Жаҳон | 16:26 / 08.01.2025
2354
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трампга «сукут учун пул» жиноят иши бўйича ҳукм кечиктирилмайди

Жиноят ишини олиб бораётган судя ҳукмни кечиктириш бўйича берилган даъвони рад қилди. Ҳукм 10 январ куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп билан боғлиқ «сукут учун пул» жиноят ишини олиб бораётган судя унга ҳукм чиқаришни кечиктиришни рад қилди, деб ёзди BBC. Аввалроқ, адвокатлар судядан апелляция шикояти берилгунга қадар ҳукмни кечиктиришни сўраган эди.

Ню-Йорк Олий суди судяси Хуан Мерчан адвокатларнинг «президент дахлсизлиги» ҳақидаги сабабларини рад этди.

Доналд Трампга собиқ актриса Сторми Дэниэлсга «ўз ишқий муносабатлари ҳақида сукут сақлаши учун тўловлар» иши бўйича ҳукм 10 январ куни эълон қилиниши кутилмоқда. «Айбланувчи ҳукм чиқарилишида шахсан ёки виртуал иштирок этишни танлаши мумкин», деди судя. Шу билан бирга, судя унга нисбатан қамоқ жазоси, жарима ёки синов муддати тайинламайди.

Трампнинг адвокатлари аввалроқ жиноят ишини рад этиш ҳақида ариза берган эди. Аммо судя Мерчан «бундай қарор қонун устуворлигига путур етказади», деди.

Мавзуга оид