Кавелашвили Гуржистон президенти лавозимига киришди, Зурабишвили саройни тарк этди
Михаил Кавелашвили Конституцияда назарда тутилган президентлик қасамёдини қабул қилди. Аввалги президент Саломе Зурабишвили президент қароргоҳидан чиқиб кетди, аммо ваколатлари тугамаганини айтди.
Михаил Кавелашвили Гуржистон президенти лавозимини эгаллади. Янги давлат раҳбарининг инаугурацияси республика парламенти биносида бўлиб ўтди.
Кавелашвили Конституцияда назарда тутилган президентлик қасамёдини қабул қилди. Маросимга хорижий элчилар ҳам, чет эллик меҳмонлар ҳам таклиф қилинмади. Унда фақат депутатлар, ҳукумат аъзолари, Гуржистон православ черкови вакиллари, шунингдек, конституциявий органлар вакиллари иштирок этди.
Аввалги президент Саломе Зурабишвилининг ваколатлари инаугурация куни тугади, бироқ у лавозимини тарк этмаслигини айтди. Унинг айтишича, сиёсий инқироздан чиқишнинг ягона йўли парламентни тарқатиб юбориш ва янги парламент сайловларини белгилашдир. Аммо Зурабишвили Орбелиани саройидан (Тбилисидаги президент қароргоҳидан) чиқиб кетди, аввалроқ, бундан бош тортаётган эди. Шунда бош вазир Ираклий Кобахидзе Зурабишвили ваколатларини Кавелашвилига топширишдан бош тортаётгани учун қамоқ билан таҳдид қилди.
26 октябр куни Гуржистоннинг бир палатали 150 ўринли парламентига сайловлар бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда рўйхатдан ўтган 18 партиядан бештаси 5 фоизлик чегарадан ошиб, депутатлик мандатларини олди - бу ҳукмрон «Гуржистон орзуси» ва тўртта мухолифат партияси. 2012 йилдан бери ҳокимият тепасида турган «Гуржистон орзуси» 99 ўринни (53,93 фоиз овоз) қўлга киритди.
Мухолифат сайлов натижаларига рози бўлмади ва уларни сохта деб ҳисоблади. Шундан сўнг, мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланди ва давом этмоқда. Саломе Зурабишвили ҳам намойишчиларга қўшилди: у сайловнинг расмий натижаларини тан олмаслигини ва ваколат муддати тугашига қарамай, президентлик лавозимини тарк этмаслигини айтди, чунки «ноқонуний парламент янги президентни сайлай олмайди».
Мавзуга оид
18:32 / 30.12.2024
Гуржистоннинг янги президенти Тбилиси ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди
13:30 / 27.12.2024
Бербок Гуржистоннинг ЕИга қабул қилиш жараёнини тўхтатишни таклиф этди
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024