Жаҳон | 14:22 / 06.01.2025
5109
4 дақиқада ўқилади

Супербактериялар сабаб миллионлаб одамлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкин — мутахассис

Бундай бактериялар келгуси 25 йил ичида тахминан 40 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши прогноз қилинмоқда.

Фото: AP

Бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошиши ортидан инсонлар ўлими йилдан йилга ошмоқда, келгуси 25 йил ичида ушбу кўрсаткич тахминан 40 миллионга етиши мумкин. Бу ҳақда Англиянинг собиқ бош санитар шифокори Салли Дэвисга таяниб, The Guardian хабар берди.

Супербактериялар — вақт ўтиши билан антибиотикларга қарши чидамлилик ҳосил қиладиган, касаллик қўзғатувчи микроорганизмлардир.

Дэвиснинг огоҳлантиришича, бу бактерияларнинг тарқалиши ва организмнинг микробларга қарши дориларга чидамлилиги ортиши натижасида, инсон танасида турли хил операцияларни, жумладан, туғруқ жарроҳлигини ўтказиш хавфли бўлиб қолиши мумкин.

“Микроорганизмлар чидамлилиги туфайли йилига бир миллионга яқин одам вафот этади ва бу рақам кейинги 25 йил давомида ўсиб боради. Бу ҳақиқатан ҳам қўрқинчли”, — деди мутахассис.

Аҳоли қаригани сайин сурункали касалликлар билан яшайдиган одамлар сони тобора кўпаяди, бу эса уларни антибиотикларга чидамли бактериялар олдида ожиз қилиб қўяди. Ушбу таҳдидлар шароитида шифокорлар антибиотиклар буюришни иложи борича чеклашга ҳаракат қилмоқда. Супербактериялар эволюциясига чорва молларини даволаш ва уларнинг етилишини рағбатлантириш учун антибиотиклар қўлланилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Дэвиснинг таъкидлашича, бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошиши янги дорилар ишлаб чиқиш заруриятини туғдиради, бу эса ўз навбатида қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради.

Антибиотиклардан ноўрин фойдаланишни тўхтатиш зарур, деб огоҳлантирди Дэвис. У янги антибиотикларни ишлаб чиқиш заруратини қайд этди, бироқ бу масалада муаммо мавжуд:

“80 йилларнинг охиридан буён кундалик фойдаланишга киритилган антибиотикларнинг янги турлари пайдо бўлгани йўқ, янгиларини яратишни рағбатлантирувчи бозор модели эса ишдан чиққан. Агар сиз янги антибиотик ишлаб чиқсангиз, уни бирор ким йилига бир ҳафта қўллаши мумкин, холос. Бундан нима фойда бор? Масалан, қон босимини пасайтирувчи ҳар кунлик дорилар ёки бир неча ой қабул қилинадиган саратонга қарши дорилар фармацевтика компанияларига анча кўп фойда келтиради. Шу сабабли, уларда янги антибиотиклар ишлаб чиқаришга рағбат йўқ. Бу ҳақиқатан ҳам катта муаммо”, — деб изоҳ берди олим.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам шифокор кўрсатмасидан ташқари антибиотиклар билан даволаш микроорганизмларнинг бундай дориларга чидамлилигини ривожлантириши ҳақида огоҳлантирганди. Ташкилот коронавирусни даволаш вақтида бутун дунё бўйлаб беморлар антибиотиклардан нотўғри фойдаланганини аниқлади: тахминан 75 фоизи бундай дориларни “эҳтиёт чорасидан” қабул қилган, ваҳоланки у фақат 8 фоиз одамга зарур бўлган.

Антибиотиклар вирусли касалликларга, жумладан, COVID-19 га қарши самарасиздир. Улар фақат бактериал инфекцияларга қарши ва фақатгина тиббий мутахассис рецепти асосида қўлланади. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош микробиологи, профессор Роман Козлов “РБК”га тушунтиришича, шифокор кўрсатмасидан ташқари антибиотиклар билан даволаниш оғиз бўшлиғи ёки ичакда яшаб, касаллик келтириб чиқариши мумкин бўлган микроорганизмлар чидамлилигини оширади.

Мавзуга оид