Жаҳон | 16:04
2700
8 дақиқада ўқилади

Ғазода зарба қурбони бўлган чақалоқлар, ҳибсга олинмайдиган Нетаняҳу ва портларни тарк этган Россия ҳарбий кемалари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторидаги Дайр ул-Балаҳ шаҳрига уюштирган авиаҳужумлари оқибатида камида 9 киши, жумладан, 4 чақалоқ ва 2 аёл ҳалок бўлди. Қурбонларнинг энг кичиги туғилганига атиги бир ҳафта бўлган.

Жабрланувчилар ва ҳалок бўлганлар «Ал-Ақсо шаҳидлари» шифохонасига етказилди. Шифокорларнинг маълум қилишича, Ғазодаги Бурайж қочқинлар лагеридаги ҳаво ҳужумларидан жабрланганлар ҳам шу шифохонага олиб келинган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроилнинг 2023 йил 7 октябрда бошланган кенг кўламли ҳужумлари давомида секторда ҳалок бўлганлар сони 45 минг 936 нафарга етган, улардан 17 минг 800 нафари болалар, 12 минг 300 нафари аёллардир.

Шу пайтгача жароҳатланганлар сони қарийб 110 минг кишига етган.

Бойкотнинг натижаси

Туркияда KFC ва Pizza Hut брендлари бойкот сабаб катта молиявий йўқотишларга учраб, 537 та филиалини ёпишга қарор қилди.

Ушбу брендлар эгаси бўлган Американинг Yum! Brands компанияси турк франчайзи İş Holding ўз мажбуриятларини бажармаганини маълум қилди.

Компания ҳозирда икки йўлни кўриб чиқмоқда: янги ҳамкор топиш ёки Туркия бозоридан бутунлай чиқиб кетиш.

Бойкот сабаблари сифатида KFC ва Pizza Hut’га Исроилнинг фаластинликларга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда айбловлар қўйилгани кўрсатилмоқда.

Нетаняҳу ҳибсга олинмайди

Полша бош вазири Дональд Туск Освенцим концлагери озод қилинганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун келган тақдирда, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳибсга олинмаслигини маълум қилди.

Мазкур баёнот, Халқаро жиноят судининг Бинямин Нетаняҳу ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга қарши инсонпарварликка қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар учун ордер чиқарганига қарамай берилди.

Польша 2001 йилдан буён ХЖС аъзоси бўлиб, қоидаларга кўра, халқаро қидирувдаги шахсларни ҳибсга олиш ва топшириш мажбуриятига эга.

Бу орада АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 243 овоз билан Халқаро жиноят судига қарши санкциялар тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қарор Нетаняҳунинг ҳибсга олинишига чиқарилган ордерни бекор қилишга қаратилган.

Сурия санкцияларни ечишни сўради

Суриянинг янги ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги АҚШга мурожаат қилиб, мамлакатда барқарорлик ва тараққиётга эришиш учун санкцияларни тўлиқ бекор қилишни талаб қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Башар Асад режимига қарши қўйилган санкциялар уни ағдаришдан сўнг ўз аҳамиятини йўқотгани таъкидланди. Ушбу санкциялар энди фақат Сурия халқига зарар етказмоқда.

Шунингдек, баёнотда АҚШнинг санкцияларни вақтинчалик юмшатиш қароридан қониқиш билдирилган. Мазкур чора жароҳатланган Сурияга инсонпарварлик ёрдамини осонлаштириш мақсадида энергетика ва молия соҳаларидаги айрим операцияларга олти ойлик имтиёз беришни кўзда тутади.

Украинага ёрдам

2022 йил 24 февралдан буён АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага жами 126 млрд доллардан ортиқ ёрдам ажратган. Бу ҳақда Пентагон расмий вакили Сабрина Сингҳ маълум қилди.

Сингҳнинг таъкидлашича, мазкур ёрдам Россияга қарши ҳимояланиш учун Украинага зарур воситаларни тақдим этишни мақсад қилган.

Шунингдек, Жо Байден маъмурияти Украинага 2 млрд доллардан ортиқ ҳарбий ёрдамни янги президент Дональд Трамп лавозимга киришгунга қадар топширишга улгурмаслиги хабар қилинди.

Украина президенти Владимир Зеленский Германияда бўлиб ўтган «Рамштайн» мулоқот гуруҳининг 25- йиғилишида Россияни тинчликка мажбурлашнинг энг самарали усулларидан бири сифатида Украинага хорижий ҳарбий контингент жойлаштиришни таклиф қилди.

«Келинглар, буни амалга ошириш учун амалий йўлларни кўриб чиқайлик. Биз Буюк Британиянинг ушбу ғояни қўллаб-қувватлаётганига доир сигналларни эшитдик. Биз жасоратли бўлишимиз ва чинакам кучли воситаларни таклиф қилишимиз керак», — деди Зеленский.

У Франциянинг Украинага иттифоқчи қўшинлар жойлаштириш бўйича таклифини эслатиб ўтиб, бу қадам тинчликка яқинлашишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

2024 йил ноябрида Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашда чегараларни чекламасликка чақирган ва Франция қўшинларини Украинага юбориш имкониятини истисно қилмаган эди.

Шунингдек, Украина ҳудудига Ғарб ҳарбийларини жойлаштириш ғояси илк бор 2023 йил февраль ойида Франция президенти Эммануэл Макрон томонидан кўтарилган эди.

Россия флоти ҳайдалмоқда

Украина томони хабарига кўра, Россия Қора ва Азов денгизларидан ҳарбий-денгиз флоти кемаларини олиб чиқиб кетган.

Айни пайтда русларнинг етти ҳарбий кемаси ҳозирда Ўрта Ер денгизида патрул қилишни давом этмоқда.

Украина ҳарбий денгиз кучлари вакили Дмитро Плетенчукнинг таъкидлашича, Россия аннексия қилинган Қримда кемаларини таъмирлашдан воз кечган. Бунга сабаб Украина томонидан амалга оширилган самарали зарбалардир. Севастопол бухтасида «Циклон» кичик ракета кемасининг йўқ қилиниши ва бошқа кемаларга етказилган зарар Россияга кемаларни Қримда таъмирлашни имконсиз қилиб қўйган.

Суриянинг янги ҳукумати ҳам Россия кемасини портга қўймади. Янги ҳукумат Россиянинг «Спарта II» кемасини Тартус портига киритишни рад этган. Кема 5 январдан буён порт яқинида бемақсад сузиб юрибди.

Maxar йўлдош суратлари Россия ҳарбий техникаси ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими радарларининг портда йиғиб қўйилганини кўрсатмоқда. Аммо кемаларга техника юкланмаган.

Россия учун эвакуациянинг ягона йўли — Ҳмеймим авиабазаси бўлиб қолмоқда.

Ливаннинг янги президенти

Ливан парламентидаги овоз бериш натижаларига кўра, Жозеф Аун мамлакатнинг янги президенти бўлди. У бу лавозимга сайланган 14-президент бўлиб, икки йилдан ортиқ давом этган сиёсий инқироздан кейин у давлат раҳбари лавозимига киришмоқда.

Парламент ўтказилган овоз бериш жараёнларининг иккинчи турида Аун номзодини 99 депутат қўллаб-қувватлади.

Ливан қонунчилигига кўра, президент бўлиб сайланиш учун парламентдаги 128 депутатдан камида учдан икки қисми — 86 депутат овози талаб этилади.

Европа томон юз тутган Арманистон

Арманистон ҳукумати Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича қонун лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжатга кўра, Арманистон Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини расман бошлашни эълон қилди.

Бош вазир Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида Арманистоннинг Евроиттифоққа қўшилиш ҳақидаги қарори фақат умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши мумкинлигини таъкидлади.

«Ҳозирги босқичда референдум ўтказишга қарор қабул қилингунга қадар, биз Европа Иттифоқи билан «йўл харитасини» муҳокама қилишимиз ва уни ишлаб чиқишимиз керак», — деди Пашинян.

Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари

AccuWeather халқаро об-ҳаво хизмати Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари сабабли етказилган зарар ва иқтисодий йўқотишларнинг умумий қийматини тахминан 52-57 миллиард долларга баҳолади.

Лос-Анжелес шаҳрида ўрмон ёнғинлари кучли шамол ва қуруқ об-ҳаво шароити туфайли бошланган. Пасифик-Палисейдс ҳудудида 3 минг гектар майдон ёнғин сабаб вайрон бўлди.

Маълумотларга кўра, Пасифик-Палисейдс, Херст, Итон-Каньон ва Вудли ҳудудларидаги ёнғинлар сабаб 2 киши ҳалок бўлган ва бир қанча фуқаро жароҳат олган.

Ёнғин оқибатида Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденнинг ҳам уйи тўлиқ ёниб кетган.

Доналд Трамп Калифорниядаги ёнғинлар билан боғлиқ вазиятни шарҳлаб, Жо Байденни қаттиқ танқид қилди.

«Лос-Анжелесдаги ёнғинлар тарихдаги энг даҳшатлилардан бирига айланиши эҳтимоли бор. Суғурта компаниялари жабрланганларнинг зарарларини қоплай олишидан шубҳаланаман. Бу ҳолат Байденнинг беқарорлиги ва масъулиятсизлигининг яна бир бор исботидир», — деди Трамп.

Ёнғинларни ўчириш учун сув йўқлиги, фавқулодда хизматлар учун маблағ етишмаслигини писанда қилиб, «Байден менга шундай мураккаб мерос қолдирмоқда. Раҳмат, Жо!» — деган Трамп.

Мавзуга оид