Жаҳон | 18:36 / 09.01.2025
1937
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва россиялик олимлар кўча зўравонлигини аниқловчи нейрон тармоқ яратди

Технология кўчада содир бўлаётган зўравонлик ҳолатларининг 98 фоизини аниқлай олади.

Фото: ТАСС

Ўзбекистон ва Россия тадқиқотчилари жамоаси видеокузатув камералари маълумотларидан фойдаланган ҳолда кўчадаги зўравонлик ҳаракатларини автоматик аниқлай оладиган нейрон тармоқни ишлаб чиқди. Бу ҳақда тадқиқот олиб борилган Жанубий Урал давлат университетига (ЖУДУ) таяниб, “ТАСС” хабар берди.

Мутахассисларнинг айтишича, кўча видеоназорат камералари жуда катта ҳажмдаги маълумотлар оқимини узатади. Натижада, мавжуд нейрон тармоқларига ҳаддан ташқари босим юкланади, чунки улар асосан бинолар ичидаги камераларга мослаб ишлаб чиқилган. ЖУДУ доценти Вероника Денисович татаристонлик ва ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда янги нейрон тармоғини яратишда кўп маъноли мантиқни қўллади, бу эса ортиқча юкланиш муаммосини муваффақиятли ҳал қилишга имкон берди, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, нейрон тармоғи кўча кузатув камералари қайд этган зўравонлик ҳолатларининг 98 фоиздан кўпроғини аниқлай олади.

Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, ушбу технология шаҳарларда хавфсизликни оширишга йўналтирилган бўлиб, “Ақлли шаҳар” тизимининг таркибий қисмига айланиши мумкин. ЖУДУ мутахассислари технологияни янада самаралироқ видеокузатув тизимларини яратишда қўллаш мумкинлигини айтди.

 

 

Мавзуга оид