Россия ГРУ Афғонистонда АҚШ аскарларини ўлдириш учун толибларга пул тўлаган - ОАВ
Россия ҳарбий разведкаси ГРУ афғон жангчиларига АҚШ ва коалиция қўшинларига қарши терактлар учун камида 30 миллион доллар тўлаган, деб ёзади The Insider ва Der Spiegel суриштирувга асосланиб.
Россия ҳарбий разведкаси (Россия Қуролли кучлари Бош штабининг Бош бошқармаси, собиқ ГРУ) 2021 йилнинг ўрталаригача Афғонистонда жойлашган халқаро коалиция қўшинлари ҳарбийларини ўлдириш учун Афғонистондаги гуруҳларга йиллар давомида пул тўлаб келган. Бу ҳақда The Insider ва Германиянинг Der Spiegel журнали 8 январ, чоршанба куни чоп этган суриштирувда айтилади.
Афғонистон ҳукуматининг собиқ амалдорлари, жумладан Миллий хавфсизлик бошқармасидан бўлганлар журналистларга АҚШ ва коалиция аскарларига ҳужумлар 2016-2019 йилларда содир бўлганини айтди. Нашрларнинг ёзишича, ҳар бир ҳалок бўлган аскар учун мукофот жами 200 минг долларни ташкил этган, ГРУ эса "Толибон"га камида 30 миллион доллар тўлаган.
Суриштирув маълумотларига кўра, пулларни қундузлик собиқ контрабандачи Раҳматулла Азизий бошчилигидаги курерлар олиб ўтган. Журналистлар Азизий 2019 йилдан бери Москвада яшаётганини ва Раҳим Аҳмадов номига берилган Россия паспортига эга эканлигини аниқлади. Бу ҳужжатнинг рақами Солсберида собиқ агент Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлияни "Новичок" моддаси билан заҳарлаган Анатолий Чепига (Руслан Боширов) паспорт рақамидан бор-йўғи икки рақамга фарқ қилади.
Афғон курерларига Россиядан бошпана берилди
«Россия разведка хизматлари «Толибон» жангчилари ва бошқа гуруҳларга пул ўтказиш учун қимматбаҳо тошлар савдоси билан шуғулланувчи компания сифатида кўринган афғон курерлари тармоғини сақлашган. Ўз миссиясини якунлаб, курерлар Россия ҳужжатлари ва Россиядан бошпана олишди», деб ёзади The Insider. Нашрнинг ёзишича, афғон жангариларининг россиялик кураторлари «Скрипални заҳарлаш ва Европада қўпорувчилик қилиш билан танилган» 29155-ҳарбий қисм офицерлари бўлган. Суриштирувчиларнинг айтишича, терроризмни молиялаштириш дастури раҳбари 29155-бўлинма командири ўринбосари генерал-лейтенант Иван Касяненко, ГРУнинг Толибон билан асосий алоқаси эса Алексей Титов номидаги паспорт билан парвоз қиладиган полковник Алексей Архиповдир.
Суриштирув маълумотларига кўра, курерлик тармоғидаги баъзи афғонлар қочқинлар ниқоби остида Европа Иттифоқига киришган. Der Spiegel нашрига кўра, улардан камида икки нафари Германиядан бошпана сўраб мурожаат қилган ва уларга рад жавоби берилган, бироқ улар мамлакатда яшашни давом эттирмоқда.
The Insider томонидан аниқланган маълумотларга кўра, «Россиянинг турли исёнчи гуруҳларни марказий ҳукумат ва Америка тузумига қарши қўзғатиш дастури "Толибон"га пул тўлаш дастуридан кўра анча узоқроқ давом этган».
Мавзуга оид
23:55 / 04.01.2025
Геосиёсий ҳафта таҳлили: газ транзитини тўхтатган Украина, Россиядан норози Озарбойжон ва танлов қаршисидаги Сурия
21:23 / 28.12.2024
Покистон-Афғонистон чегарасида жанглар бошланди
19:50 / 28.12.2024
Ўзбекистонлик шифокорлар Афғонистонда 1300 нафардан зиёд инсонларни бепул тиббий кўрикдан ўтказди.
17:13 / 25.12.2024