“Коррупциясиз” Қирғизистон, энергетик мустақиллик ва блокланган интернет — МО ҳафта ичида
Якунига етаётган ҳафтада Марказий Осиё президентлари халқини байрам билан табриклади. Тожикистон 2 йилда энергетик мустақилликка эришмоқчи, Қирғизистон эса 2 йилда коррупциядан бутунлай қутилиш ниятида. Туркманистонда интернетни блоклаш яна авж олган. Афғон аёллари эса энди деразадан ҳам қаролмайди.
МО президентларидан янги йил табриги
Марказий Осиёнинг 5 президенти ўз халқини янги йил билан табриклади. Деярли барча президентлар ўз нутқида 2024 йилда қилган ишларига тўхталди. Ўзбекистон президенти даставвал рус, кейин ўзбек тилида халқни табрикларкан, йил оғир келган бўлса-да, Ўзбекистон учун баракали бўлганини гапирди. Октябрда бўлиб ўтган парламент сайлови демократик руҳда ўтганини урғулади. Янги йилда бизнесга кенг имкониятлар яратишга ваъда берди.
Қозоғистон президенти ўз янги йил табригида давлатда 2024 йилда энг узун кўприк қурилгани, фермерлар рекорд даражада ҳосил йиғганига тўхталди.
Тўқаев шунингдек, Қозоғистонда одамларнинг ўртача умр кўриш ёши 75 га чиққанини маълум қилди. Референдум бўлди, давлатимиз келажаги учун муҳим қарорни қабул қилдик. АЭС қуришни фуқароларимиз қўллаб-қувватлади. Меҳнаткашларнинг хизматларини эътироф этиб, янги йилни меҳнаткаш касблар йили деб эълон қилдик, деди Тўқаев.
Раҳмон ўз мурожаатида Тожикистон учун аввало МДҲ региони приоритет экани, лекин АҚШ ва Ғарб билан ҳамкорликка доим тайёр эканини айтди.
Туркманистонда эса ҳам президент, ҳам унинг Халқ маслаҳатига раис отаси халқни янги йил билан табриклади. Гурбангули Бердимуҳаммедов табригида гап фақат тинчлик осойишталик ҳақида боради. У олти марта ҳурматли президентимиз дея ўз табрик сўзларини йўллаган. Президент Сердар Бердимуҳаммедов ҳам йил ютуқли бўлганини айтар экан, туркман халқи яхши яшаши учун, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун ишлашга ваъда берди.
Садир Жапаров эса қирғизистонликларни байрам билан табрикларкан, Бишкек кўп векторли ташқи сиёсат тарафдори эканини билдирди. У чегара масалаларига алоҳида тўхталиб, қирғиз-ўзбек чегара мавзуси тўлиқ ҳал бўлгани, қирғиз-тожик чегараси бўйича музокаралар муваффақиятли якунланганини айтди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бошланиши минтақа транспорт инфратузилмасини яхшилашини қўшимча қилди. Жапаровнинг маълум қилишича, Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти ўтган йили қарийб 10 фоизга ошган.
Афғон аёлларига яна бир тақиқ
Афғонистонда аёлларга деразадан қараш ҳам тақиқланди. Турар жой биноларига эса аёллар кўринадиган тарзда деразаларни ўрнатишга энди йўл қўйилмайди. “Толибон” ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода тегишли фармонни имзолаган. Фармон матнини Афғонистон ҳукуматининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид эълон қилган. Унга кўра, деразаларни қўшни хонадоннинг ошхонасига ёки одатда аёллар ўтирадиган бошқа жойларга қаратиб қуриш мумкин эмас. Агар уй шундай лойиҳалаштирилган ва унинг деразасидан аёлни кўриш имконияти бўлса, бино эгаси ўз деразалари олдига одам бўйи баландлигидаги девор ўрнатиши зарур.
Тегишли идоралар янги қурилишларни назорат қилишлари керак, токи қўшниларнинг уйларига қараш имконияти йўқлиги таъминлансин.
