Жаҳон | 11:14 / 03.01.2025
11493
10 дақиқада ўқилади

Янги Орлеандаги фожиа: ҳужум қилган шахс ҳақида нималар маълум?

Шамсуддин Жаббор АҚШ армияси фахрийси бўлган, ИШИДга мойиллик билдирган ва ўз оиласини ўлдириш нияти ҳақида гапирган. Расмийлар Янги Орлеандаги ҳужумнинг Лас-Вегасда Tesla Cybertruck портлаши билан алоқдорлигини текширмоқда.

1st Brigade Combat Team, 82nd Airborne Division

Нима бўлганди?

2025 йил 1 январга ўтар кечаси Янги Орлеанда Ford F-150 Lightning русумли электр пикап ҳайдовчиси француз кварталидаги Бурбон-стритда янги йилни нишонлаётган одамларни босиб кетди — бу шаҳардаги доимо одамлар билан гавжум бўладиган ва сайёҳлар орасида машҳур марказлардан ҳисобланади. Шундан кейин ҳайдовчи машинадан чиқиб, атрофдагиларни ўққа тута бошлаган. Полиция жавобан ўқ узган, отишма вақтида ушбу шахс ўлдирилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жабборнинг ўзи билан бирга жами 15 киши ҳалок бўлган, камида 35 киши яраланган.

Полиция ҳайдовчи ҳаракатини қасддан амалга оширгани ва максимал даражада зарар етказишга уринганини қайд этган. Федерал қидирув бюроси Янги Орлеандаги оммавий қотилликни террорчилик акти сифатида текширмоқда — машинадан ИШИД байроғи топилган — ва унинг эҳтимолий шерикларини қидирмоқда.

Бурбон-стрит ҳудудидан қўлбола портловчи қурилма ҳам топилган ва зарарсизлантирилган.

Аммо ҳозирча ИШИД ҳам, бошқа ташкилот ҳам ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Ҳужум қилган шахс ҳақида нималар маълум?

ФҚБ ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритган: бу 42 ёшли Шамсуддин Жаббор бўлиб, у Техас штати Бомонт шаҳрида туғилиб ўсган.

2004 йил августида Жаббор АҚШ ҳарбий-денгиз кучларини тайёрлаш марказига ўқишга кирган, аммо бир ой ўтиб дастурни тарк этган.

2007 йил мартидан 2015 йил январига қадар Жаббор АҚШ армиясида кадрлар тайёрлаш бўйича мутахассис ва ахборот технологиялари соҳаси мутахассиси сифатида хизмат қилган. 2009 йил февралидан 2010 йил январига қадар Жаббор Афғонистонда командировкада бўлган.

Унинг укаси, 24 ёшли Абдур New York Times газетаси мухбирига Шамсуддин нима иш қилишини билмасдан, армияга кетганини айтади.

2015 йилдан 2017 йилгача Жаббор Жоржия штати университетида ўқиб, компютер ахборот тизимларида бизнес бошқаруви бўйича диплом олади.

Талабалар газетасига берган интервюсида у фуқаролик ҳаётига мослашиш қийинчиликлари ҳақида гапирган. Хусусан, ўқишга тўлов қилиш учун фахрийлар стипендиясини олиш йўлидаги бюрократиядан ҳамда армия жаргонларидан қутула олмаётганидан нолиган.

Фаол хизматдан бўшаганидан кейин ҳам, 2015 йилдан 2020 йилга қадар армия захирасида қолган. Times нашри ёзишича, Жаббор 82-ҳаво-десант дивизиясининг 1-бригада жанговар гуруҳида ахборот технологиялари гуруҳини бошқарган. Бу бўлинма «Иблис бригадаси» деб аталган.

Жаббор армиядаги карьерасини катта сержант мақомида якунлаган.

Унда ов ва балиқчилик учун лицензия бўлган, шунингдек кўчмас мулк агенти учун берилган лицензияга эгалик қилган, унинг муддати 2023 йилда тугаган.

