Жаҳон | 20:54 / 20.12.2024
495
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Гуржистон дипломатлари ва амалдорларини визасиз режимдан маҳрум қилиш таклифини илгари сурди

Европа комиссияси ЕИ кенгашига гуржистонлик давлат хизматчилари, дипломатлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига соддалаштирилган виза режимини тўхтатишни таклиф қилди.

Мазкур ташаббус Гуржистон ҳукуматининг норозилик намойишчиларига қарши «шафқатсиз репрессиясига» жавоб дея аталмоқда. Европа Иттифоқи ва Гуржистон ўртасида қисқа муддатли сафарлар учун мўлжалланган визасиз режим 2017 йилдан бери амалда.

«Ушбу қарор инсонлар ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатмайди, чунки оддий паспортга эга Гуржистон фуқаролари Европа Иттифоқига қисқа муддатга саёҳат қилишда визасиз имтиёзлардан фойдаланишда давом этади», — дейилади Еврокомиссия баёнотида.

Агар Евроиттифоқ ушбу таклифни маъқулласа, гуржистонлик дипломатлар ва амалдорлар сафарлар учун олти ойда 90 кунгача виза олишлари керак бўлади.

ЕИ кенгашининг навбатдаги йиғилиши январ ўрталарида бўлиб ўтади ва унда иттифоққа аъзо 27 та давлатнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиб, юқоридаги таклифни кўриб чиқади. Ташаббус қабул қилиниши учун у бир овоздан маъқулланиши керак.

2024 йил ноябрда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 2028 йилга қадар иттифоққа қўшилиш бўйича музокаралар жараёни тўхтатилганини маълум қилди. Шундан кейин Тбилисида норозилик намойишлари бошланди ва уларни бостириш учун куч тузилмалари водомёт ҳамда кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланди. Бир қатор давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Латвия, Литва, Эстония ва Украина гуржистонлик амалдорларга қарши санкциялар жорий этди.

Мавзуга оид