Хитойда метапневмовирус гриппдан кейинги иккинчи энг кўп тарқалган ЎРВИга айланди
Ўтган ҳафта Хитойда гриппга ўхшаш аломатларга эга беморлардан олинган намуналарнинг 30 фоизида грипп вируси, 6 фоизида эса метапневмовирус аниқланган. Расмий статистикада келтирилган бу ҳолат Хитойга қўшни мамлакатларда ОАВ эътиборини тортди. Қозоғистон расмийлари 1 октябрдан бери метапневмовирус билан касалланишнинг 30 та ҳолати қайд этилгани, бу классик вируслардан бири эканини маълум қилди.
Хитойнинг кўплаб ҳудудларида одам метапневмовируси билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда 2 январ куни Хитой Касалликлар назорати ва профилактикаси бошқармаси хабар берди.
Бошқарманинг қайд этишича, ҳозирда мамлакат бўйлаб ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) тарқалиши мунтазам ошиб бормоқда.
23–29 декабр кунларига оид маълумотлар таҳлилига кўра, ЎРВИ орасида грипп анъанавий равишда биринчи ўринда: гриппга ўхшаш аломатларга эга беморлардан олинган намуналарнинг 30,2 фоизида грипп вируси аниқланган (бир ҳафта олдингидан 6,2 фоизга юқори).
Иккинчи энг кенг тарқалаётган ЎРВИ – одам метапневмовируси бўлиб, лаборатор таҳлилларнинг 6,2 фоизида ушбу инфекция аниқланяпти (бир ҳафта олдингидан 0,1 фоизга юқори). Метапневмовирусга чалиниш ҳолатлари 14 ёшгача бўлган болалар орасида кўпайган. Ўсиш кўпроқ Хитойнинг шимолий ҳудудларига тўғри келади.
Гриппга ўхшаш белгилар кузатилаётган беморларнинг 4,9 фоизида риновирус, 3,7 фоизида аденовирус аниқланган.
“Қиш учун одатий ҳол”
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг 3 январ кунги матбуот анжуманида нафас олиш йўллари инфекциялари қиш мавсумида энг юқори чўққига чиқиши одатий ҳол экани, хорижликлар учун Хитойга саёҳат қилиш хавфсиз эканини таъкидлади.
Шифохоналарнинг гавжумлиги ҳақидаги хабарлар тўғрисида сўралганда, у “касалликлар ўтган йилга нисбатан енгилроқ ва кичикроқ миқёсда тарқалаётгани”ни айтди.
Камбоджа Юқумли касалликларни назорат қилиш департаменти метапневмовируси ва Covid-19 ўртасидаги ўхшашликларни қайд этган. Индонезия, Ҳиндистон ва Япония каби қўшни мамлакатларда ОАВ фуқароларни Хитойдаги вазиятдан хабардор бўлишга ва эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.
Қозоғистонда – 30 та ҳолат
5 январ куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз статистикасини тақдим этди. Вазирлик метапневмовирус янгилик эмаслиги, у классик вируслар қаторида туришини қайд этган.
Статистикага кўра, мамлакатда жорий эпидемик мавсум бошидан (1 октябрдан)дан буён 8360 та ҳолатда респиратор намуналар грипп бўлмаган вирусларга текширилган. Шундан 1866 тасида тест натижаси ижобий бўлган, жумладан, энг кам – 30 та ҳолатда метапневмовирус аниқланган:
- риновирус – 680 та ҳолат (36,4 фоиз),
- МС вируси – 433 (23,2 фоиз),
- аденовирус – 226 (12,1 фоиз),
- коронавирус – 206 ( 11,1 фоиз),
- параинфлуенза – 178 (9,5 фоиз)
- бокавирус – 113 (6,1 фоиз)
- метапневмовирус – 30 (1,6 фоиз).
Метапневмовирус нима?
Метапневмовирус (HMPV) – 50 йилга яқин вақтдан буён барча қитъаларда айланиб юради. Илк марта 2001 йилда Нидерландияда аниқланган.
Одамдан одамга асосан ҳаво-томчи йўли билан (вирусни юқтирган шахснинг йўталиши, аксириши, бурун суюқлиги ёки тупуги орқали) юқади.
Инкубацион даври 3-5 кун. Асосий симптомлари – йўтал, тумов, нафас қисилиши, иситма, бош ва танада оғриқлар. Шунингдек, тошмалар пайдо бўлиши, қайт қилиш ёки диарея ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин.
Метапневмовирус билан ҳар қандай ёшдаги одамга юқиши мумкин. Иммунитети кучли одамларда енгилроқ ўтади. Ёш болалар, қариялар, ўпка касалликларига чалинган ва иммунитет танқислиги бўлганларда оғир кечиши ва пневмония каби жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Айнан шу вирусга қарши ишловчи алоҳида дори-дармон йўқ. Симптоматик даво чоралари кўрилади. Вирусни юқтириб олган бемор иммунитетининг кучлилик даражасига қараб бир-икки ҳафта ичида организмнинг курашиш қобилияти билан муолажаларсиз тузалиб кетиши ҳам мумкин.
Профилактика
Юқтириб олишнинг олдини олиш чоралари инфекцион касалликлардан сақланиш бўйича универсал қоидалар билан бир хил:
- ЎРВИ мавсумида одамлар гавжум жойлар, айниқса, ёпиқ жойларга боришни камайтириш;
- хонани мунтазам равишда вентиляция қилиш;
- вирус юқтирган одамлар билан алоқани чеклаш, уларни изоляция қилиш;
- шахсий гигиенага риоя қилиш, қўлни тез-тез ювиш ёки антисептик воситалардан фойдаланиш.
Мавзуга оид
23:09 / 06.01.2025
Tesla’нинг Хитойдаги янги мегафабрикаси ўз фаолиятини бошлади
18:12 / 06.01.2025
“Метапневмовирус умуман янги эмас, ваҳимага ўрин йўқ” – мутахассис тармоқлардаги саросима ҳақида
17:05 / 06.01.2025
ССВ Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлганини рад этди
12:13 / 06.01.2025