Жаббор икки бор уйланган. Биринчи рафиқаси билан 2012 йилда ажрашган; уларнинг икки қизи бор. У 2017 йилда яна уйланиб, иккинчи оиласи билан 2022 йилгача яшаган, унинг бу никоҳидан бир ўғил туғилган.

Абдурнинг сўзларига кўра, ака-укалар христиан оилада ўсган, аммо Шамсуддин анча йиллар ислом динини қабул қилган. «Билишимча, у ҳаётининг кўпроқ қисмини мусулмон сифатида ўтказди. Унинг ўзини тутиши эса исломни ифодаламасди. Бу диндорлик эмас, қандайдир радикаллашув эди», — деган у New York Times нашрига.

Жабборнинг бошқа танишлари ҳам New York Times билан суҳбатда унда ислом динига қизиқиш ўсиб борганини қайд этишган. Бир йилча олдин Жаббор Техас штатининг Ҳюстон шаҳридаги мусулмонлар маҳалласидаги уйни ижарага олиб, кўчиб ўтган.

Унинг биринчи рафиқасининг ҳозирги турмуш ўртоғи нашрга улар Жабборга қизлари билан кўришишни тақиқлашгани ҳақида айтиб берган, чунки у сўнгги вақтларда ўзини тушунарсиз, «ақлдан озгандек тутган, ўз сочларини кесиб ташлаган».

Жабборнинг таниганларнинг яна бир қанчаси у тинч ҳаёт кечирганини айтади. У бир неча бор қонунбузарлик қилган, аммо булар зўравонлик билан боғлиқ эмасди: CNN маълумотига кўра, 2002 йилда ўғирлик қилганида қўлга тушган, 2005 йилда — ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобил бошқарган, 2015 йилда эса алкогол таъсирида рулга ўтирган.

2020 йилда ажрашиш жараёни вақтида Жабборнинг иккинчи рафиқаси унинг ўзига яқинлашишини тақиқлашни сўраган ва суд унинг илтимосини қаноатлантирган. У ажрашиш сабаби сифатида уларнинг никоҳи «ихтилофлар ёки шахсий можаролар туфайли ортиқ чидаб бўлмас ҳолатга келгани»ни келтирган.

Ютуюбдаги роликда Жаббор ўзини ҳюстонлик кўчмас мулк бўйича профессионал агент деб таништиради. Суд ҳужжатларига кўра, сўнгги йилларда у молиявий муаммоларга учраган. У Deloitte аудиторлик компаниясида ишлаган ва йилига 120 минг доллар атрофида маош олган, аммо унинг ўз риэлторлик компанияси Blue Meadow Properties — 28 минг доллар зарар кўрган, шунингдек, Жабборнинг кредит карталар орқали 16 минг доллар қарзи бор эди.

CNN жиноятни тергов қилиш жараёнидан хабардор бўлган манбага асосланиб, 1 январга ўтар кечаси, машинада Техасдан Луизианага кетаётганида, Жаббор қатор видеороликлар ёзгани ҳақида хабар берган. Видеолардан бирида у ўз оиласини ўлдириш режаси ҳақида гапиради, бошқасида ИШИДга қўшилишга илҳомлантирган тушларини айтиб беради.

Ижарага олинган автомобил ва Лас-Вегасдаги портлаш билан боғлиқлик эҳтимоли

Жаббор Бурбон-стритдаги ҳужумда фойдаланилган Ford F-150 Lightning электр йўлтанламасини Turo сайти орқали ижарага олган — бу сервис машиналар эгаларига уларни ижарага бериш имконини беради.

Лас-Вегас шерифи Кевин Макмаҳилл (чапда) портлаган Cybertruck рулида армия махсус бўлинмаси разведка сержанти Мэтю Алан Ливелсбергер (ўнгда) бўлганини маълум қилмоқда. 

1 январ тонгида Лас-Вегасдаги Trump Hotel ҳолдида портлаб кетган Tesla Cybertruck ҳам худди шу сайт орқали ижарага олинган. Портлаш оқибатида фақат ҳайдовчининг ўзи ҳалок бўлиб, яна етти киши енгил тан жароҳатлари олишган. Электрмобилда ёнилғи канистрлари ва детонаторга уланган фейерверклар бўлган.

