Жаҳон | 20:02 / 31.12.2024
1670
2 дақиқада ўқилади

Хитой ТИВ: Пекин коронавирусга оид маълумотларни чекловларсиз тақдим этиб келган

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат COVID-19 га оид маълумотларни ЖССТ ва дунё ҳамжамиятига ҳеч бир чекловсиз тақдим этиб келганини маълум қилди. Бу каби баёнот АҚШнинг коронавирус Ухан лабораториясида яратилгани айтилган ҳисоботи фонида янграмоқда.

Фото: Reuters

Хитой ҳукумати COVID-19 га оид маълумотларни шерикларига топширишга ҳеч қачон бирор-бир чеклов қўймаган. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, деб ёзади Reuters.

«Беш йил олдин Хитой ЖССТ ва дунё ҳамжамиятига эпидемия, вируснинг генетик хусусиятларига оид маълумотларни зудлик билан тақдим этишни бошлади. Профилактика чоралари, вазиятни кузатиш ва даволаш усуллари бўйича тажрибамиз билан чекловларсиз ўртоқлашдик», — дейди Хитой ТИВ вакили Мао Нин.

Унинг баёноти ЖССТ Пекинни COVID-19 бўйича кўпроқ маълумотларни тақдим этиш ва пандемиянинг келиб чиқишини янада яхшироқ тушуниш учун муҳим объектларга киришга рухсат бериш борасидаги чақириғидан кейин янгради.

Декабр ойи бошида АҚШ ҳукумати коронавирус тарқалишининг сабаблари бўйича икки йиллик текширувларга бағишланган ҳисобот эълон қилганди. Унда COVID-19 катта эҳтимол билан Уҳан лабораториясида пайдо бўлгани айтилган. Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, вирусда табиатда учрамайдиган хусусиятлар аниқланган.

Бунга жавобан Женгли Уҳан лабораторияси пандемияга олиб келган SARS-CоV-2 ни ўрганиш билан шуғулланмаганини айтди. Уҳан вирусология институти вакили Хитой жанубидаги кўршапалаклардан олинган ўнлаб янги коронавирус турлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. Институт музлаткичларида сақланаётган вирусларнинг ҳеч бири COVID-19 нинг сўнгги аждодлари қаторига кирмайди. 

Мавзуга оид