июн ойи кўрсаткичига мос келади.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа (14,5 фоиз), Яшнобод (14,3 фоиз) ва Юнусобод (13,8 фоиз) туманларида қайд этилди.

Мавзуга оид