Британия Гуржистон ИИВ раҳбариятига қарши санкциялар киритди
Лондон Гуржистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Вахтанг Гомелаури ва ушбу вазирликнинг яна тўрт вакилига қарши санкциялар эълон қилди. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Гуржистондаги намойишчиларга қарши зўравонликни «шокка туширувчи» деб атади.
Буюк Британия 19 декабр, пайшанба куни Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг беш раҳбарига нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилиши, оммавий ахборот воситаларига босим ва мамлакатдаги тинч намойишларнинг кескин бостирилиши муносабати билан санкциялар жорий этилганини эълон қилди.
Британия ҳукумати сайтидаги баёнотда айтилишича, бу қадам Вашингтон билан келишилган. Чекловлар Гуржистон ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури, унинг ўринбосари Александр Дарахвелидзе, Тбилиси полиция бошқармаси бошлиғи Сулхан Тамазашвили, махсус топшириқлар департаменти директори Звиад Харазишвили ва унинг ўринбосари Милери Лагазаурига тааллуқлидир. Санкциялар Буюк Британияга саёҳат қилишни тақиқлаш, у ердаги активларни музлатиш ва Буюк Британияда иқтисодий фаолиятни амалга оширишни тақиқлашни ўз ичига олади.
Лондон Гуржистондаги норозилик намойишлари бостирилиши ҳақида
«Гуржистон ҳукумати намойишларни, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва мухолифат вакилларини тизимли равишда бостиришни жамоатчилик "Гуржистон орзуси"нинг мамлакатнинг Европа келажаги сари олға силжишини тўхтатиш қарорига қарши чиққанидан сўнг бошлади», — дейилади пресс-релизда. Бу қарор Гуржистон Конституциясининг асосий қоидалари ва "Гуржистон орзуси"нинг Гуржистонни Кремл олдида янада заифроқ қилиш учун қилган сўнгги ҳаракати сифатида кўрилмоқда.
«Намойишчилар, мухолифат етакчилари ва журналистларга қилинган даҳшатли зўравонлик демократия ва Гуржистон халқининг асосий эркинликларини амалга ошириш ҳуқуқига очиқдан-очиқ ҳужумдир», деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми. «Бизнинг бугунги хатти-ҳаракатларимиз Буюк Британия гуржи халқи тарафдори эканлигини кўрсатади. Биз айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш учун барча вариантларни кўриб чиқамиз».
Зурабишвили Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили Европа Иттифоқини полиция тинч намойишчиларни бостираётган бир пайтда мамлакатдаги россияпараст ҳукуматга янги сайловлар ўтказиш учун босим ўтказишга чақирди. Зурабишвили 18 декабр куни Страсбургдаги Европарламент ялпи мажлисида сўзлади.
Сиёсатчи 26 октябрда бўлиб ўтган сайловлар пайтида юзага келган эҳтимолий қонунбузарликларни эслади.
«Бир қатор районлар ва айрим ҳудудларда содир бўлган зўравонликларни шахсан ўзим кўрдим, ички ишлар вазирига (Вахтанг Гомелаури) қўнғироқ қилдим ва у билан боғлана олмадим... У ҳозиргача қайтиб қўнғироқ қилгани йўқ», — деди Зурабишвили.
«Маълум маънода, биз 1921 йилга (Қизил Армия Тбилисига кирган пайт) қайтгандек ҳис қиляпмиз, чунки содир бўлган воқеа такрорланмоқда», деб таъкидлади у.
«Улар (гуржилар) содир бўлаётган воқеаларни ўз эркинлиги, келажаги ва қайсидир маънода мустақиллигидан маҳрум қилиш сифатида қабул қилади», — дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
20:54
Еврокомиссия Гуржистон дипломатлари ва амалдорларини визасиз режимдан маҳрум қилиш таклифини илгари сурди
15:08 / 19.12.2024
Зурабишвили Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
14:54 / 17.12.2024
Сеул РФ ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик учун санкциялар киритди
13:27 / 17.12.2024