Жамият | 18:00 / 12.12.2025
1711
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда WESP дастури Hamroh, БМТТД ва The Coca-Cola Foundation иштирокида янги ҳамкорлик босқичини амалга оширди

2025 йил 11 декабр куни Тошкентдаги NBU Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган Women Entrepreneurship Support Program (WESP) доирасида Hamroh, БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP) ва The Coca-Cola Foundation янги ҳамкорликни амалга оширди. Ташаббус аёлларга бизнес бошлаш ёки мавжуд бизнес фаолиятини ривожлантириш учун грантлар ажратиш, тренинг ва маслаҳат олиш хизматларини таклиф этади. Тадбирда давлат идоралари вакиллари, халқаро ҳамкорлар, экспертлар ва турли ҳудудлардан келган тадбиркор аёллар иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг ҳозирги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва уларга тўсқинлик қилаётган омиллар муҳокама қилинди. Мутахассислар бошланғич капиталга кириш имконининг чеклангани, бизнес юритиш бўйича етарли кўникма ва ҳуқуқий ёрдам етишмаслиги, шунингдек, бозорга чиқишдаги қийинчиликлар аёллар салоҳиятининг тўлиқ намоён бўлишига тўсқинлик қилаётганини қайд этди. WESP дастури ушбу муаммоларни комплекс ечим сифатида қамраб олади, яъни бизнесни бошлаш учун грантлар ажратади, ўқув дастурларини тақдим этади ҳамда бошланғич бизнес вакиллари учун маслаҳат олиш ва амалий кўмакнинг бирлаштирилган модели орқали аёлларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Дастур доирасида аёллар учун бизнесни бошлаш ёки ривожлантиришга мўлжалланган грантлар, бизнес бошқаруви, молиявий саводхонлик, маркетинг, рақамли кўникмалар бўйича тренинглар Hamroh платформаси орқали тақдим этилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президент администрацияси раҳбари маслаҳатчиси ва Лойиҳа офиси бош координатори Нозимахон Давлетова аёлларни қўллаб-қувватлашнинг давлат сиёсатидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. У иқтисодий фаолиятда аёлларнинг иштирок этиши нафақат ўз ҳаётига, балки жамиятнинг умумий ривожланишига ҳам бевосита таъсир қилишини таъкидлади.

“Бугунги кунда аёлларнинг иқтисодиётга қўшаётган ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Аёллар ўз бизнесини юрита олиши ва иқтисодий қарорлар қабул қилиши жамиятнинг барқарор ривожланиши учун муҳим омилдир. Аёлларга имконият бериш, уларни қўллаб-қувватлаш келажак авлодни етук ва илмли бўлишини таъминлайди. Чунки аёл аввало она, фарзанднинг тарбияси, унинг дунёқараши ва келажакдаги муваффақиятлари онанинг салоҳиятига боғлиқ. Ҳукумат вакили сифатида шуни таъкидламоқчиманки, бугунги кунда давлатимиз аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Халқаро ҳамкорлар билан ишлаш ҳам ана шу устувор йўналишларнинг мантиқий давомидир. Давлатимиз бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, чунки улар нафақат аёллар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши билан бирга, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади”.

Халқаро ҳамкорлар номидан The Coca-Cola Company Uzbekistan бош директори Казумаса Мукаэ дастур аҳамиятини қуйидагича изоҳлади:

“WESP дастуридаги асосий стратегик мақсадимиз аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва уларни бизнес жараёнларига фаол жалб қилишдир. Биз Coca-Cola компаниясида аёлларни иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи деб биламиз. Аёлга ресурс, кўникма ва ишонч берилса, у биргина ўз ҳаётини эмас, балки бутун жамиятдаги ижобий ўзгаришларга туртки бўлиши мумкин”.

У шунингдек, ушбу ташаббус компаниянинг Ўзбекистондаги ижтимоий масъулият сиёсати билан бевосита боғлиқлигини ҳам айтиб ўтди:

“Биз 15 йил давомида таълим, экология, ичимлик суви ва аҳолини қўллаб-қувватлаш йўналишида бир қатор лойиҳаларни амалга оширдик. WESP ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлиб, аёлларга барқарор ва кенг имкониятлар яратишга қаратилган. Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий ўсиши учун зарур экотизимни шакллантиришдир”.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджии хоним WESP дастурининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай деди:

“WESP лойиҳасини ноёб қиладиган жиҳат – бу унинг яхлит ва комплекс ёндашувидир. Ташаббус, айниқса қишлоқ ҳудудлардаги аёлларга тизимли тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам беради. У менторлик дастурлари орқали ёрдам кўрсатиш, тренинглар асосида билим ва кўникмаларни ошириш, қулай шартларда молиялаштириш имкониятини яратиш орқали аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга катта туртки беради. Жорий йил бошида ишга туширилганидан буён дастур доирасида қарийб 800 нафар аёл тренингларда иштирок этди, 100 дан ортиқ тренерлар эса махсус тайёргарликдан ўтказилди”.

Тадбир давомида аёлларнинг реал ҳаётий тажрибаси акс эттирилган ҳужжатли филм намойиш этилди. Филмда аёлларнинг бир неча қийинчиликларни енгиб ўтиши, бизнес юритишдаги илк қадамлар ва уларнинг жамиятга ижобий таъсири ёритилди.

WESP ташаббуси доирасида 2025–2026 йилларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Келгуси режаларда Hamroh платформаси томонидан бепул маслаҳат хизмати имкониятларини кенгайтириш ва аёллар учун барқарор ўқув инфратузилмасини тизимлаштириш ҳам киритилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид