Иқтисодиёт | 18:36 / 20.12.2024
7039
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди

Ўтган ҳафтадан бошлаб оммавий равишда ўчириб қўйилаётган электромобилларни қувватлаш станциялари яна бир муаммо билан юзлашяпти. Кадастр агентлиги тўсатдан тадбиркорларга станцияларни демонтаж қилишни талаб қилиб хатлар юбора бошлаган. Хусусий сектор барча станцияларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдиряпти, аммо агентлик уларга ҳеч қандай ечим таклиф қилмаган.

Фото: Megawatt Motors

Kun.uz 17 декабр куни фойдаланувчилар ва хизмат кўрсатувчи компаниялар вакилларига таяниб Ўзбекистондаги электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни ўчириб қўйиш бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Шундан сўнг Энергетика вазирлиги баёнот бериб, станцияларни тармоқдан узиб қўйиш бўйича вазирлик томонидан топшириқ берилмаганини маълум қилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳам раддия бериб, “фақатгина қарздорлиги бор истеъмолчилар” тармоқдан узилаётганини билдирган эди.

“Ҳозир ҳам станцияларимиз ишламаяпти”

Ҳолат юзасидан Кun.uzʼга қувватлаш станциялари бозоридаги компаниялар яна мурожаат қилди.

“Ҳаммаси 9 декабр кунидан бошланди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тегишли ташкилотлар Тошкент шаҳридаги станцияларимизни оммавий равишда ўчира бошлади. Айни пайтда ҳам 24 та станциямиз ишламаяпти, муҳрлаб кетишган. Сабаб сифатида электрдан қарзимиз борлигини келтиришяпти. Аксарият станциялар бошқа объектлар – савдо марказлари, ресторанлар, меҳмонхоналар ва супермаркетларнинг трансформаторларига уланган. Биз улар билан шартнома тузганмиз. Трансформатор эгалари ўз навбатида электр тўловларини амалга оширади.

Масалан, Indeх бозорига 4 та станция ўрнатганмиз, бу ерда биз субабонентмиз. Яъни ишлатган электр энергиямиз бўйича бозорга тўлов қиламиз. Шу нуқтайи назардан, кейинги ойлар учун ҳам олдиндан тўловларни амалга ошириб қўйганмиз. “Ҳудудий электр тармоқлари” ходимлари келиб, фақат бизнинг станциямизни ўчирган, бозордаги бошқа ҳамма объектда электр таъминоти мавжуд. Агар қарздорлик бўлса, бутун бозорда электр ўчиши керак, лекин фақат бизнинг ҳисоблагичимизни муҳрлаб кетишган.

Бундай ҳолатлар ресторанларнинг автомобил қўйиш жойларига ўрнатган станцияларимизда ҳам бўлди. Уларда станция ресторанга тегишли, биз хизмат кўрсатамиз. Олдиндан кейинги 1 ойлик тахминий тўлов ҳам ўтказиб қўйилган. Лекин электриклар фақат станцияни токдан узган, ресторан одатдагидай ишлаяпти.

Кейин, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, пул тугаган тақдирда тизимнинг ўзи автоматик ўчади-ку”, дейди Kun.uz суҳбатлашган компания раҳбарларидан бири.

Унинг қўшимча қилишича, бензинда юрадиган машиналардан фарқли равишда, электромобиллар учун бошқа алтернатив ресурс йўқ. Станцияларнинг ёпиб қўйилиши, айниқса, қиш ойларида ҳайдовчилар учун жиддий ноқулайликларни юзага келтиряпти.

Megawatt Energy компанияси ходимининг Gazeta.uz’га маълум қилишича, ўтган ҳафта бошида уларнинг ҳам 20 га яқин станцияси ўчириб қўйилган.

Тошкентдаги станцияларни демонтаж қилиш талаб этиляпти

Электромобилларни қувватлаш соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар нафақат токсиз, балки станциясиз қолиши ҳам мумкин. Ўтган ҳафта охиридан бошлаб, улар Кадастр агентлигидан станцияларини демонтаж қилишни талаб этувчи хатлар ола бошлаган.

Хатда ер рухсатсиз эгаллаб олингани сабаб қурилмаларни демонтаж қилиш талаб этилган. Талаблар бажарилмаган тақдирда эса, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаганлик ва унда қурилиш ишларини олиб борганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига асосан иш қўзғатилиши назарда тутилган.

“Мен Тошкент шаҳар кадастр бошқармасига бордим. Улар Тошкент шаҳридаги барча станцияларнинг рўйхати ва уларни ўрнатиш учун асос бўладиган шартномаларни сўради. Улар ресторан ўзларининг мижозлари учун парковка қилиб қўйиши қонуний эканини, ўша парковкада станция қурилиши ноқонуний эканини айтди. Қонуний йўли қандай бўлади, борми ўзи, деб сўрадим. Йўқ, деб жавоб беришди.

Уларнинг ўзлари ҳам K-savdo бир неча йилдан бери Тошкент шаҳрида ёпиқ эканини билади, тан ҳам олишди. Яъни нима қилсак қонуний бўлади, деган саволга жавоб йўқ”, дейди мурожаатчи.

Кадастр агентлиги матбуот хизматининг Gazeta.uz’га маълум қилишича, ўтказилган текширишлар натижасида ер участкаларидан “ўз мақсадига мувофиқ фойдаланилмаган” ҳолатлар аниқланган. Хусусан, бошқа мақсадлар учун ажратилган ҳудудларда электр станциялари ўрнатилган.

Kun.uz агентликдан бу борада қонуний йўл қандайлигини сўради, аммо бу саволга ҳозирча жавоб берилгани йўқ.

Маълумот учун, “Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида 2024 йил 1 январдан бошлаб республикада қуриб битказиладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳаларига мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талаби белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг ноябр ойидаги қарорида эса 2025 йил охиригача Ўзбекистонда 32 мингдан ортиқ автомобилларни қувватлантириш станциялари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид