Жаҳон | 11:34 / 26.12.2024
5916
3 дақиқада ўқилади

Қора денгизни қоплаган мазут доғининг коинотдан кўриниши — фото

Ҳалокатга учраган рус танкерларидан ҳалигача мазут оқиб чиқяпти. Оқибатда қирғоқлар ифлосланиши давом этяпти.

Фото: РБК

Россия Фанлар академияси мазут ташиётган икки танкер ҳалокатидан сўнг нефт маҳсулотлари Қора денгиз соҳилида қандай тарқалаётгани акс этган тасвирларни кўрсатди.

Россиянинг “Волгонефт-212” ва “Волгонефт-239” юк танкерлари 15 декабр куни, Керч бўғозидаги бўрон пайтида ҳалокатга учраганди, оқибатда улардан мазут сизиб чиқишни бошлади. Биринчи танкер саёзликка ўтириб қолиб, иккига бўлиниб кетган, иккинчиси эса оқим билан сузиб, Таман портининг ғарбий пирсида чўккан.

Ҳалокатдан сўнг денгиз сувига тушган нефт маҳсулотлари жануби-ғарбий шамол таъсирида Таман порти томонга суриб кетилди. 19 декабргача мазут доғи Анапа билан Катта Утриш қишлоғи оралиғида ўнлаб километрни эгаллашга улгурди.

22 декабр куни шамол ўз йўналишини жануби-шарққа ўзгартирди, бу эса нефт ифлосланишини Қрим томон силжишига ва Керч яримороли қирғоқларининг ифлосланишига олиб келди. Ундан кейин ҳам шамол йўналиши бир неча бор ўзгариб, мазут доғи Керч бўғозидаги бутун Қрим соҳилига ёйилди.

Россиялик олимлар вазиятни доимий кузатиб бораётганини маълум қилди. Бунинг учун улар Космик тадқиқотлар институти томонидан ишлаб чиқилган See the Sea сунъий йўлдош ахборот тизими орқали радиолокацион зондлаш маълумотларидан фойдаланмоқда.

Ифлосланиш оқибатларини бартараф этишга қутқарувчилардан ташқари, казаклар ва кўнгиллилар ҳам жалб этилган. Ифлосланган қум белкураклар билан чиқинди қопларига йиғилмоқда. Мураккаб об-ҳаво шароитлари туфайли тозалаш ишларига қанча вақт кетишини олдиндан айтиш қийин.

Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда нефт тўкилишидан зарар кўрган қушларнинг сурат ва видеоларини тарқатмоқда. Қушларни қутқариш маркази ташкил этилиб, унда шифокорлар ва кўнгиллилар жамоаси қушларни мазутдан тозалаш билан шуғулланмоқда. Айрим жойларда сув юзасидаги нефт қатламининг қалинлиги тахминан 30 сантиметрга етган.

Анапа шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, кўнгиллилар салкам мингта қушни қутқаришга ҳамда 4 минг тоннага яқин ифлосланган қум ва тупроқни йиғиб олишга муваффақ бўлди.

25 декабр куни Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев Анапа ва Темрюк райони қирғоқларига нефт маҳсулотлари сизиб чиқиши ҳалигача давом этаётганини маълум қилди.

“Олимлар ва мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазутнинг асосий қисми Қора денгиз тубида қолиши керак эди, бу эса уни сувдан йиғиб олиш имконини берарди. Бироқ об-ҳаво ўз ҳукмини ўтказмоқда: ҳаво исиб, нефт маҳсулотлари юқорига кўтарилмоқда. Оқибатда, улар соҳилларимизга чиқиб қоляпти”, — дейди у.

Мавзуга оид