Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МДҲ давлатлари раҳбарлари 2030 йилгача мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик концепциясини келишиб олди
Ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик очиқ, изчил блокдан ташқари хусусиятга эга ва учинчи давлатларга қарши қаратилмагани таъкидланди.
МДҲ давлатлари раҳбарлари 2030 йилгача мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик концепциясини тасдиқлади. Тегишли қарор Душанба шаҳрида бўлиб ўтган Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди, деб хабар берди ташкилот ижро қўмитаси матбуот хизмати.
«МДҲ давлатларининг устувор йўналишларига мувофиқ, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик очиқ, олдиндан айтиб бўладиган, изчил блокдан ташқари хусусиятга эга ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаган», дейилади хабарда.
Ташкилотга аъзо давлатлар «халқаро тинчлик, минтақавий барқарорлик ва ҳар бир МДҲ давлатининг хавфсиз ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида» ўзаро ишонч чораларини кучайтириш ва тенг ҳуқуқли яхши қўшничилик муносабатларини, жумладан, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ривожлантиришга келишиб олди.
Таъкидланишича, ҳарбий ҳамкорликнинг маънавий асоси 1941-1945 йиллардаги уруш даврида қозонилган ғалабанинг тарихий хотираси, халқларнинг умумий қаҳрамонона ўтмиши ва бунёдкор бугунги кунидир.
Концепцияга кўра, Ҳамдўстлик мамлакатлари ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиради, қўшма истиқболли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқади, «анъанавий ва янги долзарб йўналишларда» ҳамкорлик қилади.
«Қуролли кучларда миллий тузилмаларнинг қўшма ҳарбий мақсадли тизимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Биринчи навбатда, ҳаво ҳужумидан мудофаа ягона тизимини, қўшма алоқа тизимини, радиацион-кимёвий-биологик вазиятни назорат қилиш ва баҳолашнинг ягона тизимини, ягона радиолокацион аниқлаш тизимини, қуролли кучлар учун ягона ҳарбий мақсадли геоахборот тизимини ривожлантиришни таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу миллий қуролли кучларнинг жанговар қобилиятини ва ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик даражасини сезиларли даражада ошириш имконини беради», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
14:24 / 14.03.2026
Хивада «Боқий шаҳар» концепцияси асосида янги ҳудуд барпо этилади
13:33 / 12.03.2026
Молдова ҳукумати мамлакатнинг МДҲдан чиқишини маъқуллади
09:36 / 05.03.2026
Испания АҚШнинг ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги баёнотларини рад этди
08:30 / 20.01.2026