Хитой Тибет жанубида дунёдаги энг йирик ГЭСни қурмоқчи. Аҳоли, Ҳиндистон ва экологлар қарши
Бу қарор маҳаллий аҳоли, қўшни Ҳиндистон ва экологлар томонидан қаттиқ қаршиликка учраяпти. Маҳаллий тибетликлар эса мазкур лойиҳа оқибатида кўчириб юборилиш хавфига дуч келмоқда. Улар учун бу нафақат уй-жой йўқотиш, балки кўп асрлик маданий ва тарихий меросидан айрилишни англатади.
Ҳиндистон ГЭС қурилиши ўзининг сув таъминотига жиддий хавф солиши мумкинлигини таъкидлаяпти. Лойиҳа Ҳинд дарёсига сув оқимини қисқартиради, бу эса Ҳиндистоннинг катта қисмида сув етказиб бериш тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Экологлар бу ГЭС қурилиши Тибетнинг нозик экологик тизимига қайтариб бўлмайдиган зарар етказишидан хавотирда. Улар қурилиш минтақа биохилма-хиллигига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Хитой ҳукумати бу ГЭС мамлакат энергия таъминотини ошириш ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун муҳим эканини таъкидлаяпти. Аммо, лойиҳанинг глобал ва минтақавий оқибатлари бўйича муҳокамалар ҳамон давом этмоқда, деб ёзмоқда BBC.
Пекин дарёнинг қуйи қисмидаги Браҳмапутра (Хитойда — Цангпо дарёси) бўйлаб дунёдаги энг йирик ГЭС қуришни режалаштирмоқда. Жанубий Осиёнинг энг йирик сув артерияларидан бири бўлган бу дарё Ярлунг Цангпо ёйиладиган дарада оқади ва унинг сувларидан янги ГЭС учун сув омбори шакллантирилади.
Хитой бу лойиҳа ҳақида илк марта 2020 йил охирида эълон қилган эди. Расмий маълумотларга кўра, янги гидроэлектрстанция Хитойдаги Янгжи дарёсида қурилган ва ҳозирги кунда дунёдаги энг қудратли ГЭС бўлган «Уч дара» станциясидан уч баравар кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқаради.
Хитой давлат нашрлари янги ГЭСни «Хитой экологик фаровонлигини муҳофаза қилишга қаратилган хавфсиз лойиҳа» сифатида таърифлайди. Расмийлар бу ГЭС мамлакатда углерод чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиради ва маҳаллий аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилади, деб таъкидлаяпти.
Бироқ экспертлар, инсон ҳуқуқлари бўйича фаоллар ва экологлар лойиҳа салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Улар қурилишнинг атроф-муҳит ва Браҳмапутра дарёси соҳасидаги аҳолига етказадиган салбий таъсирлари лойиҳа бериши мумкин бўлган фойдадан анча ортиқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
ГЭС қурилиши маҳаллий аҳолининг катта қисмини ўз жойидан кўчиришни талаб қилади. Айтишларича, бу лойиҳа доирасида бир миллиондан ортиқ тибетлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлади.
Шунингдек, мазкур минтақа ландшафти сезиларли даражада ўзгариши мумкин, бу эса ўзига хос экологик тизимлар йўқолиши ёки улар жиддий зарар кўришига олиб келади. Экологлар таъкидлашича, бу минтақа биологик хилма-хиллик ва экотизимлар бойлиги билан ажралиб туради, бу эса Тибет тоғли ҳудудининг бошқа қисмларида кўп учрамайди.
Хитой 1950-йилларда Тибетни аннексия қилиб олганидан бери бир неча ГЭС қурган. Бу ҳолат тибетлик ҳуқуқ фаоллари ва жамоат арбоблари томонидан Хитойнинг Тибет халқини ва ерларини эксплуатация қилиши сифатида баҳоланади. BBC билан интервюда улар бу лойиҳани Пекиннинг тибетликлар манфаатларига эътиборсизлигига яна бир мисол сифатида таърифлаган.
Тибет жамоалари, асосан буддизм динига эътиқод қиладиганлар, сўнгги йилларда Хитой ҳукумати томонидан кўплаб репрессияларга учраган. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, бундай тазйиқлар натижасида минглаб тибетликлар жабр кўрган бўлиши мумкин.
Жорий йил апрел ойида Хитой ҳукумати Дричу дарёсидаги Камток тўғони қурилишига қарши намойиш ўтказган юзлаб тибетликларни ҳибсга олганди. Ҳибсга олишлар давомида тибетликларга қўпол муомалага кўрсатилди, уларнинг кўпчилиги калтакланди. Кейинчалик кўплаб намойишчилар қамоққа олинди ва оғир жароҳатлар олди.
BBC минтақадаги манбалар ва видеотасвирларни тасдиқлаш орқали бу ҳодисалар ҳақиқийлигини аниқлаган. Бу воқеалар тибетликларнинг ўз ерлари ва табиий ресурсларини ҳимоя қилишга бўлган уринишлари қанчалик хавфли ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Камток тўғонини қуриш лойиҳаси бир неча қишлоқни кўчиришни тақозо этади. Қолаверса, қурилиш натижасида бир нечта қадимий буддавийлик монастирлари сув остида қолиши мумкин. Пекин ушбу қишлоқлар аҳолисини кўчириш ва уларнинг йўқотишлари учун компенсация ваъда берган. Шунингдек, тибетликларнинг қадимий диний ёдгорликлари бошқа ҳудудларга кўчирилиши таъкидланган.
