Ромитан тумани ҳокими ўринбосари фирибгарликда айбланмоқда
2024 йил мартидан бери Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азиз Бобоев жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. У акаси билан бирга фирибгарлик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид ишда судланмоқда. Жиноят иши Азиз Бобоев ҳоким ўринбосари ҳисобланган Ромитан туман судида кўриб чиқиляпти.
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида ушбу туман ҳокими ўринбосари Азиз Бобоевга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.
Жадвалга кўра, жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида 2025 йилнинг 7 январ куни Бобоев Азиз Хожиқурбонович ҳамда Бобоев Лазиз Хожиқурбоновичга доир жиноят иши кўриб чиқилади. Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б, в” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 2-қисми “а, б” бандлари ҳамда 3-қисми билан айб эълон қилинган. 3 нафар фуқаро жабрланувчи сифатида кўрсатилган.
Ишнинг тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас.
Бобоев Азиз Хожиқурбонович 1988 йилда Ромитан туманида туғилган. 2011-2022 йилларда “Микрокредитбанк”нинг Ромитан туман филиалида турли лавозимларда фаолият юритган. 2024 йилнинг март ойида Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Бунгача эса Ҳазортут маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.
Мавзуга оид
12:11
“На пулни қайтаради, на машинани беради” – «Umid auto leasing»дан одамлар норози
19:06 / 07.01.2025
Ромитаннинг судланаётган “замҳокими” ишдан олингани маълум бўлди. Аммо бу жамоатчиликдан яширилган
18:25 / 13.12.2024
КХДР фуқаролари АҚШ компанияларига ёлланиб, сохта исмлар ортидан пул топгани маълум бўлди
14:08 / 03.12.2024