Жаҳон | 07:32 / 12.12.2025
7577
3 дақиқада ўқилади

Сўнгги 25 йилда турмуш даражаси энг тез ўсган мамлакатлар: инфографика

Сўнгги чорак аср жаҳон иқтисодий манзарасини тубдан ўзгартирди: ривожланаётган Осиё мамлакатлари ва Шарқий Европанинг бир қисмида турмуш даражаси кескин ошди.

Киши бошига тўғри келадиган реал ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) ўсаётгани мамлакатлар иқтисодий ишлаб чиқариш ҳажмини ҳар бир инсон ҳиссасида қандай суръатда кўпайтирганини кўрсатади. Бу фаровонлик ўсишининг узоқ муддатли энг ишончли кўрсаткичларидан бири.

Янги инфографика Халқаро валютa жамғармаси маълумотларига таянган ҳолда дунёдаги энг йирик 50 иқтисодиётни 2000 йилдан бери киши бошига реал ЯИМ ўсиши бўйича рейтингда солиштиради ва қаерда турмуш даражаси яхшиланганини кўрсатади. Ҳисоб-китобларда инфляция таъсирини йўққа чиқарадиган доимий нархлар ва турмуш харажатидаги фарқларни юмшатишга имкон берадиган харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича халқаро доллар қўлланади. Бу услублар йиғиндиси валюта тебранишлари ёки нархлар даражасидаги фарқлар билан бузилмаган, фаровонликдаги ҳақиқий ўзгаришларни акс эттиради.

Рўйхат бошида Осиё минтақаси устун: киши бошига реал ЯИМ энг тез ўсган бешта иқтисодиётнинг барчаси шу ерда жойлашган ва Осиё биринчи йигирматаликда 14 та ўринни эгаллайди.

Хитойнинг ўсиши айниқса ажралиб туради: киши бошига реал ЯИМ 2025 йилга келиб 25 035 АҚШ долларига етди, 2000 йилдаги тахминан 4 050 доллардан 518 фоизга ошди. Ветнам (266 фоиз) ва Бангладеш (208 фоиз) ҳам рақобатбардош саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши ва жаҳон савдо тармоқларига чуқурроқ интеграция туфайли жуда таъсирли натижалар кўрсатди. Ҳиндистондаги 235 фоизлик ўсиш эса иқтисодий либераллашув, демографик салоҳият ва хизматлар сектори кенгайишининг таъсирини акс эттиради.

Осиёдаги бу тўртта иқтисодиёт биргаликда 2000 йилдан бери жаҳон ўсиш ва савдо динамикасини кескин ўзгартириб юборди ва XXI асрда жаҳон иқтисодий юксалишига катта улуш қўшди. Россия рейтингда 14-ўринни эгаллаб, киши бошига ЯИМ 109 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, дунёда ЯИМ ҳажми бўйича энг йирик 50 иқтисодиётнинг ҳаммаси ҳам 2000 йилдан бери киши бошига реал ЯИМ ўсишини кўрсата олгани йўқ.

БААда бу кўрсаткич аксинча пасайган — 2000 йилдаги тахминан 99 минг доллардан 2025 йилда 72 386 долларгача. Асосий сабаб – аҳоли сонининг жуда тез ўсиши: 2000 йилда 3,5 миллион киши бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 11,35 миллион нафарга етди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид