Алиев: Россия айбини тан олиши, айбдорларни жазолаши ва товон тўлаши керак
Россия 28 декабр куни Путин узр сўраганида биринчи талабни бажарган, Озарбойжон бошқа шартлари ҳам қабул қилинишини кутмоқда.
Озарбойжон ҳукумати Россияга Оқтовда Azerbaijan Airlines самолёти қулаши билан боғлиқ учта талаб қўйган, деб маълум қилди давлат раҳбари Илҳом Алиев мамлакат телевидениесига берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, бу талаблар 27 декабр куниёқ Россия томонига расман етказилган.
«Улар нимадан иборат? Биринчидан, Россия томони Озарбойжондан узр сўраши керак. Иккинчидан, ўз айбига иқрор бўлиши керак. Учинчидан, айбдорлар жазоланиши, жиноий жавобгарликка тортилиши ва Озарбойжон давлатига, жабрланган йўловчилар ҳамда экипаж аъзоларига товон пули тўланиши керак. Бу бизнинг шартларимиз. Булардан биринчиси кеча бажарилди. Умид қиламанки, қолган шартларимиз ҳам қабул қилинади», – деган президент.
Алиев қўйилган барча талаблар адолатли эканини қайд этган. «Бу ерда ҳеч қандай фавқулодда талаб ёки масала йўқ, бу халқаро тажрибага ва оддий инсоний хатти-ҳаракатлар тамойилига асосланган», – дея қайд этган у.
Илҳом Алиев авиаҳалокатдан кейин AZAL авиакомпаниясига Россиянинг бир неча шаҳарларига парвозларни тўхтатишни буюрганини айтди.
«Ҳа, бу кўрсатмани мен бердим ва бунинг асосий сабаби, албатта, хавфсизлик масалалари. Россиянинг кўплаб шаҳарларида ҳаво ҳудуди вақти-вақти билан ёпилгани сабабли, у ерда махсус иш режими қўлланади. Улар буни «дронга қарши операция» деб аташади. Бир нарсани аниқлаштириш керак: ўша «дронга қарши операция» [самолётимизга] қачон эълон қилинди? Чунки бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, бу операция самолётимиз ташқи таъсирга учраганидан кейин эълон қилинган. Демак, агар шундай бўлса, бу яна маҳаллий хизматлар муаммони яшириш учун қилганини кўрсатади», – деди Алиев.
- Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди. 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Reuters хабарига кўра, Грозний устида «дронлар фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.
- Россия ҳукумати буни тасдиқламаган. Ҳалокатдан икки кун ўтиб Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров самолёта Грозний аэропортига қўниш учун кираётганида шаҳар дронлар ҳужумига учраганини айтган. У самолёт командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилингани, аммо у Оқтовдаги аэропорт томон учишга қарор қилганини билдиран. Шу билан бирга, Euronews телеканалининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбаси шикастланган лайнер экипажи авариявий қўнишни амалга оширишни сўрагани, аммо унга Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмаганини хабар қилган.
- 28 декабр куни РФ президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди ҳамда «Россия ҳаво кенглигида рўй берган фожиали ҳодиса» учун узр сўраб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Мавзуга оид
15:17
«Боку Москва билан олдинги муносабатларда қолмайди» – экспертлар Оқтовдаги фожиа оқибатлари ҳақида
11:30
Ким Чен Ин Путинни «энг яқин дўст» деб атади
17:48 / 31.12.2024
Ҳаммаси яхши бўлади — Путин россияликларга янги йил мурожаати билан чиқди
17:47 / 31.12.2024