Жаҳон | 14:01 / 27.12.2024
3538
9 дақиқада ўқилади

Ғазода ўлдирилган журналистлар, Озарбойжон самолёти ҳалокати сабаби ва Яманга ҳужум уюштирган Исроил — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазо ҳукумати Исроил томонидан «Al-Quds al-Yawm» телеканали машинасига қилинган ҳужумни ҳарбий жиноят деб баҳолади. Ҳужум Ғазонинг марказий қисмидаги Нусайрат қочқинлар лагерида содир бўлди. Беш нафар журналист — оператор Айман ал-Жадий ва журналистлар Файсал Абу ал-Қумсан, Иброҳим аш-Шайх Али, Муҳаммад ал-Лед ва Фадий Ҳассун қурбон бўлди.

Ҳукумат матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу машина телеканалнинг жонли эфирлари учун фойдаланилган. Исроилнинг бу ҳаракатлари халқаро қонунларга зид экани таъкидланди.

Ғазо ҳукумати медиа офиси директори Исмоил ас-Савабите Исроилнинг ушбу ҳаракатларини эркин матбуотга босим деб баҳолаб, халқаро ҳамжамиятни чора кўришга чақирди. Унинг таъкидлашича, Исроил ҳужумлари бошланганидан буён 201 нафар фаластинлик журналист ҳалок бўлган.

Савабитенинг айтишича, журналистларга қарши ҳужумлар халқаро ҳуқуқларнинг очиқдан очиқ бузилишидир. У халқаро ташкилотларни журналистларни ҳимоя қилиш ва Ғазодаги урушни тугатиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Ғазо секторида Исроил ҳужумлари бир йилдан зиёд вақтдан бери давом этмоқда, минглаб ўқувчилар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Жанубдаги Хон Юнус шаҳрида мажбурий кўчирилган оилаларнинг болалари учун «Ар-Раҳма» бошланғич мактаби чодир шаҳарчасида фаолият бошлади.

Шу билан бирга, бугун кечқурун Исроил армияси Ғазо секторига ҳужум уюштириб, 14 нафар фаластинлик тинч аҳоли вакилларини ўлдирди ва камида 50 киши яралангани хабар қилинди.

Яманга ҳужум уюштирган Исроил

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Яман пойтахти Сано халқаро аэропорти ва Ҳудайда портига ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Ҳужум натижасида аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги, диспетчерлик минораси ва айрим самолётлар зарарлангани хабар қилинди.

Ҳудуддаги бошқа объектларга, жумладан, Ҳазиз электр станцияси, Ҳудайда порти ва нефт қайта ишлаш заводларига ҳам ҳужумлар уюштирилди. Хусийчиларнинг «Ал-Масийра» Telegram каналида ҳужумлар тасдиқланган.

Интенсив бомбардимонлар ҳусийчилар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий телевидениеда чиқиш қилган вақтда содир этилган. Шунингдек, бу ҳужумлар Исроил томонидан АҚШ розилиги билан амалга оширилгани ҳақида Jerusalem Post хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус ҳужумлар вақтида Сано аэропортида бўлганини маълум қилди. Унинг рейси учишга тайёрланиш чоғида ҳужум содир бўлган. Гебрейесуснинг айтишича, диспетчерлик манораси ва учиш йўлагига етказилган зарар туфайли аэропорт фаолияти тўхтаган.

Қочқинлар Сурияга қайтмоқда

БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди маълум қилишича, қўшни давлатлардан Сурияга қайтган қочқинлар сони 3 ҳафта ичида 50 мингдан ошган.

Гранди ижтимоий тармоқда Сурияга қочқинларнинг қайтишини Башар Асад режими ағдарилганидан кейин кузатилаётган ижобий ўзгариш, деб баҳолади. У қўшни давлатлардан Сурияга қайтаётганларнинг сони босқичма-босқич ошиб бораётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Сурияда яшаш шароити ҳамон оғир эканлигини қайд этди. Гранди қайтаётган қочқинлар ва эҳтиёжмандлар учун янада кўпроқ ҳуманитар ёрдам етказиш зарурлигини билдирди.

Сурия Эрондан товон талаб қилмоқчи

Ливаннинг Al Modon нашрининг хабар қилишича, Суриянинг янги маъмурияти Эронга қарши халқаро судларга мурожаат қилиш учун меморандум тайёрламоқда. Меморандумда Теҳроннинг «жиноий ва бирёқлама» сиёсатлари сабаб етказилган зарар учун Сурия халқига 300 млрд доллар товон тўлаш талаби илгари сурилган.

Мазкур талаб Эрон қўлловидаги қуролли гуруҳларнинг Суриядаги ҳаракатлари ва уларнинг Башар Асад режими манфаатларига хизмат қилган уруш давридаги таъсирларига боғлиқ.

Шунингдек, Суриянинг янги маъмурияти Эрон билан ҳар қандай дипломатик мулоқотлар, жумладан, Теҳрон ва Дамашқда элчихоналарни қайта очиш масалалари бўйича алоқалар мавжудлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

Бундан олдин Эрон ҳукумати матбуот котиби Фотима Муҳожироний янги Сурия маъмурияти билан дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича музокаралар ўтказилаётганини айтган эди.

