Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон намойишларда ҳалок бўлган қарийб 3000 кишининг исмларини эълон қилди
Эрон оммавий норозилик намойишлари вақтида ҳалок бўлганлар ҳақидаги исмлардан иборат дастлабки рўйхатни ошкор қилди. Президент Масъуд Пезешкиён маъмурияти якшанба, 1 феврал куни эълон қилган ҳужжатда 2985 нафар инсон ҳақида маълумот бор, ҳолбуки расмий статистикага кўра қурбонлар умумий сони 3117 кишини ташкил этади.
Фото: MEK/The Media Express/SIP/SIPA
Маъмурият баёнотига кўра, рўйхатда 2986 та исм бор. Бироқ жадвалдаги бир қатор устунлар ном учун ажратилгани сабаб, амалда рўйхатда 2985 нафар ҳалок бўлган шахс ҳақида маълумот келтирилган. Исмлар сонидаги 131 та фарқни ҳокимият бу қурбонларнинг шахси ҳали аниқланмагани билан изоҳлади — уларнинг исмлари кейинроқ эълон қилинади.
Намойишлар 2025 йил декабр охирида Теҳронда бошланган. Илк босқичда улар иқтисодий сабаблар билан қўзғалган. Аммо тез орада норозилик сиёсий тус олиб, бутун мамлакат бўйлаб тарқалган. Режим уларни қаттиққўллик билан бостиришга уринган.
Давлат идоралари, хорижий ОАВ ва гувоҳлар маълумотига кўра, 8 ва 9 январ кечалари энг қонли кунлар бўлган. Фақат шу икки кунда 30 минг нафаргача одам ўлдирилган бўлиши мумкин, деб ёзган Time журнали — у мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигидаги юқори лавозимли ходимларга таянган.
Намойишчиларга нисбатан зўравонликнинг ҳақиқий кўлами ва қурбонлар аниқ сони ҳалигача ноаниқ. Гувоҳлар ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Эрон хавфсизлик кучлари мамлакат бўйлаб намойишчиларга ўқ узганини хабар қилади. Бироқ интернет ва телефон алоқасининг ўчириб қўйилиши, шунингдек воқеаларни ёритиш устидан қатъий давлат назорати маълумотларни мустақил равишда текширишни қийинлаштирмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи 23 январ куни намойишлар давомида ҳалок бўлганлар умумий сони 3117 киши эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, улар орасида 2427 нафар тинч аҳоли ва хавфсизлик хизматлари ходимлари бор. Қолган қурбонларни вазир “террорчилар” деб атаган.
Мустақил ҳуқуқ ҳимояси тузилмалари эса бошқа баҳоларни келтирмоқда. АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency (HRANA) агентлиги 31 январ ҳолатига кўра 6713 та ўлимни тасдиқлаганини, яна 17 091 ҳолат бўйича маълумотларни текшираётганини маълум қилди.