Браҳмапутра дарёсидаги дамба қурилишига келсак, Пекин ҳали сув босиши мумкин бўлган ҳудудлардан кўчириладиган аҳоли сонини ошкор қилмади. Маълумки, «Уч дара» ГЭС қурилиши жараёнида 1,4 млн киши кўчирилган эди.
Хитой расмийлари Браҳмапутра дарёсидаги қудратли ГЭС қурилиши атроф-муҳитга жиддий зарар етказмайди, деб ишонтирмоқда.
Бироқ экологлар бу фикрга шубҳа билан қарамоқда. Улар Пекин режасига кўра, дамба қурилиши учун Намча Барва тоғидан узунлиги 20 км бўлган камида тўртта туннел қазиш керак бўлишини таъкидлашмоқда. Бундай кўламли қурилиш атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир этмасдан амалга оширилиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди экологлар.
Осиёнинг «сув манбаси» устидан назорат
Хитойнинг жанубий Тибетда янги ГЭСлар қуриш режалари қўшни мамлакатлар томонидан баҳсли ҳудуд устидан тўлиқ назорат ўрнатиш ва янги иқтисодий босим воситаларини қўлга киритишга уриниш сифатида қабул қилинмоқда.
Ҳиндистон бу лойиҳадан жиддий хавотирда. Мамлакат раҳбарлари ва мутахассислар фикрича, ГЭС қурилиши Хитойга Браҳмапутра дарёси устидан тўлиқ назоратни тақдим этади. Бу дарёнинг катта қисми Ҳиндистон ҳудудидан ўтади.
Тибет тоғлиги кўпинча «Осиёнинг сув манбаси» деб аталади, чунки Жанубий Осиё мамлакатларини сув билан таъминлайдиган асосий дарёлар айнан шу ҳудуддан бошланади. Браҳмапутра — Жанубий Осиёнинг энг йирик дарёларидан бири бўлиб, Бенгал кўрфазига қуйилганда, Ганг билан биргаликда 100 минг километр квадратли умумий делтани ташкил қилади.
Ҳиндистонда Браҳмапутра Ассам ва Аруначал-Прадеш штатлари орқали оқиб ўтади ва маҳаллий аҳоли учун ҳаёт манбайи ҳисобланади. Ушбу дарё нафақат қишлоқ хўжалиги, балки минтақадаги бутун экотизим учун муҳим аҳамиятга эга.
Тибетда Браҳмапутра дарёсида тўғон қурилиши Хитойга дарёнинг оқим йўналишини ўзгартириш имкониятини ҳам беради, деб таъкидлайдилар мутахассислар. Бу эҳтимол Ҳиндистон ва Бангладеш учун катта хавф туғдиради. Айниқса, Хитойнинг жанубдан сувларни сув ресурслари кам бўлган мамлакат шимолига йўналтириш бўйича узоқ муддатли ва кенг кўламли режаларини ҳисобга олганда.
Австралияда жойлашган Лоуи институти мутахассислари таъкидлашича, Тибет тоғлигида бошланувчи дарёлар устидан назорат қилиш Хитойга ўз қўшнилари, айниқса, кўплаб дарёларни Хитой билан «бўлишадиган» Ҳиндистон иқтисодиёти устидан назорат ўрнатиш имконини беради.
Хитойнинг Браҳмапутра дарёсида ГЭС қуриш режалари ҳақидаги хабаридан сўнг, Ҳиндистон ҳукумати ўз навбатида Аруначал-Прадеш штатида, ушбу дарёнинг пастки оқимида бир нечта ГЭС қуриш лойиҳаларини эълон қилди. Ҳиндистон расмийлари бу режалар Хитойдаги ГЭС қурилиши оқибатидаги салбий таъсирларни «камайтириш»га қаратилганини таъкидламоқда.
Бу ҳудуд ГЭС қурилиши учун жуда жозибадор ҳисобланади. Ярлунг Цангпо канйони дунёдаги энг чуқур канйон бўлиб, бу ерда дарё оқимининг умумий баландлик фарқи тахминан 2000 метрни ташкил қилади — бор-йўғи 50 км масофада.
Шу билан бирга, Ярлунг Цангпо канйони Ҳинд-Евроосиё тектоник плиталари тўқнашув жойида жойлашган. Шундай қилиб, Хитой лойиҳаси танқидчилари дамба қурилиши режалаштирилган ҳудуд ўта сейсмик хавфли зонада жойлашганини таъкидлайди. Бу ерда зилзилалар магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 8,6 даражага етади.
Экспертлар, шунингдек, шунчалик тор ва чуқур дарада дамба қурилиши кўплаб ер қимирлашлари юзага келишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилади. Ер қимирлаши ва зилзилалар тўғоннинг ўзи учун жуда хавфли. Унинг вайрон бўлиши катта фалокат ва кўплаб қурбонларга олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
20:02 / 31.12.2024
Хитой ТИВ: Пекин коронавирусга оид маълумотларни чекловларсиз тақдим этиб келган
22:58 / 30.12.2024
FT: Хитой ҳукумати бизнесменларни ҳибсга олиш тўлқинини тўхтатишга уринмоқда
21:36 / 30.12.2024
Хитой энг тез тижорат поездини тақдим этди
16:36 / 30.12.2024