Украина Россиянинг Ҳарбий-денгиз флоти кемалари Қора денгизни тарк этганини маълум қилди
РФ Ҳарбий-денгиз флоти кемалари Азов ва Қора денгизларни тарк этди. Россиялик сенатор октябр охирларида Украина Қуролли кучларининг ҳужумлари сабаб Қора денгиз флоти «пропискасини ўзгартиришга» мажбур бўлганини тан олганди.
Россия Ҳарбий-денгиз флотининг кемалари Азов ва Қора денгизларни тарк этди, деб хабар бермоқда Украина Ҳарбий-денгиз кучлари. 9 январ соат 06:00 ҳолатига кўра, юқоридаги акваторияларда РФ кемаларига бўлмаган. Ўрта Ер денгизида эса Россиянинг еттита жанговар кемаси ҳаракатини давом эттирмоқда, уларнинг иккитаси «Калибр» қанотли ракеталарини ташувчи ҳисобланади.
8 январ куни Украина Ҳарбий-денгиз кучлари вакили Дмитрий Плетенчук Россия ҳужумлар хавфи туфайли аннексия қилинган Қримдаги флотини таъмирлаш режасидан бутунлай воз кечганини маълум қилди. Унинг эслатишича, Украина Қуролли кучлари Севастопол қўлтиғида кичик ракеталарни ташувчи «Циклон» кемасини йўқ қилган, «Ростов-Дон» сувости кемасига икки марта, Керчдаги «Асколд» кемасига эса бир марта зарба берган. «Ушбу мисоллар россияликларга Қримдан кемаларни таъмирлашда фойдаланиш имконсиз эканини англатмоқда», — деган Плетенчук.
Telegramʼдаги «Кримский ветер» мониторинг канали маълумотларига кўра, Россия ҳамон флотининг қолган қисмини яриморолда УҚК зарбаларидан яширишга уриняпти. Инкермандаги «Вторчермет» причалида бир нечта ҳарбий кема пайқалган — бу ерда одатда фойдаланишдан чиқарилган кемалар сақланади ва металлолом учун бўлакларга бўлинади.
Уруш бошланган вақтда ўз флотига эга бўлмаган Украина ракеталар ва денгиз дронлари ёрдамида Россия Ҳарбий-денгиз флотига тегишли камида 27 та кема ҳамда битта сувости кемасини йўқ қилишга ёки уларга шикаст етказишга муваффақ бўлган. 2022 йил февралда Қора денгизда сузиб юрган 15 та десант кема ва катерларидан ҳозир бештаси қолган.
2023 йил сентябрда УҚК Қора денгиз флотининг Севастополдаги штабига ракета зарбаларини берганди. Бундан ташқари, Змеийний оролини қайтариб олди ва Россия флотининг Қора денгиз шимоли-шарқий қисмидаги «Бойко минораси» кузатув тизимини яксон қилди. «Стратегия XXI» глобалистика маркази ҳарбий дастурлар раҳбари I ранг капитани Павел Лакийчукнинг баҳолашича, ҳужумлар натижасида Қора денгиз флоти жанговар вазифаларни бажариш қобилиятини 75 фозига йўқотган.
Октябр охирларида сенатор Дмитрий Рогозин Қора денгиз флоти «пропискасини ўзгартиришга» мажбур бўлганини тан олганди. Кемалар аввалига Новороссийскка кўчирилган, бироқ кейинчалик ғарбнинг узоқ масофали ракеталари ҳужуми хавфи сабаб у ердан ҳам олиб кетилган.
Украиналиклар Қора денгиз ҳудудида операцияларни ўтказишда Magura V5 ва Sea Baby дронларидан фойдаланмоқда. Sea Baby 850 килограммгача портловчи моддани таший олади. Кўринишидан улар моторли қайиққа ўхшаб кетади, аммо кўзга ташланмаслик учун ўзига хос маскировкага эга. Дронлар АR-кўзойнаклар ёрдамида бошқарилади.
Мавзуга оид
21:02 / 09.01.2025
«Рамштайн»да Украинани 2027 йилгача қўллаб-қувватлаш режалари келишиб олинди
16:16 / 09.01.2025
Канада, Дания ва Панамадагилар Трампнинг ҳудудий даъволари бўйича қандай фикрда?
20:29 / 08.01.2025
«Телеграф»: Зеленский иккинчи муддатга номзодини қўйиш бўйича қарор қабул қилган
19:23 / 08.01.2025