Жаҳон | 18:16 / 27.12.2024
3505
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея парламенти президент вазифасини бажарувчи Хан Док Суга импичмент эълон қилди

Жанубий Корея парламентининг 192 депутати мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Хан Док Суга импичмент эълон қилишни ёқлаб овоз берди. У Конституциявий суд таркибига янги судяларни тайинлашдан бош тортиб келаётган эди.

Фото: AP

Жанубий Корея Миллий ассамблеяси (парламент) мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Хан Док Суга импичмент эълон қилишни ёқлаб овоз берди, деб ёзади Yonhap агентлиги.

Қайд этилишича, импичмент учун 192 депутат овоз берган, қаршилар — нол.

Импичмент тўғрисидаги илтимосномани мухолифат Демократик партия киритган. Бундай қарор Хан олдинги президент Юн Сок Йолнинг импичментини кўриб чиқадиган мамлакат Конституциявий суди таркибига қўшимча уч нафар судяни тайинлашдан бош тортгани сабаб қабул қилинган.

Жанубий Корея Конституциявий суди тўққиз нафар судядан иборат. Юннинг импичменти тўғрисидаги қарорини камида олти нафар судя қўллаб-қувватлаши керак. Ҳозирда Конституциявий суд таркибида олти нафар судя бор, шу боис битта қарши овоз ҳам Юнга ҳокимият тепасида қолиш имконини беради.

14 декабр куни Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни жорий этишга урингани учун мамлакат президенти Юк Сок Йолга импичмент эълон қилишга овоз берди. Конституцияга мувофиқ давлат раҳбарлиги ваколатлари вақтинча бош вазир Хан Док Суга ўтди. Агар Конституциявий суд президент четлатилганини тасдиқласа, мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказилади.

Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз декабр ойи бошида президент Юн Сок Йол кутилмаганда 1979 йилдан бери биринчи марта ҳарбий ҳолат эълон қилиб, конституциявий тузумни «коммунистик кучлар» ва Шимолий Корея таҳдидларидан ҳимоя қилиш зарур деб атаганидан сўнг авж олди. Ҳарбий ҳолат барча сиёсий фаолиятни, жумладан, парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлашни англатарди.

Ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан кейин деярли дарҳол 190 нафар депутат парламентга кириб, президент қарорини блоклашга муваффақ бўлди. Юн Сок Йол ҳарбий ҳолат жорий этилганидан олти соат ўтиб уни бекор қилишга мажбур бўлди.

 

Мавзуга оид