Жамият | 22:30 / 02.01.2025
24617
13 дақиқада ўқилади

“Чумоли”: нолдан кўтарилган йигитлар ҳикояси

Instagram'нинг ўзбек сегментида ҳаётий муаммоларни ортиқча бўрттириш ва муболағаларсиз кўрсатиб бера оладиган блогерлар бармоқ билан санарли. 2023 йилда ўзининг қисқа метражли фильмлари билан бу маконга кириб келган “Чумоли” жамоаси ана шулардан бири. Уларнинг видеолари ўртача 2 миллиондан 11 миллионгача томоша қилинган. 150 га яқин видеолари орқали 700 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган. Хўш, қисқа вақт ичида бу жамоа қандай қилиб муваффақиятли лойиҳага айлана олди? Улар бу ҳақда Kun.uz'га гапириб берди.

“Чумоли” жамоаси муаллифлари Баҳодир Раҳимов ҳамда Жасур Рустамов Kun.uz билан интервюда лойиҳанинг ташкил топиши, контентларнинг тасвирга олиниш жараёни, ижод эркинлиги, аудитория маданияти, муаллифлик ҳуқуқи каби мавзуларга тўхталишди.

“Роботлашаётган”имни сезиб ишдан бўшаганман

Баҳодир Раҳимов: Ижоддаги ҳамкасбим Жасур билан ўн икки йиллик дўстмиз. Иккаламиз ҳам Республика мусиқа ва санъат коллежида актёрлик ва режиссёрлик бўйича таҳсил олганмиз. Коллежни тамомлагандан сўнг Жасур Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқишни давом эттирди. Мен эса тезпишар таом тайёрловчи марказда фаолиятимни бошлаб, оддий ишчидан менежер даражасигача кўтарилдим.

Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди: яхши раҳбарлар қўл остида қониқарли маош билан фаолият юритаётгандим, аммо қалбимдаги ижодга талпиниш ҳисси магнитдек тортиб турарди. Ходим сифатида ишлаб юрган вақтларимда ўзимни роботдек тасаввур қилардим, бир топшириқ тугаса, нафас олишга ҳам улгурмай иккинчисини бажаришга шай ҳолатда туриш керак. Фикрлаш, ҳаётимни таҳлил қилишга деярли вақт бўлмасди. Даромад яхши келса-да, ич-ичимдан қониқишни ҳис этмасдим. Бир кун ўзим билан ўзим яхшилаб гаплашиб олдим, нимани хоҳлаётганим, қайси касбда маза қилиб ишлай олишимни ўйладим ва ишимни тўхтатиб ижод йўлига киришга қатъий қарор қилдим.

Жасур Рустамов: Ўқишни тугатиб, кино, клип, телеканалларда турли контентлар олинишида постановкачи оператор бўлиб ишладим. Ўзим мустақил кино олиш, унда ҳам режиссёр, ҳам оператор бўлишни хоҳлардим. Орада қўшимча ижодий ишлар ҳам қилиб турардик. Яхши роллар бўлса, Баҳодирни таклиф қилардим, эпизодларда ўйнарди. Бир сафар Баҳодир билан филм тасвирга олиш вақтида Instagram учун контент яратиш ғояси пайдо бўлган. Бу платформага қисқа метражли филмлар ишлаб, жойлаш бориш таклифини берганман. Бошида Баҳодир ҳам, атрофимиздаги бошқа дўстларимиз ҳам “бу йўналишнинг кетмони Instagram'да яхши учмайди”, “комедия, вайн орқали тезроқ кўтарилишингиз мумкин” деган фикрларни билдиришган. Контент яратувчилар бозорини таҳлил қилиб кўрганмиз, қайси йўналишда, нима мавзуларда медиа маҳсулотлар ишланаётганини кузатганмиз. Ва охири ўзимиз танлаган йўналишда ижод қилишга тўхталганмиз. Ҳозир атрофдагилар “зўр йўналиш топгансизлар”, “бу йўналишда биринчи бўлдингиз”, дейишади. Бошланишида қарама-қарши фикрлар кўп билдирилар экан, одам ўз ғоясига ишониб, уни реализация қилиш орқали тўғрилигини жамиятга охиригача исботлаш керак.

