Жаҳон | 17:51 / 26.12.2024
2547
5 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея парламенти президент вазифасини вақтинча бажарувчига ҳам импичмент эълон қилмоқчи

Жанубий Кореяда сиёсий инқироз чуқурлашмоқда: икки ҳафтадан камроқ вақт ичида давлат раҳбарига иккинчи марта импичмент эълон қилиниши мумкин. Аввалроқ, президент Юн Сок Ёл лавозимидан вақтинча четлатилган эди. Энди унинг ўрнига президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Хан Док Су ҳам шунга дучор бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Жанубий Корея мухолифати 26 декабр куни президент вазифасини вақтинча бажарувчи Хан Док Суга қарши импичмент эълон қилиш ҳақида парламентга таклиф киритганини маълум қилди. Бунга Конституциявий суд таркибига оид келишмовчиликлар сабаб бўлган. Айнан ушбу суд лавозимидан вақтинча четлатилган президент Юн Сок Ёл тақдирини ҳал қилиши керак. Бу ҳақда BBC ёзди.

Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз 3 декабр куни Юн Сок Ёл томонидан мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан кейин бошланди. Парламент иккинчи уринишда унга импичмент эълон қилиш учун овоз берди, аммо жараённи якунлаш учун Конституциявий суднинг тегишли қарори зарур.

Ишни кўриб чиқиш 6 ойгача давом этиши мумкин. Агар Конституциявий суд президентнинг лавозимидан четлатилишини тасдиқласа, мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказилади.

Бироқ судда ҳозир уч нафар судя етишмайди. Суд олти нафар судя билан ишини давом этиши мумкин бўлса-да, Юнни қайта тиклаш учун битта овоз кифоя қилади.

Мухолифат Хандан яна учта номзодни маъқуллаб, суд таркибини 9 кишига етказишни талаб қилмоқда, аммо у буни рад этяпти. Шу боис мухолифатдаги Демократик партия президент вазифасини бажарувчига ҳам импичмент эълон қилиниши кераклигини айтди.

«Биз бу ҳақда таклиф киритдик... ва уни бугун ялпи мажлисда тақдим этамиз. Эртага биз уни овозга қўямиз», деди депутат Пак Сун Жун журналистларга.

Ханнинг уч нафар судяни расман тайинлашдан бош тортгани унинг «Конституцияни қўллаб-қувватлашга на иродаси, на малакаси борлигини исботлайди», деди журналистларга Демократик партия раҳбари Пак Чан Дэ.

Хан, агар ҳукмрон «Халқ ҳокимияти» партияси (ўзи ҳам унинг аъзоси) ва мухолифат номзодлар бўйича муросага эришган тақдирдагина судялар тайинланишини маъқуллашини айтди.

«Конституциямиз ва қонунларимизда муҳим президентлик ваколатларини амалга оширишдан, жумладан, конституциявий институтларни тайинлашдан воз кечиш изчил тамойилдир. Аввало Миллий Ассамблеядаги ҳукмрон ва мухолифат партиялари ўртасида консенсусга эришиш керак», деди Хан.

Агар парламент 27 декабр куни Ханга импичмент эълон қилиш таклифини ёқласа, бу Жанубий Кореяда биринчи марта муваққат президентга импичмент эълон қилиниши бўлади. Шунда Хан ўрнига молия вазири Чхве Сан Мок президент вазифасини бажарувчи бўлади.

Импичмент тўғрисидаги ишда мухолифат Ханни президент вазифасини бажарувчи сифатидаги ваколатларини бузганликда айбламоқда. Шунингдек, унинг судяларни расман тайинлаш ва Юннинг қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этиши ва рафиқаси Ким Кён Хи билан боғлиқ коррупция айбловларини тергов қилиш учун иккита махсус қонун лойиҳасини эълон қилишдан бош тортганлиги билан изоҳламоқда.

Агар 27 декабр куни мухолифат муваффақиятга эришса, Жанубий Корея икки ҳафтадан камроқ вақт ичида давлат раҳбарига иккинчи марта импичмент эълон қилган бўлади ва бу мамлакатдаги сиёсий вазиятни янада беқарорлаштиради.

Юн, шунингдек, ҳарбий ҳолат эълон қилинганлиги сабабли, умрбод қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига олиб келиши мумкин бўлган исён учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

26 декабр куни Юн тергов иши доирасида учинчи марта, бу сафар 29 декабр куни сўроққа чақирилди. 25 декабр куни у чақирувга эътибор бермай, биринчи сўроққа келмади.

Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз декабр ойи бошида президент Юн Сок Ёл кутилмаганда 1979 йилдан бери биринчи марта ҳарбий ҳолат эълон қилиб, конституциявий тузумни «коммунистик кучлар» ва Шимолий Корея таҳдидларидан ҳимоя қилиш зарур деб атаганидан сўнг авж олди. Ҳарбий ҳолат барча сиёсий фаолиятни, жумладан парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлашни англатарди.

Ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан кейин деярли дарҳол 190 нафар депутат парламентга кириб, президент қарорини блоклашга муваффақ бўлди. Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат жорий этилганидан олти соат ўтиб уни бекор қилишга мажбур бўлди.

Таҳлилчиларнинг тахминига кўра, ҳокимиятдан ағдарилган президент курашни осонликча тўхтатмайди.

«Ҳозир пауза қилишимга тўғри келса-да, халқ билан келажак сари босган йўлим тугамаслиги керак. Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман», деди Юн Сок Ёол 14 декабр куни импичмент эълон қилинганидан кейин.

У бир неча бор ҳарбий ҳолат жорий этишга уринишни нотўғри ҳаракат деб ҳисобламаслигини айтган ва фитна айбловларини рад этган. У истеъфога чиқиш чақириқларига эътибор бермади ва мухолифатни «импичментларни суиистеъмол қилишда» айблаб, охиригача курашишга ваъда берди.

Мавзуга оид