Душанбе шаҳридаги эски лифтлар олиб ташланади
Душанбе шаҳрида мустақиллик йилларидан аввал қурилган лифтлар давлат ҳисобидан алмаштириладиган бўлди. Улар бугун жуда таъмирталаб аҳволда. Президентнинг ўғли Душанбе мэри Рустам Эмомали бу хусусида алоҳида топшириқ берди. Сарф-харажат учун маблағни Душанбе бюджетидан олишни буюрди. Тожикистондаги маҳаллий ОАВ ёзишича, пойтахт ривожига бағишланган йиғилишда бу масала кўтарилган.
Бундан ташқари, шаҳар мэри йўлларни реконструкция қилиш ва бошқатдан қуриш, канализацияни яхшилашни ҳам буюрган. Электр таъминоти ва замонавий иншоотларни қуриш учун грантлар ажратишда шаҳар аҳолисининг ўсишини ҳам ҳисобга олиш кераклиги уқтирилган. Албатта, барча лойиҳалар ҳам давлат бюджетидан қилинмайди. Рустам Эмомали хорижий капитални ҳам жалб қилишни айтган. Лифтлар муаммосига келсак, Душанбедаги эски уйлардаги лифтлар совет иттифоқи давридан бери ишлаб келмоқда. Улар ёмон аҳволда, тез-тез бузилади ҳам. Аҳолининг лифтларда қамалиб қолиши тез-тез учрайди. Амалиётда уларни қутқариш учун лифтдаги қўнғироқ тугмалари умуман ишламайди. Фавқулодда ёрдамни эса гапирмаса ҳам бўлади. Совет даврида лифтларда қўнғироқ тугмаси босилган жавоб берувчи махсус лифтчилар жамоаси ишлаган. Ҳозир қўнғироқ тугмачалари бор, лекин уни эшитувчи одам, техник хизматчи йўқ, деб ёзади маҳаллий нашрлар.
Тожикистон энергетик мустақил бўлмоқчи
Тожикистон ҳақида яна бир муҳим хабар: президент 2027 йилга бориб, давлат тўла энергетик мустақил бўлишига ваъда берди. Бу ҳақида у ўзининг парламентга мурожаатида айтиб ўтди. Раҳмонга кўра, Роғун ГЭСнинг қурилиши 50 фоиздан ортиққа бажарилди. 2 йилда иншоот қурилишига 9 млрд сомоний, яъни 825 миллион доллар сарфланди. Қурилишни тугаллаш учун яна пул керак. Ҳозиргача 9 та шартнома тузилган, учтаси ёрдам тариқасида бериладиган грантлар. Роғун ГЭСнинг тўлиқ қуриб битказилиши ортидан 2027 йилга бориб Тожикистон тўла энергетик мустақил давлатга айланади, дейди президент. Эҳтимол бу охирги қишдир, келгуси йили қишдан бу қийинчиликлар камаяди, дея қўшимча қилади Эмомали Раҳмон.
Тожик матбуотига кўра, бугунги кунга қадар Роғун ГЭС қурилишини фақат давлат молиялаштирган. Бу йили яна 460 млн доллар ажратилиши кутилмоқда. Ўтган йилнинг 9 ойида 395 миллион доллар давлат бюджетидан берилган. Мазкур иншоот қурилишига ҳозиргача жами 40 миллиард сомонийдан ортиқ маблағ ажратилган. Аввалроқ, Эмомали Раҳмон ГЭС 2025 йилда қуриб битказилишини айтганди. Лойиҳанинг ўзи эса 2035 йилда фойдаланишга тўлиқ ҳолатда топширилади.
Халқаро мутахассислар таҳлилига кўра, Роғун ГЭСаллақачон умумий қувватнинг тахминан 10-15 фоизи миқдорида электр энергияси ишлаб чиқармоқда.
Аслида 2008 йилда ГЭС лойиҳаси тикланганда умумий қиймати 3 млрд долларга баҳоланган. Бироқ 2024 йилга келиб ГЭС қурилиши 6,4 млрд долларга баҳоланди.
Туркманистонда интернет яна блокланмоқда
Туркманистонда бир ойдан бери яна интернетни блокировка қилиш ишлари фаоллашган. Бир нечта тармоқлар ва шунингдек, минглаб IP-манзиллар блоклаб қўйилган, уларга мамлакат ҳудудидан кириш имконсиз. Шу йилнинг ёзигача блокланган интернет манзиллар сони максимал даражада қолаётганди. Бунинг бир қатор сабаблари бор, лекин асосий ташаббусчилар хавфсизлик хизмати ходимлари ва уларнинг киберхавфсизлик департаменти вакилларидир. Чунки Туркманистонда улар ёпиқ интернет манзиллари ортидан бизнес ҳам қилишади. Ўтган йили ёз ойида қисман блокировкалар ечилганди, бу эса киберхавфсизлик ходимларининг бозорини ўлдирди. Turkmennewsʼнинг ёзишича, айнан улар қайта блокировка ташаббусчиларидир.
