«Қарорлари мажбурий кучга эга эмас» — Олий таълим вазирлиги нодавлат ОТМлардан пул сўраган кенгаш ҳақида
Республика олий таълим кенгаши нодавлат олийгоҳларга талабалар контрактидан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ОТМни ривожлантириш жамғармасига ўтказиш таклифини берганди. Вазирлик ушбу кенгаш нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиши ва қарорлари мажбурий кучга эга эмаслигини билдирди.
Республика олий таълим кенгашининг 2024 йилнинг 29 ноябр куни тасдиқланган баённомасида нодавлат олийгоҳлар контрактидан тушадиган маблағнинг 4 фоизини Олий таълим кенгашига ўтказиш таклиф қилингани тўғрисида хабар берилганди. Ҳуқуқшунослар нодавлат ОТМлар буни тўлашга мажбур эмаслигини маълум қилди. ЎзЛиДеПдан Дилмурод Ортиқов ҳолат бўйича олий таълим вазири ва бош прокурорга депутатлик сўрови юборди.
Вазирлик муносабатида айтилишича, Республика олий таълим кенгаши нодавлат нотижорати ташкилоти сифатида фаолият юритиб, давлат функцияларини амалга оширмайди ва қарорлари мажбурий кучга эга эмас. У ўз фаолиятида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характерга эга таклифлар ишлаб чиқади.
Кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида республика олий таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва уларни халқаро рейтингларга киришига кўмаклашиш ва бошқалар ҳисобланади.
Таъкидланишича, муҳокамага сабаб бўлган нодавлат олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт шаклидаги ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш мажбурияти кўзда тутилмаган.
«Ҳар қандай маблағ билан боғлиқ ҳаракатлар ва муносабатлар тегишли шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги шартнома эркинлигини кафолатлайди. Кенгаш доирасида ёки қонунчиликка мувофиқ бундай муносабатларни мажбурлаш учун механизмлар мавжуд эмас. Шу боис, ҳар қандай молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлар томонларнинг ихтиёрий келишувлари асосида амалга оширилиши табиий ҳолатдир», — дея қайд этилади муносабатда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолайди.
Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Мавзуга оид
14:25 / 27.12.2024
Олий таълим кенгаши нодавлат ОТМлардан пул сўраяпти. Ҳуқуқшунослар буни қонунчиликка зид деб атади
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
20:42 / 21.12.2024
Талабалар учун контракт пулини тўлаш муддати узайтирилди
16:27 / 11.12.2024