Озарбойжон самолёти уриб туширилган

Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга парвоз қилган самолёти Россиянинг «Панцир-С» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани тўғрисида Reuters агентлиги хабар берди.

Тергов жараёнига яқин манбаларнинг маълум қилишича, самолёт Грозний яқинида радиоэлектрон кураш тизимлари ишга туширилгани сабабли алоқасиз қолган. Грозний устида дронлар фаоллиги кузатилган вақтда самолётга ракета учирилган, ракета самолёт яқинида портлаб, унинг ташқи қопламасига жиддий зарар етказган.

Озарбойжон ҳукумати Россиянинг ушбу ҳодисада айбдорлигини тан олишини кутмоқда. Аввалроқ Euronews телеканали ҳам мазкур авиаҳалокатга Россия ракетаси сабаб бўлганини хабар қилганди.

Самолётга Россия аэропортларига авариявий қўнишга рухсат берилмаган ва Каспий денгизи орқали Оқтов йўналишида учишга мажбур қилинган. 25 декабр тонгида содир бўлган авиаҳалокат натижасида 38 киши ҳаётдан кўз юмди, 29 киши омон қолди.

AZAL авиакомпанияси Embraer 190 самолёти ҳалокати натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон пули миқдорини белгилади.

Маълумотга кўра, жабрланган ҳар бир шахсга 11,76 минг доллар, ҳалок бўлган ҳар бир кишининг оиласига эса 23,52 минг доллар миқдорида товон тўланади.

Япониядан Украинага ёрдам

Япония Украинага Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан 3 млрд доллар ажратади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Япония бош вазири Шигеру Ишиба билан телефон орқали суҳбатдан сўнг маълум қилди.

Бир ой олдин Токио Украинага G7 ташаббуси доирасида 50 млрд долларлик кредит ажратишни режалаштирган эди, бу маблағ музлатилган Россия активлари билан кафолатланган.

Зеленский суҳбат чоғида Япония ҳукумати ва халқининг 12 млрд долларлик кенг кўламли ҳуманитар ва молиявий ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Ушбу ёрдам минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга кўмаклашмоқда.

Япония Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан бери Киевга молиявий, ҳуманитар ва ўлдирмайдиган қурол-яроғлар етказиб, ҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Словакия Украина бўйича музокаралар учун тайёр

Россия президенти Владимир Путин Москвадаги учрашувда Словакия бош вазири Роберт Фицо Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишни муҳокама қилганини маълум қилди.

Фицо Словакияни музокаралар майдони сифатида таклиф этган ва Путиннинг таъкидлашича, Россия ушбу таклифга қарши эмас. Путин Словакияни нейтрал позицияда турган мамлакат сифатида кўришини ва бу вариант Россия учун маъқул эканини билдирди.

Путин, шунингдек, Украинадаги можарони якунлашга интилаётганини таъкидлади.

Қора денгиз соҳилига ёйилган мазут

Краснодар ўлкасида мазут тўкилиши туфайли Россияда федерал даражада фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳодиса қўшимча кучлар ва молиявий ёрдам жалб қилиш имконини беради. Ҳукумат захира фондидан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатилади.

Мазут тўкилган ҳудудни назорат қилиш ҳудуди 220 км бўлиб, уни тозалаш учун 10 минг киши ва 360 техника жалб қилинган. Волонтёрлар ёрдамида 1154 та қуш қутқарилди.

Қирғоқлардан йиғиштириб олинган мазутлар тегишли тарзда йўқ қилинмаётгани, шунчаки қирғоқдан сал нарида ёки аҳоли пунктлари яқинида кўмиб юборилаётгани, бу эса сизот сувларни ифлослантириши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар берилмоқда.

Трамп таҳдидда ҳазиллашмаяпти

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Truth Social’даги Рождество табригида яна ўз президентлиги даврида Канада, Гренландия ва Панама каналини АҚШга қўшиш ғоясини илгари сурди.

Трамп ўз нутқини Хитой аскарларига ишора қилиб: «Рождество муборак! Панама каналини ноқонуний бошқараётган хитойлик аскарларга ҳам», — дея бошлади. У шунингдек, канал қурилишида 38 минг америкалик қурбон бўлганини, канални таъмирлаш учун йилига миллиардлаб доллар сарфланаётганини эслатди.

Трамп Канада бош вазири Жастин Трюдони «Канада губернатори» деб атаб, Канада АҚШнинг 51-штатига айланса, солиқлари 60 фоизга тушишини айтди.

У Гренландияга ҳам мурожаат қилиб, уни АҚШ учун миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан зарур ҳудуд деб атади. «Халқимиз истаяпти. Биз у ерда бўламиз!» — деди у.

Шу билан бирга, Дания ҳукумати Гренландия хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун 1,5 млрд доллар ажратаётганини эълон қилди. Панама президенти Рикардо Мулино эса бу баёнотларга кескин жавоб берди: «Панама канали бизники ва суверенитетимиз муҳокама қилинмайди!»  

Мавзуга оид