Калифорнияда даҳшатли ўрмон ёнғинлари — фотосуратлар
Бен Аффлек ва Камала Ҳаррис яшайдиган Пасифик-Палисейдс шаҳри хавф остида. Ёнғин турар жойларни ўз домига тортмоқда, ўн минглаб кишилар оловдан қочмоқда, фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган.
Калифорния ҳукумати Лос-Анжелес ғарбидаги бир неча туманни қамраб олган ўрмон ёнғинлари туфайли фавқулодда ҳолат режими эълон қилди. Аҳолига эвакуация бўлиш буюрилган.
Ёнғин 7 январ куни Санта-Моника ва Малибу оралиғида, соҳилдаги Пасифик-Палисейдс ҳудудида бошланган. Унинг майдони 1182 гектарни ташкил этмоқда. Олов турар жойларни яксон қилмоқда, ўтни ўчириш учун вертолётлар жалб этилган.
30 мингга яқин киши эвакуация қилиниши кўзда тутилган. Йўлларда тирбандликлар юзага келган, шу туфайли айримлар автомобилларини қолдириб, ҳудудни пиёда тарк этмоқда. Олов йўлларгача чиққани туфайли одамлар пляжда жон сақламоқда.
Маҳаллий расмийлар матбуот анжуманида 10 мингга яқин уй хавф остида эканини маълум қилган.
Пасифик-Палисейдс ҳудудида Ҳолливуднинг бир неча юлдузлари яшайди, масалан, Бен Аффлекнинг уйи шу ерда жойлашган. NBC News хабарига кўра, ёнғин туфайли АҚШ вице-президенти Камала Ҳарриснинг қароргоҳи ҳам эвакуация зонасида қолган. Актёр Жеймс Вудс олов ичида қолган ҳудуддан эвакуация жараёни акс этган видеони эълон қилган.
Лос-Анжелес ўт ўчириш хизмати раҳбари Кристин Кроули эвакуация шошилинч ва тартибсиз олиб борилганига қарамай, табиий офатдан жароҳатланганлар йўқлигини билдирган.
Калифорния штати губернатори Гэвин Нюсом кўплаб бинолар аллақачон олов домида қолганини айтган. Калифорния жанубидаги бошқа ҳудудларига ҳам янги ёнғин ўчоқлари пайдо бўлиши хавфи туфайли ўт ўчирувчилар жойлаштирилган.
Калифорниянинг бошқа қисмида, Лос-Анжелесдан 50 километр масофада яна бир ёнғин ўчоғи юзага келган, олов 160 гектар ҳудудни қамраб олган. Лос-Анжелес округида 96 000 киши электр таъминотидан узилган.
Ёнғин туфайли АҚШ президенти Жо Байден Калифорнияга ташрифини бекор қилган, у бу ерда иккита янги миллий ёдгорликни барпо этиш маросимида иштирок этишни режалаштирганди. «Мен Пасифик-Палисейдсдаги даҳшатли ёнғинни бартараф этиш учун зарур бўлган ҳар қандай федерал ёрдамни таклиф қилдим», — деган Байден.
Расмийлар ёнғинлар шамол туфайли кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Миллий метеорология хизмати айрим ҳудудларда шамол тезлиги соатига 160 километргача етиши мумкинлигини айтишмоқда.
Юқори даражали хавотирли ҳолат пайшанба куни кечқурунгача сақланиб қолиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
12:54 / 23.12.2024
Тоза ҳаво ва саломатлик учун – Калифорния штати 2035 йилдан фақат электромобиллар сотувига рухсат беради
00:41 / 06.12.2024
АҚШда 7 магнитудали зилзила содир бўлди
22:10 / 28.11.2024
Калифорнияда 540 миллиард долларлик «оқ олтин» захираси топилди
15:31 / 14.10.2024