Дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар – Тошкент ҳавосида PM2,5 заҳарли заррачалари меъёрдан 29 марта ошди
Бугун, 27 декабр куни кун давомида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ўта хавфли даражага чиқди. Ҳаво таркибида PM2,5 заррачалар 200 мкг/м3 дан баланд бўлиб турибди. Иқлимшунос кундуз кунлари ҳарорат юқори кўтарилиб, пастдан юқорига кўтарилувчи куч таъсирида ҳавода майда дисперс заррачалари кўпайишини тахмин қилган эди.
27 декабр куни IQAir станциясига уланган Тошкент шаҳридаги 30 та станция ҳаво сифати ёмонлашганини кўрсатяпти. Ҳаво сифати 8 та станцияда қизил - хавфли, 22 тасида эса бинафшаранг – ўта хавфли даражага чиққан. Шаҳар ҳавосида PM2,5 ўртача 219 мкг/м3 ни ташкил қилган. Бу ЖССТ белгилаган меъёрдан 29 марта кўп. Бу кўрсаткич билан пойтахт ҳаво ифлослиги бўйича дунёда биринчи ўринга чиққан. Айни вазият сабаблари бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзгидромет хизмати ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий саҳифаларида тушунтириш ва огоҳлантириш берилмади.
Олдинроқ иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво таҳлиллари ҳақида ёзганида ҳафта охирида пойтахт ҳавосида ифлосланиш кузатилишини тахмин қилган. Унда ҳаво ҳароратининг кўтарилиб бориши сабаб бўлиши мумкинлиги айтилган.
“Якшанба куни [29 декабр] Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган кам ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари, масалан, душанба-чоршанба кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Республиканинг кўплаб ҳудудларида антициклонал жараён таъсирида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг кузатиладиган инверсия фонида ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари), унинг ортидан ҳавода бироз ифлосланиш юзага келиши мумкин.Шанба ва якшанба кундуз кунлари ҳароратнинг юқори кўтарилиши пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалари кўпайишига замин ясаши мумкин. Хусусан, пойтахтда ҳам иш ҳафтаси бошида майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик бироз кўпайишини тахмин қилиш мумкин”, - деб ёзган иқлимшунос.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашуви ноябр ойида ҳам кузатилганди. Унда шаҳардаги энг ёмон ҳолат Юнусободда ўрнатилган Safia пишириқлар уйи станциясида қайд этилганди. Бунга Юнусобод тумани ва унга қўшни ҳудудларда филтрсиз ишлаётган иссиқхоналар асосий сабаб қилиб кўрсатилганди.
Умуман шаҳарда куз-қиш ойларида ҳаво сифати ёмонлашувига бош режанинг йўқлиги, автомашиналарнинг кўпайгани ва яна бошқа факторлар сабаб бўляпти. Лекин муаммонинг айнан куз-қиш ойларида рекорд даражада тез-тез такрорланишининг бош сабаби – Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхона ҳамда саноат зоналаридан чиқаётган заҳар. Объектлар газ ўрнига кўмир ва мазут ёқишга мажбур. Бу эса заҳарни кўпайтиряпти. Вазиятни эса шу объектларда заҳарни тутиб қолиш учун филтр ўрнатилмагани оғирлаштиряпти.
Ҳаво таркибида чанг зарралари бўлганда Санэпидқўмита тавсиялари:
-кўчага иложи борича камроқ чиқиш;
-уй, ишхона ва машина эшиклари ва деразаларини зич ёпиш;
-хона ҳавоси оптимал намлигини таъминлаш: ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш;
-ишга, ўқишга, харид учун кўчага чиққанда тиббий ниқоб тақиш ва ҳар 2 соатда алмаштириш;
-кўчадан уйга қайтгач душ қабул қилиш (соч ва юз-кўзларни яхшилаб ювиш);
-калит, кўзойнак, телефон ва сумкани намланган салфетка билан яхшилаб артиш;
-кўчага кийиб чиққан кийимларни ювиш;
-устки кийимларни (костюм, плаш, палто ва бошқалар) маска таққан ҳолда ташқарида яхшилаб қоқиш;
-ним таъсир этувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни тез-тез чайиш;
-кўпроқ суюқлик (илиқ) ичиш, иложи бўлса кўк чой, наъматак дамламасини ичиш;
-ёғли, қовурилган, дудланган, тузланган, шўр, аччиқ таомларни чеклаш;
-суюқ сабзавотли таомлар, сут ва сут маҳсулотлари (қатиқ, кефир ва бошқалар), кўкатлар истеъмол қилиш.
Мавзуга оид
08:01 / 27.12.2024
Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда 2-ўринни эгаллаб турибди
19:52 / 26.12.2024
“Автобуслар учун 100 та камера”: улар Тошкентда жамоат транспортига ажратилган алоҳида йўлакдаги қоидабузарликларни қайд этади
14:55 / 26.12.2024
Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди
16:35 / 23.12.2024