Ўзбекистон | 11:11
3317
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Тошкентда логопед марказида бемор болалар даволанган. ССВ марказда тиббий лицензия бўлмаганини маълум қилди

Тошкентда болаларнинг нутқи билан ишлайдиган “Logo Zarifa ” марказида ЎРВИ, пневмония бўлган болаларга консултация берилган. Шифокорда педиатр дипломи бор, бироқ даволаш учун марказнинг лицензияси бўлмаган. Зарифа Фозилова ўзи ҳақида тарқалган видеоларни “шахсни обрўсизлантиришга қаратилган” деб ҳисоблаяпти.

Иллустратив фото

Ижтимоий тармоқларда ЎРВИ, пневмония, кўкйўтал билан оғриган болаларни муолажа қилган Зарифа Фозилова исмли педиатр ҳақида видео тарқалди. Унда боласини шифокор қабулига олиб борган онанинг мурожаати ёзилган. Видеода айтилишича, шифокор берган биологик фаол қўшимчалар болани ухлатиб қўйган.

Қарз қилиб 300 минг тўлаб, дориларига 800 мингдан ошиқ пул тўладик. Болам 1,8 ойлик, берган дориларини ичганидан кейин кўзини оча олмади. Роса уйқусираб юрди, уйғонади, ухлайди. БФҚларини ҳам ичирдик, фақат ухлади. Хириллаб йўталиб, иситмаси чиқди”, – дейилади видеода.

Бундан ташқари, мурожаатчи шифокорда болани даволаш учун лицензия бўлмагани, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига мурожаат қилганини айтган. Шунингдек, шунга ўхшаш мурожаат Facebook’даги “Maslahat.uz” гуруҳида ҳам муҳокама қилинган.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун дастлаб шифокор Зарифа Фозилова билан боғланди. Шифокор педиатрия бўйича Тошкент педиятрия тиббиёт институтини битиргани, бу йўналишда дипломи борлигини айтиб, уни Kun.uz’га тақдим этди.“Менинг устимдан бу шифокор эмас, одамларни алдаяпти дейишди. Дипломларимни кўрсатсам, уларни сотиб олган ҳам дейишди. Давлат ишхонасида 5 йилдан ортиқ ишлаганман”, – деди Зарифа Фозилова.

Шунингдек, у шамоллаган болаларни антибиотиксиз даволаш бўйича изланиш олиб бораётганини ҳам қўшимча қилди.

У болаларга “Vision” ва “Junior” фирмаларининг биологик фаол қўшимчаларини тавсия қилганини айтди. “БФҚни беморга бераётганда даволовчи восита эмаслигини айтганман. Бу фақат иммунитетини кўтаради. Иммунитети кўтарилган болалар касалликни тезроқ енгиб ўтади деб тушунтирамиз. Бундан ташқари, клиникада бемор болалардан қон таҳлиллар олинмайди. Бу хизматларни кўрсатмаймиз. Улар ўзи олиб келган текширув қоғозларига қараб консултация берганман”, – деди у.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг Kun.uz’га билдиришича, “Vision” ва “Junior” фирмаларининг БФҚлари Ўзбекистонда рўйхатга олинган.

Бундан ташқари, Зарифа Фозилова ўзи ҳақида тарқалган видеоларни шахсни обрўсизлантириш ва туҳмат деб атаб, бу бўйича судга мурожаат қилганини қўшимча қилди.

Шифокорнинг айтишича, “Logo Zarifa” маркази нутқида нуқсони бор болалар билан шуғулланишга ихтисослашган, беморларни даволашга эмас. “Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги лицензиялаш бўлими бизнинг марказ фаолиятини текширди. Биз бемор болаларни қабул қилиш бўйича лицензия олмаганмиз. Бу хатомизни тушундик. Жаримасини ҳам тўлаяпмиз. “Dr. Zarifa” номи остида беморларни қабул қилишга ихтисослашган клиника очмоқчимиз”, – деди у.

ССВ мутахассиси шифокор гапини Kun.uz’га тасдиқлади. Марказда беморларни қабул қилиш учун лицензия бўлмаган. “Ҳозир бу масала тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганиб чиқиляпти. Текширув якунлари бўйича қўшимча маълумот берилади”, – деди вазирлик ходими.

Маълумот учун, биологик фаол қўшимчалар дори воситаси эмас. Улар ҳақида батафсил бу ерда маълумот олиш мумкин.

Мавзуга оид