“Автобусга чипта хариди учун янги инфокиосклар тадбиркорлар томонидан ўрнатилади” – Тошшаҳартрансхизмат
Пойтахтда ўрнатиладиган яна 675 та инфокиоск давлат бюджетидан эмас, тадбиркорлар ҳисобидан сотиб олиниб, жойларга ўрнатилиши маълум қилинди. Расмийларга кўра, QR чипталарни 8 мингга яқин нуқтадан сотиб олиш имконияти яратилган.
15 январ куни Тошшартрансхизмат АЖ расмийлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамиятнинг бошқарув раиси биринчи ўринбосари Рустам Шомуродов 675 та инфокиоск Тошкент шаҳри бўйлаб қайси манба ҳисобидан ўрнатилишини айтиб ўтди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, бунда давлат ҳисобидан маблағ сарфланмайди. Масъулият тадбиркор зиммасига юклатилади.
“Шуни айтиш лозимки, [бу бўйича] давлат бир тийин “расход” қилмаяпти. Кечанинг ўзида 2 700 та нуқта [QR чипта сотиладиган жой] Тошкент шаҳри бўйича қўшилди, шундай қилиб Тошкент шаҳри бўйича QR чипталарни сотиб олиш имконияти мавжуд 8 мингта нуқта пайдо бўлди. Ўзи бекатлар 2 600 та бўлса, 8 мингта нуқтада QR чиптани сотиб олса бўлади.
Яна бир нарсани айтиш лозимки, бу ҳозир бўлмаса ҳам, экранда чиққан QR кодни расмга олиб, автобусга ўрнатилган валидаторга кўрсатсангиз, тўлов қабул қилинади.
Муаммолардан келиб чиқиб, АТТО, Paynet ечимларини ишлаб чиқиб, қаттиқ иш олиб боришяпти”, – дейди у.
Қолаверса, анжуманда қатнашган Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов автобусларда нақд пулдан воз кечилиши ортидан муаммолар юзага келиши инобатга олинмаганига ишора қилди.
“Тўғри тушунишингизни истардим, бу янги тизим бўлгани учун биз ҳамма нюансларини кўриб, билолмасдик. Ҳозирги кунда масалалар бўлдики, ёши катта йўловчиларимиз [QR кодли чипаталардан] фойдаланиш имконияти чекланиб қолгани ҳақида кўп эътирозлар келди. Биз бу бўйича офлайн шаклда QR чиптани сотиш ва бу осонроқ бўлишини таъминлаш мақсадида 2 700 та нуқтани очиб юбордик. У ерда қандай саволи бўлса, бериши мумкин бўлади ҳамда ортиқча ҳаракатларсиз [жавобини] олиш имкониятига эга бўлади”, – деди у.
Аввалроқ транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 2025 йил охиригача автобус бекатларида QR-кодли бир марталик қоғоз чипталарни харид қилиш учун 675 дона инфокиоск ҳам ўрнатилишини эълон қилганди.
Вазир “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида пойтахтда айни пайтда 5100 та инфокиоск борлиги, шулардан 769 таси автобус бекатларида ўрнатилганини таъкидлаганди.
Маҳкамовнинг таъкидлашича, 2025 йил 1 февралга қадар Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши, шунингдек, янги дастур қабул қилиниши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
18:27 / 15.01.2025
“Инфокиоскларнинг қайтим бермаслик масаласини ечиш имконсиз” — “Тошшаҳартрансхизмат” раиси ўринбосари
11:57 / 11.01.2025
Автобус бекатларида нақд пулга электрон чипта сотиш инфокиосклари ўрнатилади
12:24 / 08.01.2025
“Жарима чиптасизлар учун” – Тошкент автобусларида йўлкирани нақд пулда тўлайдиганларга жарима солиниши рад этилди
13:10 / 12.12.2024