Жамият | 17:30 / 07.01.2025
5968
6 дақиқада ўқилади

Ўз дунёсида яшаётган болалар. Аутизм билан қандай курашиш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича туғилаётган ҳар 100 нафар боланинг биттасида аутизм аниқланади ва охирги йилларда аутизмга чалинган болалар сони ҳар йили 13 фоизга ошмоқда. Аутизм ташхисли болаларнинг ўз дунёси бўлади. Шунинг учун улар жамиятга мослашиши қийин. Лекин уларни бу ҳолида ёлғиз қолдириш касалликнинг янада оғирлашишига сабаб бўлади. Kun.uz Тошкентдаги Нурафшон ўқув маркази билан ҳамкорликда шундай болаларни жамиятга мослаштириш юзасидан йўриқномаларни тақдим этади.

Зарифа Турғунова, Нурафшон ўқув маркази меҳнат ўқитувчиси:

Бугунги ўқувчим 15 ёш, нутқи йўқ. Унда нотўғри хулқ кўплиги сабабли энг кўп меҳнат дарсига жалб қиламиз. Бунда биз визуал карточкалардан фойдаланамиз. Бола бир ишни бошлагандан кейин давомини тушунмайди, шундай пайтда унга карточкалар ёрдамида босқичма-босқич тушунтирамиз.Охирида эса бола энг яхши кўрадиган нарсанинг расмини ёпиштириб қўямиз. Агар бола ҳаммасини яхши бажарса унга ўша расмдаги нарсани бериш керак.

Бу жараён болага уйда, кўчада ўзини яхши тутишига ёрдам беради. Оналар уйда ҳам бу карточкаларни чиқариб кун тартибида фойдаланишлари мумкин. Овқат пишириш, кийим кийиш – ҳаммасида фойдаланса бўлади. Чунки бола оғзаки мулоқотга тушунмайди, унга карточка билан визуал таъсир кўрсатилади. Бора-бора бола ўзи тушуниб, бу ишни мустақил қила бошлайди”.

Аутизм наслдан наслга ўтадиган хасталик эмас, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача номаълум. Бундай болалар ижтимоий ҳаётга мослаша олмайди. Асаб тизимидаги бузилишлар туфайли бола ён-атрофдаги воқеаларга мутлақо бефарқ ёки унинг акси ўлароқ ўта таъсирчан бўлиб қолади. Исмини айтиб чақирганда қарамайди. Онасининг эркалашларига ҳеч қандай эмоция билдирмайди.

Марказ мутахассисларига кўра, бу вазиятда болани кўз қарашлар билан бошқариш мумкин.

Наргиза Самадова Нурафшон ўқув маркази мутахассиси:

Ҳозирги кунда гаджетлар замонида, нафақат ривожланишда камчилиги бор болалар, балки соғлом болалар учун ҳам бу машқлар жудаям керак. Чунки кўз контакти бу – нутқ дегани. Бу машқлар боланинг диққатини жамлашга, онанинг айтганини бажаришга, кўз орқали тушунишга, мумкин-мумкинмас нарсаларга реакция қилишга ёрдам беради. Бу нарса боланинг ҳаёти давомида жудаям муҳим аҳамиятга эга”.

Бундай болаларнинг мияси жуда фаол даражада бўлади. Аммо улар маълумотларни қабул қилишда қийналади. Улар одамларни, овозларни ажрата олмайди. Ёки ўзларига ва ёнидагиларга нисбатан ўта агрессив муносабатда бўлишлари мумкин.

Уларда сезгилар ўзаро боғланмагани туфайли ташқи хавфни ҳис қилмайди. Йўқолиб қолиш ёки йиқилиб тушиш хавфи уларни қўрқитмайди. Ёки истеъмол қилиш мумкин бўлмаган нарсаларни ҳам ейишлари мумкин. Масалан, тош ёки оддий чўпни ҳам. Болага яхши кўрган нарсаларини бериб, уни жавоб қайтаришга, эътибор қаратишга ўргатиш мумкин.

Марказимиз фаолият бошлаганига 10 йил бўлди. 3 та филиамиз бор: Себзор, Беруний ва Юнусобод филиаллари. Шу 10 йил ичида марказга 3000 га яқин ташхисли болалар келган бўлса, уларнинг 60 фоизи ҳозирда соғлом болалар қатори оддий мактаб-боғчаларга боришади. Марказга жуда кўп ташхисли болалар келади, масалан, Даун синдроми, ақлий заифлик, болалар церебрал фалажи, ақлий ва нутқий ривожланишдан ортда қолиш, аутизм, дизартрия ташхиси билан. Биз уларнинг муаммосига қараб ишлаймиз.

Аутизм ташхисли болаларнинг асосий муаммоси – уларнинг овқат емаслигида бўлади. Уларда чайнаш, ютиниш рефлекслари яхши ривожланмаган бўлади. Мен реабилитолог сифатида улар билан иш олиб бораман”, - дейди Нурафшон маркази реабилитологи Феруза Насриддинова.

Унга кўра, шу ҳолатдаги боланинг севимли емаги орқали овқатланиш рефлекси шакллантирилади.

Аутизмга чалинган болалар учун махсус ёндашув ва ғамхўрлик билан уларнинг потенциалини рўёбга чиқариш мумкин. Фақат бу қобилиятни юзага чиқаришда уларга ёрдам керак холос.

Уларнинг ота-оналари қиладиган энг катта хатолардан бири бу – фарзандларини шундайлигича қабул қила олмасликлари. Агар улар борича қабул қилиниб, тўғри ёндашув билан тарбияланса, улардаги яширин иқтидор юзага чиқиши, ҳеч бўлмаганда бошқа болалар каби яшашлари мумкин. Бунинг учун ота-оналардан сабр, эътибор, кўпроқ ғамхўрлик ва мутахассислар танлови талаб қилинади. Ўзбекистонда бундай болалар миқдори ҳақида аниқ статистика топилмади. Аммо биргина Нурафшон марказига келаётган болалар сонидан бу рақамлар анчагина катта эканини билиш мумкин. Марказда шундай болаларга ёрдам бериш мақсадида мунтазам равишда хорижлик мутахассислар иштирокида тренинглар олиб борилади. Унда шифокорлар билан бирга ота-оналар ҳам қатнашади. Чунки болани бу хасталикдан қутқариш учун ҳамма курашиши шарт.

Аутизм синдромидаги болалар орамизда яшайди. Уларнинг яккаланиб қолишига йўл қўймайлик!

Нурафшон ўқув маркази расмий саҳифалари:

Instagram | Telegram

Мурожаат учун: +998974128887

Мавзуга оид