Ўзбекистон | 19:06 / 07.01.2025
8822
3 дақиқада ўқилади

Ромитаннинг судланаётган “замҳокими” ишдан олингани маълум бўлди. Аммо бу жамоатчиликдан яширилган

2024 йил мартидан Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азиз Бобоев фирибгарликда айбланиши ортидан 30 октябр куни “ўз аризасига биноан” ишдан олинган. Аммо бу негадир жамоатчиликдан сир тутилган. Ҳатто ҳокимнинг тегишли фармойиши “шахсга доир маълумотлар борлиги” важи билан яшириб қўйилган.

Фото: Ромитан тумани ҳокимлиги

Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Азиз Бобоев 2024 йил 30 октябрда лавозимидан озод қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Ромитан тумани ҳокими У.Барноевнинг фармойиши қабул қилинган.

Ҳужжатда Азиз Бобоев “ўзи аризасига биноан” эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши белгиланган.

Бироқ лавозимга тайинлангани жамоатчиликка овоза қилинган “замҳоким”нинг ишдан бўшатилгани негадир оммадан сир тутилган. Ҳатто уни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги туман ҳокимининг фармойиши ҳам e-qaror.gov.uz платформасида ёпиқ ҳолда берилган. Бунга сабаб сифатида эса ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, амалдаги қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган ахборот мавжудлиги келтирилган.

Бошқа ходимлар вазифасидан озод этилганда ҳокимликнинг “шахсга доир маълумот борлиги” важи негадир “ишламаган”.

Бир хил мазмундаги икки фармойиш: судланаётган туман ҳокими ўринбосариники ёпиқ, котибники эса очиқ ҳолда эълон қилинган.

Ҳолат юзасидан Ромитан тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, Азиз Бобоевга ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган даври учун жиноят иши қўзғатилган.

“2024 йил март ойида Азиз Бобоев Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бироқ 2024 йил 30 октябр куни Азиз Бобоев ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди томонидан Азиз Бобоев 2022-2024 йилнинг март ойи мобайнида Ҳазортут маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб борган даври учун эълон қилинган айблов иши бўйича унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Бундан англашиладики, Азиз Бобоев Ромитан тумани ҳокими ўринбосари сифатида эмас, балки бундан аввалги фаолиятидаги қилмишлари учун айбланмоқда”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Аммо ҳокимлик ўз расмий муносабатида Азиз Бобоевнинг лавозимдан озод этилиши ҳақидаги ҳоким фармойиши нега жамоатчиликдан яширилганлигини очиқламаган.

Аввалроқ Ромитан тумани ҳокими ўринбосари Азиз Бобоев акаси Лазиз Бобоев билан бирга фирибгарлик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид ишда судланаётгани хабар қилинганди. Жиноят иши Азиз Бобоев ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаган Ромитан туман судида кўриб чиқиляпти.

Мавзуга оид