Ўзбекистон | 21:14 / 23.12.2024
1938
5 дақиқада ўқилади

23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ҳокимларга янги маъмурий ваколатлар, ЯТТлар учун қатъий солиқ ставкалари, одам савдоси учун кучайтирилаётган жазо ва 12 минг 900 сўмдан ошган доллар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳокимларга янги маъмурий ваколатлар

2025 йил 1 январдан ҳокимликларга вазирлик ва идораларнинг туман/шаҳар бўлимлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш, рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш ваколати берилади.

Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлар ўртасида «доимий алоқа» тизимини яратиш, Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини ташкил қилиш назарда тутилган.

2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан ошмаган ва сотилмаган кўчмас мулк объектлари тадбиркорларга ижарага берилиши мумкин. Янги лойиҳаларни амалга ошириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан давлат мулки хусусийлаштирилади ёки тўғридан тўғри сотилади.

Бу қарорлар маҳаллий ҳокимликларнинг иқтисодий ривожланиш ва аҳоли манфаатларига хизмат қилишдаги ролини оширишга қаратилган.

Ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик

Сенат тасдиқлаган қонунга кўра, жисмоний шахсларга сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати тасдиқланди.

Шу рўйхатдаги ҳайвонларни ярим эркин шароитда ёки сунъий муҳитда сақлаганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5–10 бараваригача миқдорда жарима солиниши ва ҳайвонларни мусодара қилиш белгиланмоқда. Агар бу ҳаракатлар соғлиққа ёки мол-мулкка зарар етказса, жазо БҲМнинг 30–50 бараваригача оширилади.

Шунингдек, ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузганлик ёки эгасиз ҳайвонларни тийиш чораларини кўрмаганлик учун ҳам фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан турли даражада жарималар жорий этилади.

Қонун одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилишга қаратилган.

Иқтисодий ўсиш учун янги тизим

Президент фармонига кўра, 2025 йилдан ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу тизим маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини оширишни кўзда тутади.

Янги тизим асосида республика ва ҳудудлар кесимида иқтисодий ўсиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини пасайтириш мақсадлари белгиланган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бир қатор молиявий ваколатлар берилади. Жумладан:

- 2025 йил 1 январдан юридик шахслардан олинадиган солиқларнинг катта қисми туман/шаҳарлар бюджетига ўтказилади;

- давлат активларини сотишдан тушган маблағлар маҳаллий ва республика бюджетлари ўртасида тақсимланади.

Бу чоралар маҳаллий ҳокимликлар имкониятларини кенгайтиришга ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

ЯТТлар учун қатъий солиқ ставкалари

2025 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига туман (шаҳар)ларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғининг энг кам ва энг юқори қатъий белгиланган ставкалари доирасида солиқ ставкаларини аниқлаш ваколати берилади.

Шунингдек, кўчмас мулк ижара қиймати ва ер солиғи бўйича оширувчи коэффициентлар қўллаш имконияти яратилади. Халқ депутатлари кенгашлари сув ресурсларидан ва норуда қурилиш материалларидан фойдаланиш учун солиқ ставкаларини оширувчи ёки камайтирувчи коэффициентлар жорий этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу чоралар ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий бюджетларнинг даромадларини оширишга қаратилган.

Одам савдоси учун жазо кучайтирилади

Сенат «Одам савдоси жинояти учун жазо чораларини кучайтириш»га доир қонунни муҳокама қилди ва маъқуллади.

Қонунга мувофиқ, одам савдоси жиноятини ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки мажбурлаш орқали содир этганларга жазо чоралари кучайтирилади. Ҳомиладор аёлларга нисбатан содир этилган ҳолларда эса оғирроқ жазо белгиланади.

Қонун одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бундай жиноятларнинг олдини олишни мақсад қилади. Сенаторлар ушбу ўзгартишлар болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг самарали ҳимоясида хизмат қилишига урғу берди.

Доллар курси 12 минг 900 сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 24 декабрга долларнинг расмий курсини 12 минг 902 сўм этиб белгилади. Бу илк бор ушбу психологик нуқтадан ўтишдир.

Йил бошида 1 доллар 12 352,86 сўмга тенг бўлган, шу сабабли сўмнинг девалвацияси 4,45 фоизни ташкил этмоқда. Солиштирганда, 2022 йилда девалвация 3,9 фоиз, 2023 йилда эса 9,7 фоиз бўлган.

Тижорат банкларида доллар сотиш курси 12 895 – 12 955 сўм атрофида бўлиб, сотиб олиш курси 12 830 – 12 855 сўмни ташкил этмоқда.

2025 йил учун давлат бюджети прогнозида доллар курси ўртача 13 250 сўм этиб белгиланган.

Мавзуга оид