Хотирани яхшилашда энг самарали бўлган парҳез аниқланди
Янги тадқиқот натижаларига кўра, Ўртаер денгизи парҳези ичакдаги бактериялар мувозанатини ўзгартириш орқали мия фаолиятини яхшилашга ёрдам бериши мумкин.
АҚШнинг Тулейн университети тиббиёт мактаби олимлари озиқланиш борасида каламушлар устида тажрибасини ўтказди. Улар Ўртаер денгизи диетаси асосида озиқлантирилган кемирувчиларнинг ичак бактериялари, одатдаги ғарб диетаси билан овқатланадиган жониворларникига қараганда бутунлай бошқача шаклланганини аниқлади. Ушбу бактериал ўзгаришлар кучли хотира ва когнитив қобилият билан ўзаро боғлиқ, деб ёзмоқда Medical Xpress.
Ўрта ер денгизи парҳези таркибига қуйидаги маҳсулотлар киради:
- асосий ёғ манбаси сифатида зайтун мойи;
- кўп миқдордаги сабзавотлар, мевалар ва донли маҳсулотлар;
- балиқ ва қуруқ оқсиллар;
- чекланган миқдорда қизил гўшт ва тўйинган ёғлар;
- турли хил ўсимлик манбаларидан олинган клетчаткалар.
Каламушлар билан ўтказилган тажриба 14 ҳафта давом этди. Олимлар рационида зайтун ёғи, балиқ ва клетчатка устунлик қилган ҳайвонларда тўртта фойдали ичак бактериялари тури кўпайганини, бешта зарарли тур камайганини кузатди. Мутахассислар Candidatus Saccharimonas туридаги бактериялар кўпайишини когнитив функцияларнинг яхшиланиши билан боғлади. Бироқ Bifidobacterium бактерияларининг юқори даражаси каламушлар лабиринтларда турли тестлардан ўтишида хотира функциясини ёмонлаштиргани аниқланди.
Ўртаер денгизи парҳезидагилар янги маълумотларга мослашиш қобилиятини ҳам энг яхши даражада намойиш этган. Бундан ташқари, ушбу кемирувчиларнинг организмида “ёмон” холестерин (PZLP) даражаси анча паст бўлган.
Тажриба доирасида мутахассислар тахминан 18 яшар инсонларга тенг ёшдаги каламушлардан фойдалангани маълум қилинди. Ўртаер денгизи диетаси когнитив мослашувчанлик, хотира ва ичак саломатлиги учун сезиларли афзалликларни кўрсатди.
“Тадқиқот натижаларимиздан маълум бўлдики, Ўртаер денгизи парҳези ва унинг биологик таъсирларидан ўсмирларнинг ўқув фаолиятини ёки ёшларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш учун фойдаланиш мумкин. Хулосалар ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларга асосланган бўлса-да, улар Ўртаер денгизи парҳезини хотирани яхшилаш ва деменция хавфини камайтириш билан боғлайдиган инсонлар устидаги тадқиқотлар билан ҳамоҳангдир”, — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Деметриус М. Мараганор.
Олимлар таъкидлашича, кузатилган натижаларни тасдиқлаш ва овқатланиш тартиби, ичак бактериялари ҳамда мия фаолияти ўртасидаги мураккаб алоқани чуқурроқ тушуниш учун инсонлар иштирокида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Мавзуга оид
14:22 / 06.01.2025
Супербактериялар сабаб миллионлаб одамлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкин — мутахассис
13:51 / 06.01.2025
Тадқиқот: озиш учун қанча вақт машқ қилиш керак?
10:07 / 06.01.2025
Реимбурсация дастури: Сурункали касалликларга чалинган беморларга бепул дори-дармонлар берилади
14:44 / 04.01.2025