Иқтисодчи Юлий Юсупов Telegram'даги каналида Республика олий таълим кенгашининг 2024 йилнинг 29 ноябр куни тасдиқланган баённомаси эълон қилди. Унда нодавлат ОТМлар Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контрактдан тушадиган маблағининг 4 фоизини ўтказиб бериши ҳақида банд бор. Бу таклифни нодавлат ОТМ ректорлари бергани кўрсатилган. Маблағ ўтказишдан қуйидаги мақсадлар инобатга олингани айтилади:

  • республикада амалга оширилаётган таълимга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш;
  • зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари ва уларнинг талабалари манфаатини ҳимоя қилиш таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни таъминлаш;
  • давлат олий таълим ташкилотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига 4 фоиз миқдорида ажратмалар йўналтириш.

Кенгаш нодавлат ОТМлар билан шартномани 1 ҳафтада ишлаб чиқиши ва 2025 йилнинг 25 январигача маблағлар Республика олий таълим кенгашига келиб тушиши кераклигини таъкидлаган.

Юлий Юсупов буни солиқ деб атаб, Ўзбекистонда солиқларни Олий Мажлисгина эмас, исталган давлат идораси жорий қила оляпти деган фикрда. Шунингдек, у Ўзбекистонни чекловларни билмайдиган амалдорлар учун беҳисоб очил дастурхон деб, пул керак бўлиб бўлса, халқдан йиғиш бошланишини ёзган. “Бунга кимдир қаршилик қилса, текширув юборилади ва лицензияси олинади”, – деган иқтисодчи.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Республика Олий таълим кенгаши солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмаслигини таъкидлаб, бу баённома ҳеч қайси ОТМга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини ёзган.

Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда, амалда билмадим энди). Шу сабабли нодавлат олийгоҳлар Кенгашга 4 фоиз пул ўтказишга мажбур эмаслигини билишлари зарар қилмайди. Унутманг, Республика Олий таълим кенгашининг ўзи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, қанақадир давлатнинг ваколатли органи эмас, кимгадир мажбурият юклайдиган ваколати йўқ. Гарчи баённома матнида мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлса-да, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати. Бундай қарорлар камида Бизнес Омбудсман ҳамда Адлия вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак