Украина бўйича махсус вакил: Трамп Путинга ён босмайди
Доналд Трамп Украинани ҳимоя қилишга интилмоқда, деди Кит Келлог. АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили сайланган президент урушни 100 кун ичида тугатишга қодир, деб ҳисоблайди.
АҚШ сайланган президенти томонидан Украина ва Россия бўйича махсус элчи лавозимига номзоди илгари сурилган Кит Келлогнинг айтишича, Доналд Трамп Кремлга ён босиш ниятида эмас, аксинча, Украинани ҳимоя қилишга интилади. «У ҳақиқатан ҳам Украинани ва унинг суверенитетини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда ва у бу адолатли ва ҳалол эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчи ва буни қайта-қайта айтган», деди Келлог 8 январ, чоршанба куни Fox News телеканалига берган интервюсида Трампнинг бир кун олдин матбуот анжуманидаги нутқини шарҳлар экан.
Келлог Трамп номидан гапиришни истамаганини, чунки у сайланган президент ўз позициясини мустақил билдиришини айтди, бироқ у инаугурациядан сўнг расман ишга киришгач, Трамп жамоасида кўпроқ имкониятлар бўлишини таъкидлади.
«Трамп Украинадаги урушни 100 кун ичида ҳал қилиши мумкин»
Кит Келлога кўра, Доналд Трамп яқин келажакда Украинадаги урушни тугатиш бўйича «мақбул ечим» таклиф қилишга қодир. Махсус вакилнинг фикрича, бу муддат 100 кун этиб белгиланиши мумкин.
Сайловдан кейинги иккинчи матбуот анжуманида Трамп, хусусан, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденни Украинага нисбатан сиёсати учун танқид қилди. Сайланган президентнинг сўзларига кўра, Байден Оқ уй Киевнинг НАТОга қўшилиш эҳтимоли бўйича музокараларда кўп хатоларга йўл қўйган. Трампнинг фикрича, Байден маъмурияти Россияни Украинага ҳужум қилишга ундаган бўлиши мумкин, чунки Кремл Вашингтоннинг қобилиятсизлигини кўрди.
Журналистлар билан суҳбатда Келлог Байденнинг Россия президенти Владимир Путин билан мулоқот қилишдан бош тортганини катта хато деб билишини тасдиқлади.
Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Киевга ташрифини кейинга қолдирди
АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлог Киевга аввалдан режалаштирилган фактларни ўрганиш учун сафарини қолдирди. Бу ҳақда 6 январ куни кечки пайт Reuters Трамп атрофидаги тўрт манбага таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Келлогнинг нафақат Киевга, балки Рим ва Парижга ҳам ташрифи сайланган президентнинг «инаугурациясидан кейингача» қолдирилди. Агентлик манбалари Европага сафарнинг кейинга қолдирилгани сабабларини айтмади. «Келлог ҳам, Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси вакили ҳам изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади», — дейилади Reuters хабарида.
Мавзуга оид
15:22
«Биз бу урушни тугатишимиз керак». Трамп Путин билан учрашувга тайёргарлик ҳақида гапирди
10:35
FT: Трамп жамоаси Украинага нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқмоқда
22:49 / 09.01.2025
Трамп бутун материкни эгалламоқчи: ҳамма ҳайратда
18:44 / 09.01.2025