Ўзбекистон | 21:16 / 20.12.2024
1620
6 дақиқада ўқилади

20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Интерпол қидирувга берган чеченлар, янги Божхона кодекси таклифи, Ўзбекистонга келаётган нуфузли меҳмонхона брендлари ва мактабда қиморхона ташкил қилган чортоқлик директор — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Интерпол қидираётган чеченлар

Ўзбекистон Интерпол орқали суиқасд уюштирганликда гумон қилинаётган чеченистонлик шахсларни қидирувга берди.

Россия фуқаролари бўлган 36 ёшли Бислан Расаев ва 31 ёшли Шамил Темирхановга Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Лига қарши суиқасд уюштиришда иштирок этганлик айблови қўйилган.

Маълумотларга кўра, суиқасд буюртмаси эвазига мукофот ваъда қилинган. Интерпол маълумотларига кўра, улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, контрабанда ва қурол-яроғ билан боғлиқ қонунбузарликлар учун айбланмоқда.

Комил Алламжоновга суиқасд 2024 йилнинг октябр ойида содир этилган эди. Унинг машинасига бир неча бор ўқ узилган, аммо у жабрланмаган.

Тергов давомида 7 киши қўлга олинган, улардан бири Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов бўлган.

Бу иш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигида ходимлар ишни ёпди-ёпди қилиш ва терговга тўсқинлик қилишга уринганликда айблангани ортидан бир қатор истеъфолар рўй берган.

Янги Божхона кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқоти ўтказилди.

«Тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт», — деди президент.

Йиғилишда IT, финтех, экспорт, туризм ва яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Жаҳоннинг энг бой 10 компаниясидан 7 таси IT ва финтех соҳаларига мансуб. Ўзбекистондаги ёшлар салмоқли қисми, 56 фоизи ушбу соҳаларда катта салоҳият борлигини кўрсатмоқда. Президент Uzum ва TBC Uzbekistan каби млрд доллар қийматга эга хусусий компаниялар яратилаётганини таъкидлади.

Бу каби компанияларни кўпайтириш учун лаборатория жиҳозлари ва технологик ускуналарни божсиз олиб киришга рухсат берилади.

Охирги 3 йилда Божхона кодексига 100 дан ортиқ ўзгартиш киритилганига қарамай, у Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мос келмаслиги, шу боис, ҳар томонлама янгиланган Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Нуфузли меҳмонхона брендлари келмоқда

Президент раислигидаги йиғилишда туризм ва савдо соҳаларидаги муҳим лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.

Дунёнинг 23 та нуфузли меҳмонхона брендлари, жумладан, Swissôtel, Sheraton, Ritz-Carlton, Novotel, Pullman, Marriott ва ibis Ўзбекистон бозорига кириб келяпти. Бу йил тадбиркорлар 6,5 триллион сўмлик сармоя эвазига 24 минг ўринли меҳмонхоналарни ишга туширишди. 2025 йилгача меҳмон ўринлари яна 30 мингга оширилади.

Бўстонлиқда қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлган Sea Breeze марказининг қурилиши бошланади. Бу марказ йирик туристик ва иқтисодий масканга айланиши кутиляпти.

Электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори

Йиғилишда президент электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолга етказиб беришда рақобатли бозор яратишни эълон қилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар сони 24 тага етди. Бу йил ишга тушган 6,3 млрд долларлик 17 та йирик энергия лойиҳаси келгуси йилда электр ишлаб чиқариш ҳажмини 90 млд kWhʼга етказади.

2025 йилда 6,4 млрд доллар қийматидаги 25 та янги лойиҳа доирасида 4,8 GW қувватга эга объектлар қурилиши бошланади. Булар «яшил» ва янги технологияларга асосланган энергия қувватларини ўз ичига олади.

Шунингдек, илк бор электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Бу бозор энергия истеъмолчиларига танлов имконияти яратиб, бозор механизмларини такомиллаштиради.

Самарқандда аёл ўсмир қизни калтаклади

Каттақўрғон туманида 13 декабр куни 19 ёшли аёл истироҳат боғида 16 ёшли мактаб ўқувчисини калтаклади.

Болалар омбудсмани хабарига кўра, ўсмир аёл ҳақида номақбул гаплар айтганини эшитгач, уни ерга ётқизиб, юзи ва танасига мушт туширган, сочидан тортиб ерда судраган. Бу ҳолатни атрофдагилар кузатиб турган.

Терговга қадар текширув Каттақўрғон тумани ИИБ томонидан олиб борилмоқда. Қизга нисбатан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланди.

Болалар омбудсмани вояга етмаганларга нисбатан зўравонликка қонуний чора кўриш талабини билдирди. Ҳолат юзасидан кузатув давом эттирилмоқда.

Қиморхона ташкил қилган мактаб директори

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 8-умумтаълим мактаби директори ўз хизмат хонасини қиморхонага айлантиргани аниқланди.

17 декабр куни туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида директор шериклари билан хизмат хонасида қимор ўйнаб ўтирган пайтида ушланган. Ҳозирда ҳолат бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ички меҳнат қоидаларини қўпол равишда бузгани сабабли директор иш берувчи ташаббусига кўра ишдан озод қилинди. Шунингдек, мактабда ўтказилган муҳокама йиғилишида директорнинг ҳаракатлари танқид қилинган.

Мавзуга оид