Ўзбекистон | 15:06 / 04.01.2025
21637
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 310 км/соат тезликда ҳаракатланган мотоцикл ҳайдовчиси жаримага тортилди

У бир мотоциклда тезликни 310 км/соатгача, бошқасида 299 км/соатгача оширган ва бу ҳаракатларини видеога олиб, Instagram'га жойлаган. Жаримага тортилгач, бунақа катта тезлик учун жарима қанча бўлишини обуначиларидан сўраб, кулган. Саҳифасидаги видеоларга қараганда, унинг шаҳар кўчаларида катта тезликда ҳайдаши биринчи марта эмас.

Видеолавҳалардан кадрлар

Тошкентда мотоцикл ҳайдовчиси тезликни 310 км/соатгача олиб чиққани акс этган видеони Instagram'га жойлади.

Пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов маълум қилишича, ҳайдовчига МЖтКнинг 128-3-моддаси билан баённома расмийлаштирилган. Бу моддада 9 БҲМ – 3,37 млн сўм жарима жазоси кўзда тутилган.

Қаҳрамон Худойберганов мотоцикл ҳайдовчисига нечта ҳолат бўйича баённома тузилганига аниқлик киритмаган. Блогер жойлаган видеода қоидабузарлик камида икки марта содир этилганини кўриш мумкин: ҳайдовчи BMW S1000RR русумли мотоциклда тезликни 310 км/соатгача, Yamaha R1 русумли мотоциклда эса 299 км/соатгача олиб чиққан.

Бундан ташқари, қоидабузарнинг Instagram саҳифасида у аввал ҳам тезлик билан боғлиқ қоидабузарликлар содир этгани акс этган видеоларни кўриш мумкин.

Ўзини “Ўзбекистондаги биринчи мотоблогер” деб таърифловчи шахс ЙҲХБ матбуот котибининг саволига жавобан 310 км/соат тезликда ҳаракатлангани акс этган видеосини август ойларида олганини айтган ва бу ҳолат “бошқа қайтарилмаслиги”га ваъда берган.

“Тарихда биринчи марта ЙПХ ходими 310 тезликка протокол тузяпти. Энди савол-да, 310 тезликка “штраф” неч пул бўлади? Ким нима деб ўйлайди?” – дея кулган у сторисга жойлаган видеосида.

“Ҳаммага раҳмат. Асосийси, контентни тўхтатмаймиз”, – деган у бошқа бир сторисда.

Қоидабузар тезлиги билан мақтанган видеосини саҳифасидан ўчириб юбормаган.

Мавзуга оид