Жаҳон | 18:32 / 30.12.2024
3099
2 дақиқада ўқилади

Гуржистоннинг янги президенти Тбилиси ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилди

Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили Тбилиси Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни ўтказишга тайёрлигини, шунингдек, мамлакат АҚШ билан ҳам муносабатларини чуқурлаштириш ниятида эканини таъкидлади.

Фото: Reuters

Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили Тбилиси Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралар жараёнини бошлашга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Гуржистон ҳеч қачон ЕИ аъзоси бўлишдан бош тортмаган.

«Афсуски, бу каби спекуляциялар жамиятимизни қутблаштиришга хизмат қилади, шунинг учун бундай спекуляцияларга ҳақиқат билан қарши туриш — бизнинг бурчимиздир, Гуржистон Европа интеграцияси йўлидан ҳеч қаерга оғишмаган», — дейди Кавелашвили.

Президент мамлакатнинг кейинги устувор мақсади АҚШ билан муносабатларни чуқурлаштириш эканини айтди. Шунингдек, Кавелашвилининг маълум қилишича, ҳукумат мамлакатни бирлаштириш учун тинч ва дипломатик йўл билан ҳаракат қилиши лозим.

Михаил Кавелашвилининг инаугурацияси 29 декабр куни бўлиб ўтди. Кавелашвили Конституцияда назарда тутилган президентлик қасамёдини қабул қилди. Маросимга хорижий элчилар ҳам, чет эллик меҳмонлар ҳам таклиф қилинмади. Унда фақат депутатлар, ҳукумат аъзолари, Гуржистон православ черкови вакиллари, шунингдек, конституциявий органлар вакиллари иштирок этди.

Шу куни ҳам мамлакатда бўйлаб норозилик намойишлари давом этди. Гуржистонда митингларнинг янги тўлқини ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича қарор қабул қилганидан кейин бошланган.

Мавзуга оид