Баҳодир Раҳимов: Кинода баъзи йўлларимиз тўсиқ бўлган. Шу сабаб бошқа муҳит, бошқа шароит, бошқа ишда ишлаб туриб, сценарийлар ёзиб, икки-учта контент ҳам олганмиз. Айни шу жойда эски раҳбарларимиздан узр сўрамоқчиман, “у ер, бу ерда ушланиб қолдик” деб баҳона қилиб, кўчада сёмкада юрган вақтларимиз бўлган. Ижодни тўлиқ бошлаш арафасида раҳбарларга вазиятни тўғри тушунтириб, улардан дуо олиб, рози-ризочилик билан “Чумоли” лойиҳасига шўнғиганмиз.

Нима учун айнан “Чумоли”?

Жасур Рустамов: Ном учун бир нечта алтернатив вариантлар бўлган. Жамоага “Чумоли” деб ном қўйиш таклифи Баҳодирдан чиққан. Бошида кулгили эшитилган. Тўғриси, ёқмаган ҳам. Бироқ “Чумоли жаннатга кирувчи ҳашарот”лигини айтиб, бу сўз рамзий маънода ўзига хос кучли ғояларни ифодалагани учун шу номда тўхталганмиз. Чумолилар меҳнатсеварлик, бирдамлик, жамоавий катта ютуқларга эришиш учун кичик қадамлар қўйиш рамзи ҳисобланади. Яъни бу ҳашаротлар кичик бўлишига қарамай, кучларини ўзаро бирлаштириб катта юкларни кўтаришади ва катта ишларни амалга оширади. Мазкур ном жамоанинг ҳар бир кичик қадами катта натижаларга олиб келади, деган яхши ниятда танланган. Лойиҳа, асосан, 20-30 ёшлиларга мўлжалланган. Катта ҳаётга энди қадам қўйиб келаётган, мақсадим нима, мотивациям қаерда деб юрган ёшларни кўпроқ қамраб олишга ҳаракат қиламиз.

Лойиҳа “0” буджет билан бошланган

Жасур Рустамов: Ишонасизми, лойиҳани энди йўлга қўйган пайтимизда қўлимизда ҳеч қандай моддий ресурс бўлмаган. Аллоҳ берган иқтидор, фикрлаш қобилияти, хоҳиш ва ҳаракат бор эди, холос. Видеоларни Iphone 12 телефонида олардик, бошқа ҳеч қандай ускуналар: микрофон, чироқ, штатив, ронин бўлмаган яъни техник томонлама кучли имкониятимиз йўқ, деярли нолга тенг эди. Тўғри, техник омил контентнинг сифатли чиқишига ёрдам беради, лекин кўп нарса ғоя ва сценарийга боғлиқ, техника бор-йўқлигини биринчи ўринга чиқариш шарт эмас.

Кези келганда дўстларимиздан қарз олиб, контент учун сарфлаган кунларимиз кўп бўлган. Лойиҳани молиявий базасиз, таваккалига бошлаганмиз. Иккаламиз ҳам оилали бўлишимизга қарамай, қийин вазиятлар, пул билан боғлиқ масалалар юзага келиб қоладиган кунларга тайёр эдик.