Америка ҳукумати икки ҳодисанинг ўзаро алоқадорлиги эҳтимолини текширмоқда.

Пайшанба куни полиция ва ҳарбийлар портлаган автомобилда америкалик ҳарбий хизматчи, армиядаги махсус топшириқли бўлинмада хизмат қилган 37 ёшли сержант Мэттю Ливелсбергер бўлганини тасдиқлади.

Терговчилар унинг биографияси ва истеъфодаги ҳарбий Шамсуддин Жаббор биографиясида бир неча параллелларни учратишган. Аммо Ливелсбергер ва Жаббор ўзаро таниш бўлгани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Лас-Вегас шерифи Кевин Макмаҳилл пайшанба куни журналистларга ёниб кетган пикапда Ливелсбергернинг ҳарбий гувоҳномаси ва паспорти, шунингдек унинг номига олинган бир неча кредит карталари, иккита тўппонча, айфон ва соатлар топилганини маълум қилди.

Ёниб кетган пикапда бошқа нарсалар қатори Мэтю Ливелсбергернинг паспорти ҳам топилган

Шериф якуний расмий идентификация учун ДНК текшируви ҳам зарурлигини, чунки Ливелсбергернинг танаси таниб бўлмас даражада куйиб кетганини таъкидлаган. Лекин унинг жасади қолдиқларида икки татуировка сақланиб қолган —сержант Ливелсбергерда ҳам айнан шунақаси бўлган.

Маҳалли коронер (ўлим сабабини аниқлайдиган судя) пайшанба куни Ливелсбергер ўзини отиб ўлдирган. Тергов у портлашдан бир неча сони олдин ўз жонига қасд қилганини аниқлаган.

«Мен ишонч билан айтишим мумкинки, бу ўз жонига қасд қилиш, шундан кейин дарҳол бомба портлаган», — деган матбуот анжуманида шериф Макмаҳилл.

Пентагон вакили Ливелсбергер махсус топшириқли бўлинма разведкачиси бўлганини тасдиқлаб, у таътилда бўлганини билдирган.

ФҚБ портлашда гумонланувчининг мотивлари ҳозирча аниқ эмаслигини билдирган. У Cybertruck’ни ўзи туғилган Колорадо штатининг Денвер шаҳрида ижарага олган, бу шаҳар Лас-Вегасдан минг километр масофада жойлашган.

Пикап портлаши оқибатида ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Терговчилар Cybertruck кузови портлаш кучи ва алангани атрофга тарқатмай, юқорига кўтаргани туфайли шундай бўлганини тахмин қилмоқда.

1 январ куни Лас-Вегасда портлаган Tesla Cybertruck ҳам Янги Орлеандаги ҳужумда фойдаланилган йўлтанламас билан битта сайтда ижарага олинган. Фото: Reuters

Янги Орлеандаги оммавий қотиллик ва Лас-Вегасдаги портлашдан кейинги соатларда полиция ва ФҚБ Жаббор ва Ливелсбергерни умумлаштирувчи фақат битта жиҳат ҳақида айтаётганди: уларнинг иккиси ҳам пикапларни Turo сайти орқали ижарага олишган. Энди терговчилар яна бир неча параллеллар топишган.

Уларнинг иккиси ҳам Шимолий Каролинадаги Fort Bragg базасида (ҳозирги Fort Liberty) хизмат қилишган. Шу билан бир вақтда, терговчиларда улар бир вақтда битта қисмда бўлишгани ёки хизмат қилишгани ҳақида маълумот йўқ.

Fort Liberty — улкан ҳарбий база бўлиб, у ерда 50 мингдан ортиқ киши хизмат қилади.

Бундан ташқари, Жаббор ва Ливелсбергер 2009 йилда Афғонистонда бўлишган. Аммо бу мамлакатда уларнинг йўллари кесишгани маълум эмас.

ФҚБ ҳозирча Янги Орлеан ва Лас-Вегасдаги ҳодисалар ўзаро боғлиқ бўлмаган, Жаббор ёлғиз ҳаракатланган деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид