“Метапневмовирус умуман янги эмас, ваҳимага ўрин йўқ” – мутахассис тармоқлардаги саросима ҳақида
Дунёнинг қатор мамлакатларида метапневмовирус инфекцияси авж олаётгани, бу хасталикнинг COVID-19'дан ҳам хавфлироқ экани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарлар қанчалик асосли? Метапневмовирус ўз қандай инфекция? Унинг белгилари қанақа? Kun.uz шу каби саволлар билан Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромовга юзланди.
Ижтимоий тармоқларда Хитой ва Қозоғистонда метапневмовирус тарқалгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов Kun.uz мухбирига берган интервюсида уларда метапневмовирус ҳақида бўрттириб, асоссиз маълумот тарқатилаётгани ва бу вирус янги эмаслигини айтди.
Мутахассисга кўра, метапневмовирус умуман янги эмас, у илк марта 60-йилларда аниқланган. “Касалликнинг ўсиб бораётгани тўғрисида берилган хабарлар ҳар бир мамлакатнинг ўзидаги лаборатория назорати таҳлилларига кўра эълон қилиб борилади. Яъни айни вақтда Хитой ва Қозоғистонда берилаётган расмий хабарларда бу касаллик янги эмаслиги ва айнан бугунги кундаги ўткир респиратор инфекцияларнинг ўсиш фонида метапневмовируснинг кўпроқ ўсаётгани айтиляпти. Буни коронавирус инфекциясидан оғирроқ деб баҳолаш бўрттиришдан бошқа нарса эмас. Ваҳимага ўрин йўқ”, – деди Икромов.
Мутахассис, шунингдек, вирус бошқа ўткир респиратор инфекциялар сингари иситма, йўтал, аксириш, бронхларда яллиғланиш бронхит ёки бронхолит ҳамда ўпкадаги яллиғланиш, зотилжамга сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Метапневмовирус ўткир респиратор инфекция бўлгани учун ҳам у ҳаво томчи ва ифлосланган юза орқали юқади.
“Ўзбекистонда эса ЎРВИнинг кириб келиши, мавсум олдидан ССВ ва Санэпидқўм сайтида кўрсатма хатларида ҳудудларда қандай ишлар амалга оширилиши, қандай профилактик чоралар кўриш кераклиги юзасидан кўрсатма хатлар юборилган ва ишлар ўшанга мос ташкил этилган. Даволаш бўйича Ўзбекистондаги ҳар бир шифокорда малака етарли деб ҳисоблайман. Айнан ЎРВИнинг ортиб бориш даврида аниқ битта стационарни шу касални даволашга қаратилган ҳолда мослаштириш тажрибаси ҳам бизда юқори. Яъни ЎРВИ қайси ҳудудда ортиб кетаётган бўлса, шу ҳудудда маълум бир стационар бошқа касални қабул қилмайди, фақат ЎРВИни қабул қилади”, – деди у.
Икромов маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳам метапневмовирусга чалинган фуқаролар аниқланган. Бу умумий аниқланган беморларнинг 2/10 фоизини ташкил қилади. Ундан кўпроғини эса реновирус каби инфекциялар эгаллаган.
“Бошқа ЎРВИда 6-7 кунда даволаш самаралари билинса, бунда 10-12 кунгача бориши мумкин. Даволашга келадиган бўлсак, айнан метапневмовируснинг ўзига таъсир қилувчи препарат дунё бўйича ҳам йўқ. Лекин у келтириб чиқарадиган касаллик белгиларига қараб даволаш усуллари самарали ишлаб турибди. Яъни йўтал, иситма ва яллиғланишга қарши кўриладиган даво чоралари самарали ва Ўзбекистонда ҳам бу усулдан фойдаланган ҳолда даволаш самарали амалга ошириб келинмоқда”, – деди Санэпидқўмита мутахассиси.
Таъкидланишича, вирус 14 ёшгача бўлган болалар, иммунитет тизими заиф ва ёндош касалликлари бўлган фуқаролар ва ёши катталарда асоратли ўтиши кузатилади.
Икромов метапневмовирусга қарши вакцина йўқлиги ва бу вирус пандемия келтириб чиқармаслигини қўшимча қилди.
“Пандемия келтириб чиқариши мумкин бўлган инфекциялар нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, бутун дунёда респиратор инфекциялар потенциал пандемия келтириб чиқарувчиси сифатида қаралади. Мулоқот орқали юқадиган касаллик тез ва кенг тарқалиш хусусиятига эга. Лекин метапневмовирус пандемия келтириб чиқарувчи сифатида қаралмайди”, – деди у.
Профилактика чоралари сифатида қуйидагилар таъкидланди:
– шахсий гигиенага риоя қилиш;
– антисептиклардан тўғри фойдаланган ҳолда юза қисм ва қўлларни доимий тоза сақлаш;
– тиббий ниқобдан фойдаланиш;
– касалланган фуқаро ўз-ўзини алоҳидалаши, аҳоли гавжум жойларга ташриф буюрмаслиги керак.
Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz
Мавзуга оид
17:05 / 06.01.2025
ССВ Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлганини рад этди
09:35 / 06.01.2025
Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берди
20:26 / 05.01.2025
Хитойда метапневмовирус гриппдан кейинги иккинчи энг кўп тарқалган ЎРВИга айланди
17:30 / 26.11.2024