Машҳурлар фикр билдириши катта мотивация бўлган

Баҳодир Раҳимов: Одатда, бирор ишни бошлаётганингизда ўша йўналишда бозорда энг зўрлари кимлигини таҳлил қиласиз ва маълум маънода уларга эргашасиз. “Mittivine” жамоаси ҳурмат билан кузатадиган ижоддошларимиздан бири бўлган. Instagram'га жойлаган биринчи контентимизга ушбу жамоа аъзоларидан бири Мурод Солиҳов томонидан ижобий изоҳ ёзилиши бизга катта мотивация берган. Янги йўналишда майдонга эндигина кириб келаётган пайтда кўп йилдан бери ўз номи ва юзига эга бўлган ўша соҳадаги инсонларнинг қўллаб-қувватлаши, фикримча, ҳар қандай инсонга катта куч беради.

Энг қийини – оригинал ғоя топиш

Жасур Рустамов: Кўпчилик кадр ортида катта жамоа ишлайди, деб ўйлайди, аслида ундай эмас. Сценарийни ўзимиз ёзамиз, сёмкани ҳам ўзимиз қиламиз. Баҳодир кўпроқ ролларни ижро этади, операторликка қизиққаним учун техник томонларга мен масъул бўламан. Бизга ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда бўлгани яхши, сабаби ижодкор одам ролни тушуниб ижро этса ва монтаж ишларини ҳам ўзи тайёрласа, сифатлироқ, таъсирлироқ контент чиқади, деб ҳисоблаймиз.

Воқеаларда ўзимиз гувоҳ бўлган жараёнлар акс этади. Атрофни кузатиб, ғояни шакллантирамиз. Контентларимиздаги қаҳрамонларнинг ҳаммаси ҳаётдан олинган.

Иш жараёнидаги асосий қийинчилик оригинал ғоя топишда бўлади. Битта сценарий ўртача 3-4 кун давомида ёзилади, 3-6 кун ичида сёмка қилинади. Шунинг учун ҳам ҳозирда видеоларимиз чиқиш интервали катталашган. "Одамлар видео кутяпти, бирон нима чиқариб қўяйлик", деган нарсани ўзимизга эп кўрмаймиз, асосан, сифат ва қадрият учун ишлаймиз.

Баҳодир Раҳимов: Битта видеони сёмка қилиш учун беш-олтита локациядан фойдаланамиз, баъзан ундан ҳам кўп. Ўртача 200-500$ атрофида харажат кетади. Ғоялар, асосан, кечки пайт келади. Сценарийлар тунда ёзилгани ҳисобига эртаси куни бўладиган сёмка жараёнида фойдаланиладиган кийим, декорация каби зарур элементларни топишга қийналиб қоламиз. Айниқса, локация топиш катта масала бўлади.

Аудитория фикри орқали ўзимизни тарбиялаймиз

Жасур Рустамов: Видео тармоққа жойланганидан сўнг, уч-тўрт соат давомида ёзилган изоҳларни ўқиб чиқамиз. Қанақа фикр билдирилган, қаерда камчиликка йўл қўйдик, ҳаммасини бир-бир Баҳодир билан ўтириб таҳлил қиламиз ва кейинги видеоларда бу хатоларни қайтармаслик ҳаракатида бўламиз. Кузатувчиларнинг контентни қандай қабул қилиши ва фикри бизга доим қизиқ бўлган.

Баҳодир Раҳимов: Салбий фикрлар ора-орада учраб туради. Мавзуга алоқадор бўлмаган изоҳ ёзиб, шахсий камситишга ўтиб кетадиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай инсонлар билан шахсий хабарлар бўлимида ёки телефон орқали алоҳида гаплашиб, нега бундай фикр қолдирганини аниқлаймиз. 99% ҳолатда негатив ёки ҳақоратлаб ёзган инсонлар бемақсад коммент қолдирган ёки ичидаги нафратини айнан шу изоҳ орқали чиқариб олмоқчи бўлган бўлади.

Муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилишмайди

Жасур Рустамов: Instagram'да Чумоли номи ва логотипи билан очилган 10 га яқин аккаунт бор. Уларда биз тайёрлаган контентларни жойлашади. Фейк аккаунтларни очган админлар бизнинг меҳнатимиз орқали кузатувчилар ва кўришлар сонини тўплайди, реклама асосида маблағ топиши ҳам мумкиндир балки. Бировнинг меҳнати эвазига топилган нарсалар кўнгиллари ва қоринларига қандай ботади, билмайман. Майли, биз бунга қарши эмасмиз, бироқ муаллиф сифатида аввал ўзимиздан рухсат сўрашларини талаб қиламиз. Муаллифлик ҳуқуқимиз бузилгани учун шу вақтга қадар қонуний чора кўришларини сўраб, ҳеч қаерга мурожаат қилмаганмиз. Сабаби муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи масъул ташкилот борлигидан хабаримиз бўлмаган.

Суфлёр актёрларни “тахталаштирди”

Баҳодир Раҳимов: Олдин актёрлар ролларни ёдлашарди, ҳозир эса суфлёрдан фойдаланишяпти. Бу усулни умуман қўллаб-қувватламаймиз. Актёр нима қилаётганини ўзи тушунмайди, тўтидек ёзилган гапни такрорлайди. Аслида ижодкор ўзи ишини ҳис қилиб, ҳолатга кириб, сценарийга импровизация қўшиб ижро этган роли бошқача бўлади. Кино соҳасига суфлёр ижодий жараёнларни тезлаштириш мақсадида кириб келган эди, аслида. Лекин кино яратиш фабрикадан кийим ишлаб чиқариш эмас-ку, бу узоқ вақтни оладиган ижодий жараён. Суфлёр ҳам қайсидур жойларда керакдир, лекин тартибсиз ва ноўрин ишлатилмаслиги керак.

Кинода цензураларни камайтириш керак

Жасур Рустамов: Бизда сценарий умумий мазмунидан тортиб кичик бир эпизодигача аралашишлар кўп. Мисол учун, бир неча йил аввал қишлоққа қисқа метражли филм ишлаш учун борганмиз. “Суратга олиш вақтида лой ва тошлоқ кўчалар, оқланмаган уйлар умуман кўрсатилмасин”, деган топшириқ тушган. Қишлоқ колорити ўзи айнан шу элементлар билан очиб берилади-ку. Усиз қишлоқ муҳитини қандай тасвирлаш мумкин?! Шу каби фаолиятга аралашишлар ижодни ҳам, ижодкорни бўғади, натижада қўлсилтар вазият юзага келиши мумкин.

Қўшни Қозоғистонда кечаётган жараёнлардан намуна олсак бўлади. Қозоқ кино ижодкорлари авваллари ўзбек киносига ҳавас билан қарарди, ҳозир эса бу борада биздан анча олдинга ўтиб кетди. У ерда ижодкорлар филм ишлаш учун мустақил студиялар яратиб, инвесторларни жалб этишяпти. Шахсий реклама орқали ривожланяпти ва уларнинг ишига ҳеч ким (давлат) аралашмаяпти. Ўзбек филм майдонида ҳам эркин ижод муҳити ва цензуралардан холи назоратни шакллантириш керак. Балки шунда эски ишланган ўзбек филмларининг сифат даражасига қайтиб қолармиз.

Баҳодир Раҳимов: Яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, гарчи қўпол эшитилса ҳам, кинога эмас, киссага кетиб қолаётган маблағлар ҳам оз эмас. Ҳар йили оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кино ишлаш учун миллиардлаб маблағ ажратилаётганлиги эълон қилинади. Лекин халқ ҳисобидан кино соҳасига сарфланаётган бу пуллар ҳали ўзини оқламади. Маблағлар киногача тўлиқ етиб келмаяпти. Сценарийни тасдиқлатиб, филм ишлаш учун пул ола олмай сарсон бўлаётган режиссёрлар ҳам йўқ эмас.

Тўлиқ интервюни Kun.uz’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Операторлар: Жавоҳир Ғайратов, Зияддин Маматжонов.
Монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов. 

Мавзуга оид