2024 йилнинг ёзига қадар Туркманистонда жаҳон интернетининг 3/4 қисми – яъни қарийб 3 миллиард IP-манзиллар блокланган эди. Расмий равишда бу миллий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар билан изоҳланган. Аслида, блокировкақилувчилар бегона эмас, Киберхавфсизлик департаменти ходимлари дейилади. Уларнинг ноқонуний даромадлари учун бу керак. Улар абонентлар серверларининг IP-манзилларини қора рўйхатдан чиқариш эвазига пул олиш билан шуғулланади, деб ёзади Turkmennews. Масалан, битта сервернинг нархи ойига минг доллардан бошланиши айтилган. Шу тариқа қўшни давлатда ноқонуний интернет савдоси авж олганди. 2024 йилнинг ёзига келиб, қатор IP-манзиллар блокдан чиқарилди. Сабаби турли шов-шувлар, блокировка бизнеси ҳақидаги гап-сўзлар эди. Блокдан чиқарилган интернет манзиллари воқеаси давлатда яхши қабул қилинди. Бироқ декабр ойидан эътиборан ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва VPN хизматлари яна блоклана бошланган. Давлатга мухолиф нашрлар буни яна киберхавфсизлик ходимларидан кўришмоқда.
Қирғизистон Россиядан газ импортини оширди
Қирғизистон Россиядан газ импортини оширди. Бу ҳақида Бишкекдаги миллий статистика қўмитаси маълум қилган. Хабарда келтирилишича, Қирғизистон 2024 йилнинг январидан октябригача Россия ҳамда Ўзбекистондан газ сотиб олган. Шу газнинг 97 фоизи Россиядан олинган. Ўтган йилнинг 10 ойида Қирғизистон 63,2 миллион долларлик – 421,4 миллион куб метр рус газини импорт қилган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 307 миллион куб метр эди. Ўзбекистон эса Қирғизистонга 11 миллион 434,4 минг куб метр газ сотган.
Қирғизистон 2 йил ичида коррупцияни йўқотмоқчи
Қирғизистон 2 йил ичида коррупцияни бутунлай йўқ қилмоқчи. Бу ҳақида миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ижтимоий тармоқларда жонли эфирда гапираётиб ваъда берган. Маълум бўлишича, президент коррупция жинояти учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаган ва у 1 январдан кучга кирди.
Энди жаримадан қутулиб бўлмайди – маҳкумлар ҳақиқий жазони ўтайди. Бундан ташқари, коррупционерларга умрбод бирор-бир давлатлавозимини эгаллаш тақиқланади. Уларнинг давлат идораларида ишлаётган қариндошлари ҳам ишдан бўшатилади. “Барчани, айниқса, ҳукумат амалдорларини кейинроқ мен билмагандим демасликлари учун огоҳлантирмоқчиман. Биз коррупцияга қарши курашни бошлаганимизда, кўпчилик бизда етарлича куч борлигига шубҳа қилди. Бир пайтлар уюшган жиноятчиликка қарши курашни бошлаганимизда ҳам истеҳзога дуч келгандик. Аммо бугун мана, Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар йўқ. Коррупцияни енгиш қийин, лекин биз уни бутунлай йўқ қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йил бунга эришамиз”, — деди миллий хавфсизлик раҳбари.
Мавзуга оид
13:02 / 06.01.2025
2025 йилда ЕИ-Марказий Осиё етакчиларининг биринчи саммити бўлиб ўтади
17:13 / 05.01.2025
Қозоғистон Ўзбекистонга олиб чиқувчи янги темирйўлни 2027 йилда ишга туширмоқчи
14:15 / 29.12.2024
Қулаган самолёт, ўғирланган пахта ва зарба еган «Толибон» – минтақа ҳафта ичида
17:00 / 28.12.2024