Россия президенти Владимир Путин Azerbaijan Airlines самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида ҳалокатга учрагани юзасидан Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон мулоқоти ўтказди, деб хабар берди 28 декабр куни Кремл матбуот хизмати. Хабарда қайд этилишича, мулоқот Россия томони ташаббуси билан амалга оширилган.
Путин «фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани» учун Алиевдан узр сўраган ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Кремл хабарига кўра, Путин Бокудан жадвал бўйича парвозни амалга оширган самолёт «бир неча марта Грозний шаҳридаги аэропорт ҳудудига қўнишга урингани»ни айтган.
«Бу вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказга украинларнинг жанговар учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилган ва Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари бу ҳужумларни қайтарган», — дейилади хабарда.
Кремл баёнотида самолёт ҳалокатига айнан нима сабаб бўлгани айтилмаган. Унда Россия Тергов қўмитаси Жиноят Кодексининг 263-моддаси (Ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши очгани қайд этилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фуқаролик ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинмоқда. Ҳозир Озарбойжон Бош прокуратурасининг икки ходими Грознийда бўлиб, у ерда Россия Бош прокуратураси ва Тергов қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда. Россия, Озарбойжон ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари Оқтовдаги ҳодиса жойида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Озарбойжон президенти матбуот хизмати ҳам кўп ўтмай Путин ва Алиев мулоқоти бўйича ўз версиясини эълон қилди. Ундан маълум бўладики, Путин 25 декабр куни Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган самолёт «Россия ҳаво ҳудудида ташқаридан физик ва техник таъсирга учрагани ва бунинг оқибатида юзага келган фожиали воқеа учун узр сўраган».
Алиев мулоқот давомида самолёт фюзеляжида «кўплаб тешиклар» борлиги, йўловчилар ва экипаж аъзолари «ҳавода эканидаёқ қопламани тешиб ўтиб, самолёт салонига кирган бегона жисмлардан жароҳатлангани»ни айтган. «Омон қолган борт кузатувчилари ва самолёт йўловчиларининг кўрсатмалари ташқаридан физик-техник таъсир бўлгани фактини тасдиқлади», — деган Алиев Путинга.
«Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари ушбу фожианинг барча тафсилотларини жиддий ва кенг қамровли текшириш, шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортиш масалаларини муҳокама қилдилар», — дейилади Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабарида.
Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга парвоз қилган самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Бортдагилардан 29 киши омон қолиб, 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Reuters хабарига кўра, Грозний устида «дронлар фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.










