Лас-Вегасдаги портлаш: ҳайдовчи америкаликларга хат қолдирган
Лас-Вегасдаги Доналд Трампга тегишли меҳмонхона олдида Cybertruck машинаси портлагани ҳақида хабар бериб, унинг ноодатий эканини айтгандик. Чиндан бу ишнинг орқасидан кўпчилик кутмаган нарсалар чиқмоқда. Маълум бўлишича, Tesla электрокарини ижарага олган 37 ёшли Мэтю Ливелсбергер портлашни атай уюштирган. Портлашдан аввал машина ичида ўз жонига қасд қилган. Бу ишни америкаликлар эътиборини ўзига қаратиш учун қилиб, уларга хатлар қолдирган.
Махсус кучлар зобити
Вегасдаги портлаган машина ичида бўлган ҳайдовчи жасади таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган. Бироқ унинг ёнидан чиққан ҳужжатлар ҳайдовчи 37 ёшли ҳарбий Мэтю Алан Ливелсбергер эканини кўрсатган. Кейинчалик тиббий экспертиза ҳам жасад айнан шу ҳарбийники эканини тасдиқлаган. Ливелсбергер АҚШ армияси махсус кучлари сафида катта сержант экани аниқланди. Ўз жонига қасд қилган куни таътилда бўлган.
Мэтю 28 декабр куни Денверда кибертрак ижарага олиб Лас-Вегасга йўл олади. Йўл-йўлакай бир нечта шаҳарларда тўхтаб ўтади. 30 декабр куни иккита яримавтомат сотиб олади. 1 январ тонгда Лас-Вегасга етиб боради ва маҳаллий вақт билан соат 08:40 атрофида Trump International меҳмонхонаси олдида тўхтаб, ўзини бояги сотиб олган қурол билан отиб ўлдиради. Шу вақт машинада ёнғин бошланиб, портлайди.
37 ёшли ҳарбий 2006 йилдан буён АҚШ армияси махсус кучлари сафида хизмат қилиб келган. Украинада, Гуржистонда, Конгода хизмат қилган, Афғонистондаги бешта ҳарбий миссияда иштирок этган. Охирги иш жойи Германия бўлган.
У республикачи Доналд Трампни қўллаб-қувватлаган. Ҳатто биринчи хотини Сара билан 2016 йилдаги сайловларда фикри бир жойдан чиқмагани учун ажрашган. Ўшанда Сара Берни Сандерсга, Мэтю эса Доналд Трампга овоз берган. Сафдошлари уни жуда содиқ ҳарбий деб таърифлаган, шунингдек, ватанпарвар экани, сиёсатга қизиқишини таъкидлаган. Ҳарбий ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кўплаб сиёсий постлар жойлаган.
Мэтю ўз жонига қасд қилишидан икки ҳафта аввал иккинчи хотини билан ҳам ажрашган. Жувон эрини хиёнат қилишда айблаган. Янги йил арафасида эса эркак собиқ маъшуқаси билан ёзишиб, унга кибертракнинг суратларини юборган. Аёлнинг айтишича, Мэтю ўшанда яхши кайфиятда бўлган ва унда ўз жонига қасд қилиш аломатлари сезилмаган.
«Америка қуламоқда»
Энди бу ҳодисадаги энг муҳим жойига етиб келдик. Мэтю Ливелсбергер ёнида америкаликларга хат қолдирган. Машинани портлатишни эса уларнинг эътиборини ўзига қаратиш учун қилганини ёзган.
«АҚШ тарихдаги энг зўр давлат. Лекин энди давосиз дардга чалиниб қулаш арафасидамиз», деб ёзган ёнидаги кундаликдаги қайдлардан бирида ҳарбий. Унинг фикрича, ҳукуматдагилар фақат бойиш ҳақида ўйлайди ва америкаликлар уйғониши керак.
АҚШ армиясининг истеъфодаги офицери, разведкачи Сем Шумейтнинг айтишича, Ливелсбергер ўз жонига қасд қилишидан бир неча кун аввал унга хат ёзган ва уни 1 январ куни журналистларга беришни сўраган. Федерал тергов бюроси ва полиция хатни чиндан у ёзганини тасдиқлади. Хатда айтилишича, Хитой АҚШ чегарасида сувости кемасидан туриб учирган дронлар АҚШ хавфсизлиги учун энг катта хавф ҳисобланади. Шунингдек, марҳум ҳарбий АҚШ ҳукуматини Афғонистондаги ҳарбий жиноятларни яширишда айблаган, ҳатто уларни яширишда қатнашганини тан олган.
AP Мэтю Ливелсбергернинг яна бир хатини эълон қилди. Унда ҳарбий ўз ҳаракатини тушунтириб берган: «Бу – теракт эмас, огоҳлик қўнғироғи. Америкаликлар фақат зўравонлик ва ваҳимали нарсаларга эътибор беришади. Фикримни уларга етказиш учун фейрверклар иштирокидаги томошадан яхшироқ усул борми?» деган ўша хатида ҳарбий.
Нашрнинг ёзишича, Мэтю хатларидан бирида «онгини йўқотган сафдошлари ва ўлдирган одамларини ўйлашдан» тозалаши кераклиги ҳақида ёзган.
Ню Орлеандаги ҳодиса билан ўхшашлик
Полиция Лас-Вегасдаги портлаш ва Ню Орлеандаги янги йил оқшомида амалга оширилган теракт ўртасида боғлиқлик йўқ деб ҳисоблаган, лекин америкаликлар бу икки воқеа ўртасида жуда кўп ўхшашликлар борлигига эътибор қаратган. Масалан, Ню Орлеанда одамлар устига ИШИД байроғи боғланган машинани ҳайдаб камида 13 кишининг ўлимига сабаб бўлган Шамсуддин Жаббор ва Вегасда кибертракни портлатган Мэтю Ливелсбергер Шимолий Каролинада битта ҳарбий базада хизмат қилган, бир вақтда Афғонистондаги операцияларда қатнашган, машиналарни ҳам битта сервис орқали ижарага олган.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
11:14 / 03.01.2025
Янги Орлеандаги фожиа: ҳужум қилган шахс ҳақида нималар маълум?
08:33 / 03.01.2025
Лас-Вегасда Cybertruck'ни портлатишда ҳарбий хизматчи гумонланяпти
08:43 / 02.01.2025
Лас-Вегасдаги Трамп меҳмонхонаси ёнида Tesla портлади, бир киши ҳалок бўлди
17:38 / 24.12.2024